Заҳириддин Муҳаммад Бобур: “Андоқ шеър айтқондин айтмағон яхшироқдур”

Бугун Ўзбек мумтоз адабиётининг етук дарғаларидан бири, Ҳиндистонда Бобурий салтанатига асос солган Заҳириддин Муҳаммад Бобур таваллуд топган кун. Биз қуйида улуғ шоир ижоди ҳақида ижодкорлар мулоҳазаларини, унинг миллионлаб қалбларни титратган ғазал ва рубоийларини ҳавола этамиз.

Фироқ ва соғинч достони

Темурийзода султонлардан бири, улуғ шоир ва давлат арбоби, йирик саркарда ва беназир тарихнавис Заҳириддин Муҳаммад Бобурнинг ҳаёти ва ижоди давру замонлар ўтгани сайин неча авлод ижодкорларини қизиқтириб келмоқда ва бундан буён ҳам шундоқ бўлмоғи муқаррар. “Шоирлиги шоҳлигидан, шоҳлиги шоирлигидан улуғ” ҳазрати Бобур қисқа бўлса-да, нечоғли зиддият ва қарама-қаршиликлар, матонат ва жасоратларга бой сертаҳлика ва сермазмун ҳаёт йўлини босиб ўтгани ўқувчиларга яхши маълум. Вақт ўтгани сари улуғ аждодимиздан қолган улкан ижодий мероснинг қадр-қиммати янада залвор ва салмоқ касб этмоқда. Аслида, “Темурийзода султон Заҳириддин Муҳаммад Бобур” дейилишининг ўзидаёқ ҳамма гап айтиб бўлингандай, шу мақом ва ном тилга олиниши биланоқ бошқа сўз ва изоҳга ўрин йўқдай.
…Мактабда ўқиб юрган паллаларимиздан бошлаб, қирқ йиллардан буён дилда яшаб, хотирда янграб келаётган ўтли-ҳасратли сатрлар: “Ҳар кимки вафо қилса вафо топқусидур, Ҳар кимки жафо қилса жафо топқусидур”, “Яхшилиғ аҳли жаҳонда истама Бобур киби, Ким кўрубдур, эй кўнгул, аҳли жаҳондин яхшилиғ.” Ва, албатта, абадиятга рақамланган бу оҳлар, аламлар: “Юз оҳ, Заҳириддин Муҳаммад Бобур…”, “Ўз юртни қўйиб, Ҳинд сори юзландим, Ё Раб, нетайин, не юз қаролиғ бўлди?!”, “Хазон яфроғи янглиғ гул юзунг ҳажрида сарғардим”. Ёки: “Менинг кўнглумки гулнинг ғунчасидек таҳ-батаҳ қондур, Агар юз минг баҳор ўлса, очилмоғи не имкондур”.

“Бобурнома”ни ўқиб, Бобурни ўқиб амин бўлганимиз: йўқ, юз оҳ эмас – юз минг-юз минг оҳу зор, юз минг-юз минг соғинчу фироқдан тузилган экан бу умр, юз минг эмас – юз минг узра яна юз минг баҳор келса ҳам мангу мунглуғ бу кўнгилнинг очилмоғига деярли имкон йўқ экан.
Устоз адиблар мактаби ва тажрибасидан ўрганган ҳолда, бурч ва ҳавас тақозоси юзасидан мен ҳам бир қаламкаш сифатида Бобур бобо ижодига мурожаат қилмоққа журъат этдим. Ва бу – ниҳоятда қисқа, аммо туганмас ҳаётнинг, зим-зиё оламни ёритган чақиндай тез сўнган, лекин, мана, беш юз йиллардан буён тўхтамай давом этиб келаётган, мардлик ва матонат, ғурбату фироқ, меҳнату аламларга тўла умрнинг юз лаҳза, юз ҳолатини қўлимдан келганча ифодалаб беришга ҳаракат қилдим. Гоҳ Бобур ҳазратлари тилидан, гоҳ ўзимдан, гоҳи шеър, гоҳи ғазал тарзида, гоҳ рубоий, гоҳи мухаммас шаклида кўнглимдагиларни, ният ва мақсадимни иншо этишга уриниб кўрдим. Шу жиҳатдан тагсарлавҳада “достон” деб ёзилган бўлса-да, бу битикларни достон йўлидаги бир жаҳд ё уриниш дейилса тўғрироқ бўлар. Бино ёхуд иморатда бўлгани янглиғ, бунинг пойдеворига “Бобурнома” дан, Бобур шеъриятидаги энг нозик нуқталардан-хотиралар, ўй ва кечинмалар, мисралар билан байт ва рубоийлар асос қилиб олинди. Бинонинг тарҳи-лойиҳаси нечоғли пухта-пишиқ чиққани, ғиштлари билан синчлари қанчалар тўғри қўйилгани, шувоғию бўёқларигача баҳо бериш – зукко ўқувчига ҳавола.
Фақат бир таҳлика: Бобур бобонинг қаттиқ, синчков назари, ул зотнинг “Бобурнома”да Султон Маҳмуд Мирзо ҳақида “Табъи назми бор эди, девон таркиб қилиб эди. Вале шеъри бисёр паст ва бемаза эди. Андоқ шеър айтқондин айтмағон яхшироқдур” деган қатъий ва кескир сўзлари ҳозир ҳам манглайим узра қиличдек ярқираб тургандек туюлади…

