Ҳуқуқий тушунчалар сиёсийлашганда ёхуд геноцид нима?

Маълумки, 24 январь 2012 йил Франция Сенати томонидан янги қонун лойиҳаси маъқулланди. Қонун лойиҳаси тахминан бир аср олдин Усмонийлар салтанати ҳудудида арманларга қарши содир этилган қирғинни геноцид деб тан олишни рад этганлик учун жиноий жавобгарлик белгилашни кўзда тутади. Бу хатти-ҳаракатни содир этган шахсга тахминан 58 минг доллар жарима ва бир йилгача қамоқ жазоси белгиланиши мумкин.

 

Мазкур қонун лойиҳаси ўтган йилнинг декабр ойида Франция парламенти қуйи палатаси томонидан тасдиқланган ва кучга кириши учун президент Саркози уни 15 кун ичида имзолаши керак эди. Аммо Франция парламенти депутатлари ушбу қонуннинг мамлакат Конституцияси нормаларига мослиги юзасидан қарор чиқаришини талаб қилиб, Франция Конституциявий судига мурожаат қилишди. Шу йилнинг 28 феврал куни Конституциявий суд қонунни Франция Конституциясига ва бошқа асосий қонун ҳужжатларида кафолатланган сўз эркинлиги ҳуқуқига зид, деб қарор қабул қилди. Бунга жавобан президент Саркози қонуннинг янги лойиҳаси ишлаб чиқилишини буюрди.

Шу ўринда арманларнинг қирғин қилиниши билан боғлиқ воқеага батафсил тўхталиб ўтсак. Тарихий ҳужжатларда таъкидланишича, Усмонийлар салтанати 1915 йилларда Шарқий Анадолуда истиқомат қилувчи арманларни кўчириш ҳақида буйруқ берган. Арманларнинг кўпи айнан шу кўчириш мобайнида вафот этган. Вафот этганлар сони борасида аниқ бир маълумот йўқ. Уч юз мингдан бир ярим миллионгача арман қирғин қилинган, деган тахминлар бор. Арманистон ҳукумати ва хорижий давлатлардаги арман диаспораси лоббистларига кўра, Усмонийлар салтанати Биринчи Жаҳон уруши даврида тахминан бир ярим миллион арманни қатлиом қилган. Ўз навбатида, Туркия бу рақам бўрттирилган, деб ҳисоблайди. Туркияга кўра, 1915 йилларда Усмонийлар салтанати парчаланиш арафасида бўлиб, бир неча давлат билан уруш олиб борган. Марказий ҳокимият сусайиши натижасида қирғиннинг олдини олиш имкони бўлмаган. Бундай сиёсий вазият оқибатида нафақат арманлар, балки Усмонийлар салтанати ҳудудида яшаган турклар ва бошқа элатлар ҳам жабр кўрган.

Тарихчилар орасида ҳам арманлар қатлиомини геноцид деб аташда турли келишмовчиликлар мавжуд. Мичиган университети профессори Роналд Суни (Ronald Suny) назарида Усмонийлар салтанати ҳудудида маҳалий арманлар қатл этилишини геноцид деб аташ мумкин бўлса, Массачуссетс университети Амҳерст коллежи профессори Гунтер Леви (Gunter Levi) фикрича, этник арманлар кўп сонда қирилиб кетгани рост, аммо бунга геноцид деб аташ нотўғридир.

 

Бу ҳақда халқаро ҳуқуқ нима дейди? Мақолада масаланинг айнан шу жиҳатига диққат қаратамиз.

Геноцид нима?

 

