Жорж Крол: АҚШда ўзбеклар сони тобора кўпаймоқда

АҚШнинг Ўзбекистондаги фавқулодда ва мухтор элчиси Жорж Крол элчихонада уюштирилган матбуот анжуманида Америкада ўзбеклар сони йилдан-йилга кўпайиб бораётганлигини қайд этди. Элчи жаноблари буни “ўзбекларнинг Американи истило қилиши” деб ҳам баҳолаш мумкин, дея таққослаган.

Элчи жанобларининг қайд этишича, АҚШнинг турли штатларида борган сари кўплаб ўзбеклар кафе ва ресторанлари очилмоқда… “Биз буни олқишлаймиз”, деди Жорж Крол. Дипломат ўзбекистонликлар АҚШга нафақат маданий ва бошқа тажриба алмашиш дастурлари доирасида ташриф буюришмоқда, балки ўзлари ҳам боришмоқда.

Айни чоғда элчи АҚШдан Ўзбекистонга келаётган туристлар сони ниҳоятда камлигини айтиб ўтди. Унинг фикрича, бунга америкаликларда Ўзбекистон ҳақида етарлича ахборотнинг йўқлиги сабаб бўлмоқда. “АҚШда Ўзбекистон ва Тошкент қаерда жойлашгани ҳақида кўп сўрашади”, деди афсус билан у.

Шуни эслатиб ўтиш керак, ҳозирги кунда АҚШда эллик минг нафардан ортиқ этник ўзбеклар истиқомат қилади. Уларнинг аксарият қисми 80-йилларда Афғонистон ва Туркиядан боришган. Шунингдек, 90-йиллардан бошлаб шартнома ёки GreenCard бўйича АҚШга отланаётган ўзбеклар сони муттасил ошиб бормоқда.

Сўнгги 2-3 йил давомида ўртача 4000-5000 киши GreenCard ютиб, АҚШда яшаш ҳуқуқини қўлга киритмоқда. Ҳозирги кунда ўзбеклар асосан Нью-Йорк, Нью-Жерси, Иллинойс, Индиана, Виржиния, Пенсильвания, Флорида ва Калифорния штатларида яшашади.