АҚШ фуқароси билан турмуш қурмоқчи бўлганлар учун


АҚШда яшаш ва ишлаш ҳуқуқини берадиган “Грин карта”ни олишнинг энг осон йўлларидан бири АҚШ фуқароси билан турмуш қуриш ҳисобланади. Бироқ, Америка қонунчилигининг розилигини олиш учун севиб турмуш қуриш талаб этилади. Бунинг учун икки йил давомида янги турмуш қурган оила синовда бўлади. Сиз бу давр оралиғида никоҳингиз ҳақиқийлигини исботлашингиз, яъни ўзингизни эр-хотиндек тутишингиз керак бўлади. Агар буни исботлаб бера олмасангиз, “Грин карта”дан умидни узаверган маъқул.

Шу ўринда никоҳ ҳужжатларини қалбакилаштириш сизга ҳам, АҚШ фуқаросига ҳам катта ташвиш келтиришини айтиб қўйиш лозим. Бундай ҳолатларда АҚШга кириш ҳуқуқидан маҳрум этган ҳолда сизни мамлакатдан чиқариб юборишлари мумкин.

Шуни ёдда тутиш керакки, АҚШ фуқароси билан турмуш қуриш бирданига доимий яшаш ҳуқуқини беради, дегани эмас. Турмуш ўртоғингиз сизнинг “Грин карта” олишингизни ўз бўйнига олиши лозим.

Никоҳ тузилгандан сўнг АҚШ фуқароси ва чет эллик қаллиқ маҳаллий иммиграция идорасига тегишли ҳужжатларни топшириши керак бўлади. Бу ноиммигрант мақомидан иммигрант мақомига ўтиш учун ҳужжат топшириш ҳисобланади. “Грин карта” учун суҳбат ҳам маҳаллий иммиграция идорасида бўлиб ўтади. Одатда бундай суҳбатлар идорага келиб тушган аризларнинг сонига қараб бир ойдан бир йил оралиғида ўтказилиши мумкин.

АҚШ фуқароси хорижлик турмуш ўртоғи учун махсус анкетада иммиграция аризасини тўлдиради. Бу анкета белгиланган миқдордаги тўлов билан бирга маҳаллий иммиграция идорасига топширилади. Анкетада АҚШ фуқароси ва унинг чет эллик турмуш ўртоғи ҳақида маълумотлар жой олади. АҚШда ноқонуний яшаб юрганлар ўз иммиграция мақомларини эр ёки хотин сифатида ўзгартириш учун унчалик кўп миқдорда жарима тўлашмайди.

Турмуш қурмоқчи бўлганлар анкетага қўшимча тарзда фуқаролик, туғилганлик, никоҳ ҳақида гувоҳномаларни тақдим этиши керак бўлади. Агар турмуш қураётганларнинг бирортаси аввал никоҳ қурган бўлса, ажрим гувоҳномасини ёки турмуш ўртоғи қазо қилганини тасдиқловчи ҳужжат кўрсатиши талаб қилинади. Хорижий тилдаги ҳар қандай ҳужжат нотариал тасдиқланган ҳолда таржима қилинган бўлиши керак. Шу билан бирга, бармоқ излари ҳамда иккита тасдиқланган шаклдаги сурат топшириш лозим.

Иммиграция идоралари турмуш қураётган АҚШ фуқаросидан молиявий аҳволи ҳақида маълумот талаб қилади. Бундай ҳужжатлар сирасига махсус анкета, солиқ декларацияси нусхаси, шунингдек, иш жойидан маълумотнома киради. Баъзи идоралар ҳатто ҳужжат топшираётган кундаги тиббий маълумотномани талаб қилади. Бошқаларида эса суҳбатга қадар тиббий кўрикдан ўтиб, маълумотномани суҳбатга олиб боришга ҳам рухсат беришади.

Хорижлик эр ёки хотиннинг болалари

Агар чет эллик куёв ёки келиннинг турмуш қурмаган, 21 ёшга тўлмаган ёки 18 ёшга қадар асраб олинган фарзанди бўлса, АҚШ фуқароси унга ҳам “Грин карта” учун ҳужжатларни расмийлаштириши мумкин. Мабодо унинг фарзанди чет элда бўлса, ота-онасининг иммиграция мақоми ўзгариши билан иммиграция визасини олиш учун мурожаат қилиши мумкин.

Тегишли ариза ва ҳужжатлар топширилганидан сўнг сизни суҳбатга таклиф қилишади. Одатда суҳбатга чақириш муддати ушбу иммиграция идорасидаги мурожаатлар сони билан боғлиқ. Агар сиз суҳбатга қадар тиббий кўрикдан ўтмаган бўлсангиз, иммиграция хизмати томонидан тайинланган шифокордан қисқа муддатли кўрикдан ўтишингизга тўғри келади. Бу кўрикда асосий эътибор сизнинг юқумли касалликларга, чунончи, ОИТС ёки силга чалинмаганлигингизни аниқлашга қаратилади. Ҳомиладор аёллар рентген текштирувидан ўтмасликка ҳаққи бор. Муҳрланган тиббий кўрик натижаларини суҳбатга олиб келасиз. Уни фақат иммиграция хизмати ходими очиши мумкин. Суҳбатгача сиз ишлаш ёки хорижга чиқиш учун рухсат олишингиз мумкин.