Қатлиомларнинг ҳаммаси ҳам, қанчалик ваҳшиёна ва кенг тусга эга бўлмасин, геноцид сифатида таърифланмайди. Геноцид жиноятларнинг энг ёмони ҳисобланиб, уни баъзилар жиноятлар қироли деб атайдилар. Шу сабабли геноцид сўзининг маълум бир жиноятга нисбатан ишлатилиши кўп ҳолларда сиёсий тус олади.
Келишмовчиликларни камайтириш ва геноцид таърифига аниқлик киритиш мақсадида 1948 йил 9 декабрда Бирлашган Миллатлар Ташкилоти (БМТ) томонидан махсус халқаро ҳужжат қабул қилинди. Геноцид жиноятининг олдини олиш ва уни содир этганлик учун жазолаш тўғрисидаги конвенция (Геноцид конвенцияси) деб олган мазкур ҳужжат бугунга қадар 142 давлат томонидан ратификация қилинган. Бу эса конвенцияда қабул қилинган геноциднинг таърифи кўпгина давлатлар томонидан тан олинганлигидан далолат беради.
Геноцид конвенциясининг 2-моддасига биноан, геноцид деб қайсидир миллий, этник ёки диний гуруҳни бутунлай ёки қисман йўқотишни ният қилиб содир этиладиган қуйидаги ҳаракатлар тушунилади: [а] гуруҳ аъзоларини ўлдириш; [б] гуруҳ аъзоларига жиддий жисмоний ёки ақлий шикаст етказиш; [в] гуруҳ аъзоларининг бутунлай ёки қисман йўқ қилишга мўлжалланган ҳаётий шарт-шароитларни қасддан яратиш; [г] гуруҳ ичида бола туғилишининг олдини олишга мўлжалланган чора-тадбирлар кўриш; [д] бир гуруҳга мансуб болаларни бошқа гуруҳга зўрлаб ўтказиш.
3-моддага кўра эса қуйидаги хатти-ҳаракатлар учун жиноий жавобгарлик тайинланади: геноцид, геноцид содир этиш мақсадида тил бириктириш; геноцид содир этишга тўғридан-тўғри ва ошкора ташвиқ қилиш (incitement); геноцид содир этишга ҳаракат қилиш; геноцидда иштирок этиш.

 

Халқаро ҳуқуқда геноцид тушунчасининг энг муҳим жиҳати шундаки, бу жиноят исботланиши учун бу қилмиш маълум бир этник гуруҳни айнан шу гуруҳ аъзоси бўлгани учун қириб ташлаш нияти билан содир этилганлиги исботланиши керак. Геноцидни исботлаш энг қийин масаладир. Умуман олганда, жиноят ҳуқуқининг умумий қоидаларига кўра, жиноий жавобгарликка тортиш учун кишининг маълум бир жиноят содир этишга ният қилганлигини кўрсатиш кифоядир. Яъни шахс айнан маълум бир миллий, этник ёки диний гуруҳни қириб ташлаш нияти билан юқорида санаб ўтилган жиноятлардан бирини содир этган бўлиши керак. Мисол тариқасида 1994 йилда Руандада содир этилган геноцидни келтириш мумкин. Руандада икки асосий этник гуруҳ: Хутулар ва Тутсилар ўртасида 1994 йилда келиб чиққан низо натижасида тахминан 800 минги киши қириб ташланган. Бунда Хутулар Тутсиларни айнан Тутси этник гуруҳига мансуб бўлганлари учун қирганлар. 2010 йилнинг июн ойида Жанубий Қирғизистонда, хусусан, Ўш ва Жалолободда ўзбекларга қарши содир этилган кенг қўламдаги қатлиомда ҳам баъзи сиёсатчилар ва халқаро ташкилотлар геноцид аломатлари бор эканлигини айтдилар.
Геноцид жиноятини содир этишда аниқ ниятнинг мавжуд бўлганлигини исботлашда ёрдам берадиган жиҳатлардан бири бу аниқ режанинг мавжуд бўлишидир. Масалан, Фашистлар яҳудийларни қириб ташлаш режасини тузиш учун тарихда 1942 йилда Ванзе конференцияси деб ном олган йиғилиш ўтказганлар. Мазкур тадбир сўнгида қабул қилинган протоколда айтилишича, йиғилиш қатнашчилари Европада яҳудийлар сони нечта эканлигини, уларни қандай меҳнат турига жалб қилиниши лозимлиги, оғир меҳнат натижасида тахминан қанчаси қирилиб кетиши ва ниҳоят барча қийинчиликларга бардош бериб омон қолганлардан қандай қутулиш масаласи ҳам муҳокама қилинган.
Агар 2010 йилнинг ёзида Жанубий Қирғизистонда ўзбекларга қарши уюштирилган қирғиннинг ҳам олдиндан режалаштирилганини тасдиқловчи далиллар топилса, ушбу қирғин ўзбекларни қириб ташлаш мақсадида амалга оширилганлиги исботлаш ҳамда унга геноцид таърифини бериш мумкин бўлади. Жиноий режа мавжуд бўлганлигини исботлашда бир гуруҳ кишилар ўзбекларнинг уйлари ва уларга тегишли бўлган бизнеслари аниқлаши, уларга белги қўйиб чиқиши, жиноят содир этишда ишлатиладиган қуролларни ким топиб келиши, қирғинни бевосита кимлар амалга ошириши, бошқаларга қирғин ҳақидаги хабарни қандай қилиб етказиши, қирғинни кимлар молиявий таъминлаши каби масалаларни олдиндан келишиб олинганлигини кўрсатиш керак бўлади. Шундагина геноцид бўлганлигини исботлаш мумкин.
Геноцид содир этишда аниқ мақсаднинг мавжудлигини исботлашда ёрдам берадиган жиҳатлардан яна бири, бу – жиноят содир этиш учун кенг ташвиқот олиб борилганлигидир. Масалан, Руандада содир этилган геноцид мобайнида Хутулар Тутсиларни ўлдиришга ундашда радио ва телевидениядан кенг фойдаланганлар. Тутсилар Хутулардан бўйлари баландлиги билан ажралиб турганлари учун, Хутулар радио ва телевидения орқали давомли равишда “Баланд дарахтларни чопиб ташлайлик” деган чақириқлар қилганлар. Фашистлар ҳам яҳудийларга қарши қирғинни бошлашдан олдин тарғиботдан кенг фойдаланган.
Геноцид жиноятини исботлаш ўта мушкул эканлигини БМТ қошида фаолият юритувчи Халқаро суднинг Боснияда содир этилган жиноятлар юзасидан чиқарган қарорида ҳам кўриш мумкин. Гап шундаки, Собиқ Югославия ҳудудида содир этилган қатлиомларнинг аксариятида геноцид аломатлари мавжуд бўлса ҳам, Халқаро суд фақат бир ҳолатни геноцид, деб топган. Халқаро суднинг 2007 йилда қабул қилган қарорига кўра, собиқ Югославия ҳудудида боснияликларга қарши содир этилган қатлиомлардан фақат 1995 йилда Сребреницада 8 минг боснияликнинг қатлиоми геноцид, деб топилди. Қолган ҳолатларда боснияликларга ва бошқа миллат вакилларига қарши содир этилган жиноятлар қанчалик оғир бўлишидан қатъи назар, геноцид эканлиги исботланмади.

