20 февралнинг беш хабари

Дунёда ҳар куни шу даражада кўп воқеалар содир бўладики, уларнинг қайси бирини ўқишниям, қайси бирига ишонишниям билмайсан киши. “Ватандош” — душанбадан жумагача — куннинг энг муҳим бешта ижтимоий-сиёсий, иқтисодий ҳамда маданий хабарларини бериб боради.

 


 

Тошкентда ер қимирлагандек бўлди

20 февраль куни эрталаб Тошкентда унча кучли бўлмаган зилзила қайд этилди. “Тошкент” сейсмостанциясининг маълум қилишича, ер силкиниши рихтер шкаласи бўйича 2 баллни ташкил қилди. Зилзила эпицентри Қирғизистонда қайд этилиб, у ерда 4,7 баллга етган.


 

 

Эрон Франция ва Буюк Британия компанияларига нефть экспортини тўхтатди

Бу ҳақда мамлакат нефть вазири Алиризо Никзод маълум қилди. Амалдорнинг айтишича, Эрон нефтни янги харидорларга пуллайди. Сўнгги маълумотларга кўра, бу харидорлар Осиё давлатлари бўлиши мумкин. Европа Иттифоқининг январь ойидаги санкцияси билан Эрондан нефть импорт қилишга эмбарго қўйилган бўлиб, 2012 йилнинг ўрталаридан тўлиқ кучга кириши керак эди. Ўз навбатида, расмий Теҳрон бу санкцияга жавобан олдинроқ нефть экспортини тўхтатишини маълум қилди. Эслатиб ўтамиз, Эрон нефтининг бешдан икки қисми айнан Европага экспорт қилинади.


 

 

Ота-онаси “алкаш” бўлса…

АҚШда 7,5 миллион нафар бола ва ўсмирнинг ота-онаси ҳаддан ташқари кўп алкоголь маҳсулотларини истеъмол қилиши аниқланган. Бу ушбу ёшдаги америкаликларнинг 10,5 фоизи деганидир. Энг ачинарлиси, мазкур болаларнинг 1,4 миллион нафарини фақат ё отаси, ё онаси тарбия қилмоқда. Психологлар ота-оналарнинг бундай хулқи болаларда ҳам алкоголь қарамликни юзага келтиришидан огоҳлантиришмоқда. Ҳисоб-китобларга кўра, АҚШ иқтисодиёти ичкиликбозликдан ўртача 220-250 миллиард доллар зарар кўради.


 

 

Швеция: меҳмоннинг иззати битди

Интернет манбаларининг ёзишича, Швецияда қолишни ният қилган бир гуруҳ Ўзбекистон фуқароларини мамлакатга қайтариб юборган. Швеция ҳукуматининг мемҳонларга қилган бундай мулозамати сабаблари ҳозирча аниқ эмас. Тахминларга кўра, Швеция иммиграция хизмати бошпана сўровчилар орасида фирибгарлик, маълумотларни бузиб ёки нотўғри кўрсатиш каби ҳолатлар бўлгани боис ҳам шундай қарорга келган бўлиши мумкин.


 

 

Райҳон: “Биринчи марта концертим онамсиз ўтаяпти…”

Тошкентдаги “Истиқлол” санъат саройида ёшларнинг севимли хонандаси Райҳон концерти бўлиб ўтмоқда. Концерт репертуари анча ранг-баранг бўлиб, унда Озодбек Назарбеков, Сардор Раҳимхон, Улуғбек Раҳматуллаев, Жаҳонгир Позилжонов, Алишер Узоқовлар биргаликда мусиқий композициялар тақдим қилинган. Райҳон концертида оғир бетоблиги учун онаси қатнашмаётганлигини афсус билан айтиб ўтган. Мухлисларнинг фикрича, концерт жуда яхши ўтган.