Бугун машҳур санъаткор Владимир Висоцкийнинг туғилган куни

Бугун машҳур рус шоири, артисти, актёри Владимир Висоцкий таваллуд топганига 74 йил тўлади. Унинг қўшиқлари кўпчилик қатори ўзбекистонлик санъат ихлосмандлари кўнглидан ҳам чуқур жой олган. Хонанданинг ҳаёт йўли, соғлиғи, ахлоқи бугун кўплаб асарларга, киноларга мавзу бўлмоқда.

Хусусан, ўтган йилнинг охирида кинотеатрларда намойиш қилина бошлаган режиссёр Петр Бусловнинг машҳур қўшиқчи, шоир, актер, композитор Владимир Висоцкий ҳақидаги “Борлигинг учун ташаккур” фильми кўпчиликнинг диққат эътиборига тушди. Фильм Владимир Висоцкийнинг Ўзбекистонга, аниқроғи Бухорога уюштирган концерти ва у ерда клиник ўлим ҳолатига тушиши ҳақида боради. Артистнинг ўғли Никита Висоцкий сценарий муаллифи бўлиб, фильм кинотанқидчиларнинг жиддий танқидига учради. Баъзилар эса унга анча юқори баҳо беришди…

Кино трейлери

Ҳали тўлиқ тасдиқланмаган маълумотларга кўра, Бухорода Владимир Висоцкийнинг клиник ўлишининг сабаби ё гиёҳванд моддаси ёки айниган овқат бўлиши мумкин. Бу қанчалик ҳақиқат? Владимир Висоцкий ўшанда Бухорода, ҳақиқатан ҳам, клиник ўлим ҳолатига тушганми?

Бу ҳақда ўшанда Владимир Висоцкийнинг ёнида бўлган админстратор Валерий Янклович хотирлайди: “1979 йили Володяда клиник ўлим бўлган эди. Сал кам эллик градус даражада иссиқ эди. У Бухородаги бозорда қанақадир мазасиз нарсани еб қўяди… Федотов (Владимир Висоцкийнинг врачи) тўғридан-тўғри юрак мускулига укол қилади. Бу унинг ўлимидан роппа-роса бир йил олдин бўлган эди…”.

Бу ахборотни ҳеч ким инкор қилмайди. Балки Владимир Висоцкий қандайдир айниган нарсани егандир. Умуман, одамнинг айниган нарсадан заҳарланиши юракнинг тўхтаб қолишига олиб келиши озгина шубҳали. Валерий Янкловичнинг бошқа бир интервьюсига кўра, “Володя каллаи саҳарлаб бозорга дори излаб тушади. Қаердандир дўхтурлардан оғриқни қолдирадиган ампула топади. Айтишларича, уни тишни суғуриб олаётганда оғриқнинг олдини олиш учун милкка уришар экан. Кейин айниган ош еган. Володя ўзига укол қилади, натижада, ўлишига сал қолади. Федотов уни асраб қолади…”.

Тахминларга кўра, Москвадан олиб келинган гиёҳванд модда тугаб қолиши натижасида Владимир Висоцкий бозордан уни излаб чиққан. Админстратор Владимир Гольдманнинг ёдга олишича, “… Володя ағанаб ётар, клиник ўлим ҳолатида эди. Федотов унинг юрагига укол қилди, юрагини массаж қила бошлади, мен эса унга сунъий нафас бера бошладим. Володя ўзига келди. Маълум бўлишича, бозорга бориб, у ерда айниган ош еган экан…”

Владимир Висоцкийнинг дўхтури Анатолий Федотовнинг хотирлашича, “Владимир Висоцкий, ҳақиқатан, менинг олдимда клиник ўлим ҳолатига тушган. Олдимга Гольдман югуриб келди… “Володянинг аҳволи оғир!”. Хонага кирсам, у борган сари оқариб, бўзариб борарди. Заҳарланганини кўрдим, лекин овқатдан эмас эди… У ўзига декаинни укол қилган экан, буни кейинчалик билганман. Ўшанда у менга “Толя, мени қутқар. Шундагина сени дунёдаги энг зўр дўхтур, деб ҳисоблайман”, дейишга улгурганди.

Дарҳақиқат, Владимир Висоцкийнинг Бухорода клиник ўлим ҳолатига тушганининг сабаби ҳалигача аниқ эмас. Лекин “Борлигинг учун ташаккур” фильми сюжети кўпчиликда катта эътироз туғдирди. Масалан, баъзилар “Владимир Висоцкий ижоди ва ҳаётини ҳурмат қилсанг, яхшиси, кинони кўрмаганинг яхши… Мабодо кўрадиган бўлсанг, фақатгина хафа бўласан, холос”, дея фикр билдиришмоқда. Ўзбекистонлик киноихлосмандлари эса кинодаги кўпгина деталлар у даражада ишончли чиқмаган, деб ҳисоблашади.