АҚШда туғилиш бахти

Маълумки, АҚШ ҳудудида туғилган бола ушбу мамлакат фуқаролигини олиш ҳуқуқига эга. АҚШда “Anchor Babies” деб ном олган бундай гўдаклар ноқонуний иммигрантларнинг фарзандлари бўлиб, амалдаги қонунчиликка кўра, улар АҚШ ҳудудида туғилиши билан ушбу мамлакат фуқароси сифатида қаралади. Улар барча фуқаролар эга бўлган ҳуқуқ ва имтиёзларга эга. Чунончи, уларнинг бепул таълим ва тиббий хизматдан, шунингдек, ижтимоий таъминотдан фойдаланиш ҳуқуқлари кафолатган.

Шуни алоҳида қайд этиш керакки, АҚШ конституциясининг илк нусхасида АҚШда туғилган болаларга фуқаролик бериш кўзда тутилмаган. Бу ҳуқуқ қулликдан озод қилинган афро-америкаликлар учун фуқароликни кафолатлаш мақсадида 1868 йилда конституцияга киритилган 14-тузатиш билан мустаҳкамланган. Унга биноан, АҚШ ҳудудида туғилган шахс, ушбу давлат қонунчилигига мувофиқ, АҚШ фуқароси ҳисобланиши қайд қилинган. Тузатиш хорижликлар болаларига фуқаролик беришни кўзда тутмаган. Бироқ кўпчилик тузатишдаги “қонунчиликка мувофиқ” деган жумла АҚШ ҳудудида туғилган барча шахсларга фуқароликни кафолатлайди, деб ҳисоблашади.

Ушбу ҳуқуқий атама янгитдан вужудга келган АҚШга бевосита дахлдор бўлмаган маҳаллий аҳолига тўғридан-тўғри фуқаролик берилмаслигини кўзда тутарди. Масалан, ҳиндулар қабила қонунларига буйсунишгани туфайли АҚШ фуқаролигидан маҳрум этилган. Бу тартиб АҚШ олий суди томонидан тўхтатилади. Кейинчалик бу таомил АҚШ конгресси 1924 йилда қабул қилган фуқаролик тўғрисидаги қонун билан янада аниқлаштирилиб, Америкада туғилган ҳар бир шахс АҚШ фуқароси ҳисобланиши белгилаб қўйилди.

Хориждан ташриф буюрганлар, эчилар, консуллар ва бошқа дипломатик муассасалар ходимлари АҚШ қонунчилиги таъсири остида бўлмаганлиги боис уларнинг АҚШда туғилган фарзандлари фуқароликка даъвогарлик қилолмайди.

Статистик маълумотларга кўра, АҚШда ҳар йили ўртача 400 минг нафар атрофида ноқонуний иммигрантлар фарзанди дунёга келади. Уларга АҚШ фуқаролигини олиш кафолатланади. Бу болалар 21 ёшга етгандан сўнг ўз қариндошларини АҚШга чақириш ҳуқуқига эга.

Шуни алоҳида қайд этиш керакки, бу конституциявий меъёр устида узоқ йиллар давомида баҳс-мунозара кетади. Айримлар бу меъёр аксарият хорижликларга АҚШга кириш учун шарт-шароит яратиб беради. Айниқса, Мексикадан АҚШда яшаш ва ишлаш ҳуқуқини олиш учун конституциянинг мана шу талабидан фойдаланишга ҳаракат қилаётганлар жуда кўпчиликни ташкил қилади.

Маълумотларга кўра, Америкада туғиладиган ҳар 12 нафар чақалоқнинг биттасининг ота-онаси ноқонуний иммигрантлар ҳисобланади. Уларнинг 75 фоизига яқини мексикаликлардан иборат. Мексикадан ноқонуний йўллар билан Америкага ўтишга интилаётган ҳомиладор аёлларнинг кўплиги, улар турли йўллар билан АҚШ туғуруқхоналаридаги доялар хизматидан фойдаланиш ва шу орқали чақалоқни рўйхатдан ўтказишга ҳаракат қилиши ҳам буни тасдиқлайди. Шу боис ҳам АҚШ конституцияси киритилган 14-тузатишга қарши бўлганлар сафи жуда кўпайиб бормоқда.

Шу ўринда “Anchor Babies” орасидан кўплаб машҳур кишилар чиққанлигини айтиш ўрин. Собиқ АҚШ давлат котиби Коллин Пауэлл, CNNнинг машҳур телебошловчиси Ларри Кинг ва бошқалар шулар жумласидандир.