АҚШнинг Ўзбекистондаги Фавқулодда ва Мухтор элчиси Жорж Крол билан “Ватандош” газетасининг суҳбати

Бугун кўпчилик ҳамюртларимиз Ўзбекистон ва АҚШ ўртасидаги ҳамкорлик алоқалари изчил ривож топиб бораётганига гувоҳ бўлиб туришибди. Бу ҳамкорлик нафақат икки мамлакат сиёсатчилари, балки халқаро ҳамжамият томонидан эътироф этилмоқда. Ҳамкорлик алоқалари ўрнатилганидан бери икки мамлакат ўртасида ўзаро алоқаларда етарли даражада бой тажриба тўпланиб, айниқса, дипломатик алоқаларнинг йигирма йиллиги нишонланиши икки давлат ўртасидаги алоқаларни кучайтиришда муҳим аҳамият касб этмоқда. Икки мамлакат ўртасида сиёсий, иқтисодий, гуманитар, ҳарбий соҳаларда ўзаро ҳамкорлик алоқаларининг янги ва юқори сифатга чиқишида 2002 йил март ойида имзоланган Стратегик шериклик ва ҳамкорлик асослари тўғрисидаги декларациянинг, шунингдек, 60 дан ортиқ ҳукуматлараро ва идоралараро келишувларнинг аҳамияти ниҳоятда каттадир.

Икки давлат раҳбарларининг 2010 йил апрель ва 2011 йил июнь ойларидаги шахсий мактуб алмашуви, АҚШ Давлат котиби Ҳиллари Клинтон хонимнинг 2010 йил декабрь ойида Тошкентга ташрифи, республика раҳбариятининг АҚШ миллий хавфсизлик масалалари бўйича маслаҳатчи ўринбосари Денис Макдоноу, сенатор Линдсей Греҳэм, АҚШнинг Афғонистон ва Покистон бўйича махсус вакили, элчи Марк Гроссман билан учрашувлар бўлиб ўтди.

Икки мамлакат раҳбарларининг 2011 йил 28 сентябридаги телефон орқали мулоқоти АҚШ ва Ўзбекистон ўртасидаги ҳамкорлик алоқаларини янги босқичга олиб чиқишда муҳим аҳамият касб этади.
Ўзбекистон ва АҚШ ўртасида дипломатия муносабатлари ўрнатилганининг йигирма йиллиги муносабати билан АҚШ Конгресси Вакиллар палатасидаги Марказий Осиё бўйича гуруҳ (Кокус) ҳамраиси, конгрессмен Эни Фалеомаваега расмий баёнот берди. Баёнотда қайд этилишича, 1992 йил 19 февралда АҚШ ва Ўзбекистон ўртасида дипломатия муносабатлари ўрнатилган пайтда мамлакат қайта тикланиб, ўз суверенитетини қўлга киритган республика сифатида кўп асрлик ўтмишга эга бўлгани ҳолда, мустақилликнинг дастлабки йилларида кўпгина қийинчиликларга дуч келган. Э. Фалеомаваега ўз баёнотида Ўзбекистон ва АҚШ ўртасида минтақавий хавфсизликни таъминлаш, трансмиллий таҳдидларга қарши кураш соҳасида, шунингдек, сиёсий ва иқтисодий маслаҳатлашувларни чуқурлаштириш борасидаги ҳамкорлик юқори даражада эканлигини қайд этди. Конгрессмен Америка Қўшма Штатлари Афғонистонга кўрсатилаётган ёрдам, хусусан, темир йўллар ва кўприклар қурилиши, имтиёзли нархларда электр энергияси етказиб берилаётгани учун Ўзбекистондан алоҳида миннатдор эканлигини, бу эса АҚШ учун жуда муҳимлигини таъкидлади.

АҚШнинг Ўзбекистондаги Фавқулодда ва Мухтор элчиси Жорж А. Крол “Ватандош” газетаси таҳририятига ўз интервьюсини берди.

———————————————————————-
– Ҳурматли элчи жаноблари, аввало, АҚШ ва Ўзбекистон ўртасида дипломатик алоқалар ўрнатилганлигининг йигирма йиллиги муносабати билан интервью беришга розилик берганлигингиз учун ташаккур билдирамиз. Сиз мана шу тарихий сананинг аҳамиятини қандай баҳолаган бўлар эдингиз?

– Йигирма йил тарихан қисқа давр. Умид қиламанки, давлатларимиз ва халқларимиз ўртасидаги ҳамкорлик юз йиллар ўтиб ҳам давом этади. Лекин ушбу қисқа давр ичида минтақавий барқарорлик, хусусан, Афғонистонда тинчликка эришиш, наркотрафикка, одам савдосига қарши курашиш, иқтисодий ўсиш, тараққиёт, савдога кўмаклашиш, соғлом ва демократик жамият шакллантиришда биргаликда иш олиб бориш каби ўзаро манфаатли соҳаларда келажакдаги мустаҳкам ҳамкорлик асос бўлган муҳим натижаларга эришилди.

