Улуғбек Қодиров ўз айбини тан олди

АҚШ президенти ҳаётига суиқасд қилишга таҳдид қилганликда айбланаётган ўзбекистонлик Улуғбек Қодиров ўз айбларини тан олган.

Терговчилар Улуғбек Қодиров Обама ҳаётига суиқасд қилишни мақсад қилиб, бу йўлда террорчилар билан мулоқотга чиққанлигини қайд этишган. The Washington Post газетасининг ёзишича, Улуғбек Барак Обама 2012 йилги президент сайлови кампанияси туфайли жамоатчилик билан кўпроқ учрашиши натижасида юзага келадиган имкониятдан фойдаланиб уни ўлдириши ҳақида муҳокама қилган. Улуғбек буларни судья Абдул К. Каллун ҳузуридаги эшитув вақтида тан олган.

Айбланувчи адвокати Лэнс Белнинг таъкидлашича, у ўз айбини бўйнига олгани учун умрбод қамоқ жазосидан қутилиб қолган. Ҳозирда унга 30 йилгача озодликдан маҳрум этиш жазоси тайинланиши мумкин. Адвокат эса бу муддат ярмига қисқаришига умид қилмоқда. Судьянинг айтишича, Қодиров қамоқдан чиққач, депортация қилиниши мумкин.

Улуғбек Қодиров учта айблов бўйича, яъни президентни ўлдиришга таҳдид қилганлик, қуролга эгалик қилганлик, шунингдек, террорчиларни моддий қўллаб-қувватлашни амалга ошириш бўйича айбларини ўз бўйнига олган. Қолган 4 та айблов тергов билан келишувга биноан ҳаракатдан тўхтатилган.

Associated Press ахборот агентлиги мухбирининг ёзишича, кўпчилик мусулмонлар Қодировнинг бу хатти-ҳаракатларидан ҳайрон қолишган. Хусусан, Бирмингам ислом жамияти президенти Ашфақ Тавфиқ “Мен бунга ишонишни ҳам истамайман. Чунки уни яхши билардим. У мачитга қатнаб юрарди. Хатти-ҳаракатларидан, сўзларидан ҳеч қанақа радикал муносабатда эканлигини намойиш этмасди”, деб айтган.

Тергов ҳужжатларига кўра, Улуғбек Қодиров 2011 йилнинг июлида “Амир” деган шахс билан мулоқот ўрнатган. Унинг айтишича, “Амир” АҚШ томонидан террорчи гуруҳлар рўйхатига киритилган Ўзбекистон исломий ҳаракатига бевосита алоқадор шахс бўлган. Хавфсизлик хизмати “Амир”нинг шахсини аниқлай олишмаган. Айнан унинг ташаббуси билан Улуғбекда президент Обамани ўлдириш ғоя туғилади.

Адвокатнинг сўзларига қараганда, Улуғбек Қодиров ўз хатти-ҳаракатларидан пушаймон бўлиб, бунинг учун жавобгарликни қабул қилган. Маълумотларга кўра, бу борада суд ҳукми май ойида эълон қилинади.