Сирожиддин Саййид

 

Жавоҳарлаъл Неру:

“Бобур — дилбар шахс… Уйғониш даврининг типик ҳукмдори, мард ва тадбиркор одам бўлган…”

Эдуард Холден:

“…Бобур феъли-сажиясига кўра Цезарга қараганда севишга арзигуликдир…”

Ғазал

Топмадим

Жонимдин ўзга ёри вафодор топмадим,
Кўнглумдин ўзга махрами асрор топмадим.
Жонимдек ўзга жонни дилафгор кўрмадим,
Кўнглим киби кўнгулни гирифтор топмадим.
Усрук кўзига токи кўнгул бўлди мубтало,
Ҳаргиз бу телбани яна ҳушёр топмадим.
Ночор фурқати била хўй этмишам, нетай,
Чун васлиға ўзумни сазовор топмадим.
Бори борай эшигига бу навбат, эй кўнгул,
Нечаки бориб эшигига бор топмадим.
Бобур, ўзунгни ўргатакўр ёрсизки, мен
Истаб жаҳонни, мунча қилиб, ёр топмадим.

Қолдиму?

Чархнинг мен кўрмаган жавру жафоси қолдиму?!
Хаста кўнглум чекмаган дарду балоси қолдиму?!
Мени хор эттию қилди муддаийни парвариш,
Даҳри дунпарварнинг ўзга муддаоси қолдиму?
Мени ўлтурди жафою жавр бирла ул қуёш,
Эмди тиргузмак учун меҳру вафоси қолдиму?
Ошиқ ўлғач, кўрдум ўлумни ўзумға, эй рафиқ,
Ўзга кўнглумнинг бу оламда ҳароси қолдиму?!
Эй кўнгул, гар Бобур ул оламни истар, қилма айб,
Тенгри учун де, бу оламнинг сафоси қолдиму?

Рубоийлар

Толеъ йўқи жонимға балолиғ бўлди,
Ҳар ишники, айладим — хатолиғ бўлди.
Ўз ерни қўйиб, Ҳинд сори юзландим,
Ё Раб, нетайин, не юз қаролиғ бўлди?!

***

Давлатқа етиб, меҳнат элин унутма!
Бу беш кун учун ўзунгни асру тутма!
Борғонни, кел эмди, ёд қилмай, эй дўст,
Бориш-келишингни лутф этиб, ўксутма!

***

Бесабрмену бесару сомондурмен,
Бир ғамзададурмену паришондурмен.
Не диннинг ишин қилдиму не дунёнинг,
Ё Раб, нетай, ўз ишимга ҳайрондурмен.

***

Беқайдмену ҳароби сийм эрмасмен,
Ҳам мол йиғиштирур лаим эрмасмен.
Кобулда иқомат этти Бобур дерсиз,
Андоқ демангизларки, муқим эрмасмен.

***

Аҳбоб, йиғилмоқни фароғат тутунгиз!
Жамъиятингиз борини давлат тутунгиз!
Чун гардиши чарх будурур, Тенгри учун,
Бир-бирни неча куни ғанимат тутунгиз!

***

Ҳар кимки вафо қилса, вафо топқусидур!
Ҳар кимки жафо қилса, жафо топқусидур!
Яхши киши кўрмагай ёмонлиқ ҳаргиз,
Ҳар кимки ёмон бўлса, жазо топқусидур!

***

Кўпдин бериким, ёру диёрим йўқтур,
Бир лаҳзаю бир нафас қарорим йўқтур.
Келдим бу сори ўз ихтиёрим бирла,
Лекин боруримда ихтиёрим йўқтур.