– АҚШ барча жабҳаларда Ўзбекистоннинг энг муҳим стратегик ҳамкорларидан бўлиб келган ва бўлиб қолади. Сўнгги йилларда АҚШ ва Ўзбекистон ҳамкорлиги қандай муваффақиятларга эришди, деб ўйлайсиз?

– Айтиб ўтганимдек, ўтган йигирма йил давомида ҳамкорликни янада кучайтириш учун мустаҳкам асос яратилди. Мамлакатларимиз ҳукуматлари ўртасида 2002 йилда имзоланган Стратегик шериклик ва ҳамкорлик асослари тўғрисидаги декларация бугунги кундаги алоқаларимиз принципларини белгилашда, шунингдек, истиқболдаги ўзаро саъй-ҳаракатларимизни ишлаб чиқишда долзарб аҳамиятга эгадир. Биз мана шу ҳужжатда ўз аксини топган кўплаб вазифаларни фаол амалга ошириб келаяпмиз. Мамлакатларимиз ўртасида 2010 йилда илмий-техникавий ҳамкорлик тўғрисидаги битим имзоланди. Ҳозирда ушбу битимни амалга ошириш йўлларини излаяпмиз. 2009 йилда ҳар йили ўтказилиб турувчи маслаҳатлашувлар механизми жорий этилди. У ўзаро вазифаларни белгилаб олиш ҳамда эришилган ютуқларни таҳлил қилишга қаратилгандир. Бизнинг ҳуқуқ-тартибот органлари вакиллари ва ҳарбийларимиз тренинг ва тажриба алмашиш орқали самарали ҳамкорликни ривожлантириб бормоқда. Афғонистон масаласида яқиндан маслаҳат олиб бораяпмиз. Жамоатчилик ва қонун чиқарувчи органларимиз ҳам маданият, соғлиқни сақлаш, қонун устуворлигини таъминлашга оид дастур, маслаҳатлашувлар ва бошқа лойиҳаларга фаол жалб қилинган. 2011 йилда биз АҚШ инвестицияси асосида барпо этилган Тошкентдаги “General Motors Powertrain – O‘zbekiston” қўшма корхонаси очилишига гувоҳ бўлдик.  Ушбу лойиҳанинг муваффақияти, умид қиламизки, АҚШ инвестицияси, савдо ва бизнесини янада фаол жалб қилади. Ва табиийки, бу Ўзбекистон янада кўпроқ АҚШ маҳсулотлари ва технологияларини харид қилишга туртки беради.

– АҚШ ва Ўзбекистон алоқалари, айниқса, сўнгги йилларда анча жадаллашди. 2011 йилнинг охирида АҚШ Давлат котиби Ҳиллари Клинтон хоним расмий ташриф билан Ўзбекистонда бўлди. Умуман олиб қараганда, 2011 йил икки мамлакат учун анча самарали ва воқеаларга бой йил бўлди. Турли даражадаги элликдан ортиқ учрашувлар ўтказилди. Ўтган йили имзоланган қайси ҳужжатларни ўта муҳим, деб ҳисоблаган бўлар эдингиз. Бугун АҚШ дипломатияси учун Ўзбекистондаги устувор вазифалар нималардан иборат?

– Мен ишонаманки, ҳукуматларимиз ўртасида етарлича ҳужжатлар имзоланган. Юқорида қайд этилганидек, Стратегик шериклик ва ҳамкорлик асослари тўғрисидаги декларация сингари кўплаб ҳужжатлар борки, биз уларни амалга ошириш учун яна йигирма йил банд бўлсак, ажабмас. Аммо бизнинг ҳамкорлигимиз динамик ҳамкорликдир. Мен ўзаро ҳамкорликнинг янги соҳаларини ҳам алоҳида қайд этган бўлар эдим. Айниқса, туризм, соғлиқни сақлаш, таълим, савдо ва бошқарувда ўзаро алоқаларни кенгайтириш ва ривожлантириш мақсадга мувофиқдир.

– Инвестициявий ҳамкорлик Ўзбекистон ва Америка иқтисодий-савдо ҳамкорлигининг муҳим қисми ҳисобланади. Ўзбекистон АҚШ капиталини минтақага фаол жалб қилишдан манфаатдор. Иқтисодий ҳамкорликнинг истиқболли тармоқлари қайсилар? Фикрингизча, АҚШ инвестициясини Ўзбекистон иқтисодиётига жалб қилишига нима тўсқинлик қилиши мумкин?  