Иммиграция идорасидаги суҳбат

Иммиграция идораси ходимининг сиз билан суҳбатда асосий эътибори никоҳингиз муҳаббат орқали содир бўлганми-йўқми, сиз ҳақиқий эр-хотин каби яшаяпсизми-йўқми — шуни аниқлашга қаратилади.

Шу ўринда айрим ҳолатлар, яъни турмуш қураётганларнинг ёши ўртасидаги катта фарқ, бутунлай бошқа-бошқа манзилда яшаши, танишиши биланоқ турмуш қуриши шубҳа уйғотиши мумкинлигини айтиб қўйиш жоиз. Агар иммиграция идораси биргаликдаги ҳаётга шубҳа билан қараса, турмуш қураётганлар алоҳида, бошқа-бошқа хоналарда суҳбатга чақирилиши мумкин. Улар ўз турмушининг икир-чикиригача сўроққа тутилиши мумкин. Одатда эр-хотин биргаликда суҳбатдан ўтади. Бу жараёнга юристни ҳам жалб қилиш мумкин.

Суҳбатда сиз биргаликдаги ҳаётингиз, қанча вақтдан буён бир-бирингизни билишингиз, ўзаро молиявий алоқаларингиз ҳақида батафсил ахборот беришингиз керак бўлади. Агар узоқ муддатдан бери яшаётган бўлсангиз, энг ишончли далил, табиийки, биргаликдаги солиқ декларациянгиз, фарзандингиз туғилганлиги ҳақидаги гувоҳнома ҳисобланади. Болаларни интервьюга олиб келишнинг ҳожати йўқ. Агар аёл киши ҳомиладор бўлса, шифокор тасдиқлаган маълумотноманинг ўзи етарли. Шу билан бирга, никоҳнинг ҳақиқийлигини тасдиқловчи бошқа ҳужжатлар сирасига турмуш қураётганлар номи кўрсатилган ҳолда сотиб ёки ижарага олинган уй, эр-хотиннинг бир манзилдан жўнатган хатлари, шунингдек, ҳайдовчилик гувоҳномаси, суғурта полиси ҳам кириши мумкин.

Сизнинг биргаликдаги молиявий муносабатларингизни тасдиқлайдиган ҳужжатлар ҳам ниҳоятда муҳимдир. Чунончи, биргаликдаги банк ҳисоб-рақами, кредит карталари, суғурта полислари иммиграция офиси ходимини ишонтирувчи муҳим далиллардандир.

Шу билан бир қаторда, танишганлигингизга узоқ муддат бўлганлигини тасдиқловчи ҳужжатлар, шу жумладан, тўйгача бўлган ёзишмалар, тўй ва асал ойи суратлари ҳам керак бўлади. Баъзи ҳолатларда сизни биладиганлар, масалан, қўшнилардан узоқ муддат давомида бирга эканлигингизни тасдиқлайдиган маълумотларни олиш ҳам фойдадан холи бўлмайди.

“Грин-карта” учун интервью, қоида тариқасида, 15 минут давом этади. Лўнда жавоб беришга ҳаракат қилинг, ортиқча маълумотларни беришдан тийилинг. Имтиҳон қилаётган шахс сўраётган ҳужжатларнигина тақдим этинг. Юқорида қайд этилган масалаларда савол бериши мумкин. Масалан, қачон ва қандай танишгансиз, тўйгача қанча муддат бирга юргансиз, бир-биринингизнинг оила-аъзолари ҳақида биласизми ва шунга ўхшаш саволлар берилади. “Грин-карта” олиш учун инглиз тилини билиш талаб қилинмайди. У ёки бу ҳужжат бўлмасагина, муаммо юзага келиши мумкин.

Агар суҳбат муваффақиятли ўтса, сизга ўша заҳоти доимий яшаш мақоми берилади ва паспортингизга олти ойлик штамп қўйилади. Бу штамп ҳужжатларни расмийлаштириш ва бошқа жараёнлар учун хизмат қилади. Бу вақт ичида “Грин карта” олмасангиз, маҳаллий иммиграция идорасида яна штамп қўйдиришингиз мумкин.

Агар сиз суҳбатгача камида икки йил давомида никоҳда бўлсангиз, сизнинг доимий яшаш ҳуқуқингиз “шартсиз” ҳисобланади. Агар бунга икки йил тўлмаган бўлса, сизга “шартли” доимий яшаш ҳуқуқи берилади. “Шартли” “Грин карта” асосида ҳам сиз АҚШда ишлашингиз, яшашингиз, четга сафарга чиқишингиз, ҳатто, ўз яқинларингизга виза ёрдамини беришингиз мумкин. Лекин “шартли” виза олгандан сўнг 21-24 ойларда эр-хотин “шартсиз” “Грин карта” учун ариза топшириши керак бўлади. Агар бу муддат ичида ариза бермасангиз, “Грин карта”дан маҳрум бўласиз.