Пентагон афғон опиумига тўсиқ қўймоқчи

 

АҚШ Конгресси Марказий Осиё мамлакатларига Афғонистондан кириб келаётган ноқонуний гиёҳванд моддалар айланишига қарши курашишда яқиндан ёрдам бериш бўйича Пентагон дастурини молиялаштиришни кўпайтирди. Бу мақсадалар учун 2012 йилда 109,5 миллион АҚШ доллари ажратилади.

Бу ҳақда АҚШ федерал бюджетини атрофлича ўрганиш асосида ca-news.org сайти хабар қилади. Пентагоннинг мазкур дастурини молиялаштириш ўтган йилдагига нисбатан 73,8 фоизга ошган. Шуни алоҳида қайд этиш керакки, ўтган йили ушбу лойиҳа учун 63,1 миллион ажратилган эди.

Жорий йилда Пентагон бюджетдан ажратилган ушбу маблағларнинг 33,6 миллион долларини Қирғизистонга, 27,4 миллион долларини Тожикистонга, 23,8 миллион долларини Туркманистонга, 14,7 миллион долларини Ўзбекистонга ҳамда 9,9 миллион долларини Қозоғистонга йўналтириши кўзда тутилган.

Мутахассисларнинг фикрича, Тожикистон, Қирғизистон ва Туркманистонга ажратилаётган маблағларнинг кўплиги ушбу мамлакатларда чегара-пост хизматларининг етарли даражада мустаҳкам эмаслиги ва мазкур молиявий кўмакка катта эҳтиёж борлиги билан бевосита боғлиқдир.

Давлат бюджетининг “хорижий мамлакатларда гиёҳванд моддаларни қўлга тушириш ва наркотрафикка қарши курашишда фавқулодда операцияларни амалга ошириш бўйича фаолият харажатлари” пунктида, яна шунингдек, Афғонистон, Покистон ва Марказий Осиё давлатларида ноқонуний гиёҳванд моддалар олди-бердисининг олдини олиш мақсадида АҚШ мудофаа вазирлигига 456,5 миллион АҚШ доллари ажратилган.

Шуни алоҳида қайд этиш керак, АҚШда мамлакат қарзининг ҳаддан ташқари кўпайиб бораётгани, қолаверса, давлат бюджетида тақчиллик боис Барак Обама маъмурияти ва Конгресс ўртасидаги асабий муносабатларга қарамай, парламент ҳукумат томонидан бу йўналишда сўралган маблағларни бир чақага ҳам қисқартирмасликка қарор қилган. Бу маблағлар 2012 йил молиявий йилида, яъни 30 сентябрга қадар сарф қилинади.

АҚШ давлат котибининг Жанубий ва Марказий Осиё масалалари бўйича ёрдамчиси Роберт Блейкнинг Жон Хопкинс университетида Марказий Осиё ва Кавказ институти томонидан ўтказилган форумда қилган маърузасида (Маъруза АҚШнинг Ўзбекистондаги элчихонаси расмий веб-сайтида ҳам чоп этилган) Обама маъмуриятининг Марказий Осиёга нисбатан сиёсатида минтақадаги ноқонуний гиёҳвандликка қарши курашиш муҳим аҳамият касб этиши қайд этилган.

“Марказий Осиё давлатлари ўртасидаги интеграция жараёнларини чуқурлаштириш ҳамда иқтисодий тараққиётни кучайтириш минтақадаги бир қатор муаммоларни ҳал этишда ниҳоятда зарурдир. Ана шундай муаммолардан бири ноқонуний гиёҳванд моддалар оқимидир. Негаки, бу оғу Марказий Осиё давлатлари орқали Россия ва Хитойга ўтмоқда.  Биз Афғон ҳукумати билан мамлакат ҳудудида етиштирилаётган гиёҳванд моддалар муаммосини ҳал қилиш борасида изчил иш олиб бориб, Марказий Осиёдаги шерикларимиз билан чегараларни янада мустаҳкамлаш, порахўрлик даражасини камайтириш, шунингдек, афғон гиёҳванд моддаларининг бошқа ҳудудларга тарқалишининг олдини олиш мақсадида ахборот алмашишни йўлга қўйиш бўйича ҳамкорлик алоқаларини кенгайтираяпмиз”, деб алоҳида қайд этди Роберт Блейк.

Шу ўринда БМТнинг гиёҳванд моддалар ва жиноятчилик бўйича бошқармаси томонидан 2011 йилда Афғонистонда опиумни тайёрлаш 61 фоизга кўпайганини маълум қилганини айтиб ўтиш жоиз. Дунёда опиум моддасининг қарийб 90 фоиз Афғонистонда етиштирилмоқда, дейилади бошқарма томонидан чиқарилган ҳисоботда.