– Аввал қайд этганимдек, қишлоқ хўжалиги ўзаро ҳамкорликда муҳим аҳамият касб этиши мумкин. Мен Фарғона водийсининг ҳосилдор қишлоқ хўжалигини Марказий Калифорния водийсига қиёслаган бўлардим. Зотан, ушбу ҳудуд нафақат АҚШни озиқ-овқат маҳсулотлари билан таъминлаб келмоқда, балки экспортга ҳам йўналтирилмоқда. Технология ва режалаштириш орқали Ўзбекистон ҳам ўзини ҳам таъминлаши, албатта, минтақага қишлоқ хўжалиги маҳсулотлари экспортини кўпайтириши мумкин. Агар Ўзбекистон замонавий сувдан самарали фойдаланиш инфратузилмасини ҳамда транспорт тизимини ривожлантирса, бу ютуқларга эришиш мумкин бўлади. АҚШ бу борада узоқ йиллардан бери етакчи мамлакат бўлиб келади ва ўз тажрибаси билан ўртоқлашишга тайёр. Ўзбекистоннинг транспорт, энергия ишлатиш ва таъминот  тизимларини ривожлантириш Ўзбекистоннинг Марказий Осиё чорраҳасидаги ўта муҳим мавқеини мустаҳкамлашда қўл келади. Бу, айниқса, табиий захираларга бой Марказий Осиёни Жанубий Осиёдаги аҳоли марказлари билан боғлашда асосий омил ҳисобланади. АҚШ ҳам, Ўзбекистон ҳам Осиё бозори ва иқтисодиётлари билан ҳамкорликдан катта фойда кўради. Зеро, бугун “Осиё асри” деб аташ тобора русум бўлиб бормоқда. Бизнес келишувларидаги шаффофлик, қонун устуворлиги, ишончли молиявий тизим ва конвертация масалалари бизнинг бизнес фаолиятмиз ва ҳамкорлигимизда муҳим роль ўйнайди.

– АҚШ ва Ўзбекистоннинг икки томонлама, минтақавий ва халқаро масалалардаги ҳамкорлиги истиқболда қандай давом этади?

– Мен ҳукуматларимиз ва халқларимизнинг эзгу нияти ҳамда ишончи ўзаро алоқаларимизнинг энг қимматли ресурси бўлиб, улар икки томонлама ва халқаро масалаларда ҳамкорлигимизни кенгайтириш, чуқурлаштириш ҳамда ривожлантиришнинг асосини ташкил қилади, деб айтган бўлар эдим. Эзгу ният ва ишонч ресурсларимизни шакллантириш ва кучайтириш бизнинг устувор вазифамиздир. Кучли ва изчил ҳамкорлик ҳамда мулоқот, ҳатто бир тўхтамга келинмаган масала хусусида бўлса-да, ўта муҳимдир. Мен АҚШ ва Ўзбекистон хавфсиз, барқарор, тараққий этган жамият ва халқаро тизимни ривожлантириш бўйича ўхшаш мақсадлар йўлида, уларни амалга ошириш бўйича қарашларимиз қанчалик фарқ қилса-да, фаолият юритишига ишонаман. Бу мамлакатлар, ҳатто ҳамкорлар ўртасида ҳам табиийдир. Ўзаро ҳурмат ва тушунишнинг асосий принципларига суянилса, биз ҳар доим бир-биримиздан ўрганиб бораверамиз.

– Ҳурматли элчи жаноблари! Нью-Йоркдаги ўзбек тилида нашр этиладиган “Ватандош” газетаси таҳририяти жамоаси сизга мазмунли суҳбатингиз учун раҳмат айтади. Ўзбекистон ва АҚШ дипломатик алоқаларининг йигирма йиллиги муносабати билан Америкада яшаётган ўзбекларга тилагингиз.

– АҚШнинг ўз мустақиллиги, тарихи, менинг юртим каби келажагига ишонч билан қараётган Ўзбекистондаги элчиси бўлиш мен учун шараф. Мен барчани – америкаликларни, Ўзбекистонда ва АҚШда яшаётган ўзбекларни, мамлакатларимиз ўртасида кучли ҳамкорлик алоқаларини ўрнатишга ўз ҳиссасини қўшган дипломатлар, ҳарбийлар, олимлар, бизнес доира вакилларини чин юракдан табриклайман. Мен, айниқса, ёш америкаликлар ва ўзбекларни алоҳида табриклашни истардим. Зотан, улар биз ва аждодларимиз барпо этган алоқаларни янада ривожлантириш устида иш олиб бормоқда. Барчамизга бундай юбилейларни бугунгидек умид ва ишонч билан нишонлаш яна кўп марта насиб қилсин!

Мавлон ШУКУРЗОДА,
“Ватандош” газетаси бош муҳаррири ўринбосари.