Арманлар қирғини ва геноцид

Туркия ҳукумати 1915 йилларда Усмонийлар салтанати ҳудудида истиқомат қилган арманлар кўпсонда қирилиб кетганини рад этмайди. Аммо бу қирғинлар геноцид деб таърифланишига кескин қаршилик билдиради. Масаланинг муҳим жиҳати шундаки, маълум бир жиноятни геноцид деб топишда неча киши ҳалок бўлгани умуман роль ўйнамайди. Ўлдирилган кишилар сони бештадан ошмаса ҳам, содир этилган жиноят геноцид, деб топилиши мумкин. Ва аксинча, қатлиом қилинганлар сони 500 мингдан ортиқ бўлса ҳам, геноцид, деб баҳоланмаслиги мумкин. Юқорида таъкидлаб ўтилганидек, жиноятни геноцид деб таърифлашда эътиборга олиниши керак бўлган энг муҳим масала бу жиноий ҳаракатлар қандай мақсад билан амалга оширилганидир.

Бундан ташқари, қатлиомлар қайси ният билан амалга оширилганлигини белгилашда аниқ айбдор шахслар ҳақида маълумот ва далиллар бўлиши керак. Чунки жиноий ниятни бутун давлатга эмас, балки алоҳида шахслар билан боғлаш талаб этилади. Арманлар қатлиомини геноцид деб таърифлашга хайрихоҳлик билдираётганлар шу кунгача қатлиомларни аниқ ким амалга оширганлиги ва умуман қатлиом устида ким тургани ҳақида ҳеч нарса айтмаганлар. Улар умумий қилиб Усмонийлар сулоласи амалга оширган дейди. Аммо бунинг ўзи кифоя эмас. Аниқ шахс ёки шахслар гумон қилинмаслигининг асосий сабаби тарихий фактларнинг етарли бўлмаслигидир. Бундай вазиятда эса қатлиомларни қайси ният билан амалга оширилганлигини белгилаш мумкин эмас ва натижада жиноятларни геноцид деб таърифлаш ҳам нотўғри бўлади.

Хулоса

Юқорида айтиб ўтилганлардан кўриниб турибдики, Усмонийлар салтанати даврида арманлар қирғинига нисбатан геноцид атамасини ишлатиш халқаро ҳуқуқ нуқтаи назаридан деярли мумкин эмас. Шунинг учун алоҳида давлат парламентлари тарихий воқеаларга ҳуқуқий баҳо беришлари ҳуқуқий жиҳатдан нотўғридир ва тарихий воқеаларнинг сиёсийлаштирилишига сабаб бўлади. Нега арманлар қатлиоми геноцид бўла туриб, шу кунгача дунёнинг турли бурчакларида этник ёки диний гуруҳларга қарши содир этилган кенг қўламдаги қатлиомлар геноцид деб тан олиниши ёки олинмаслиги ҳақида қонунлар қабул қилинмаган?

Миракмал НИЯЗМАТОВ