10 апрелнинг беш хабари

Дунёда ҳар куни шу даражада кўп воқеалар содир бўладики, уларнинг қайси бирини ўқишниям, қайси бирига ишонишниям билмайсан киши. “Ватандош” — душанбадан жумагача — куннинг энг муҳим бешта ижтимоий-сиёсий, иқтисодий ҳамда маданий хабарларини бериб боради.

 


 

Сел зиён келтирган уйларга ёрдам кўрсатилади

 

Ўзбекистон Республикаси ҳукумати Жиззах вилояти Ғаллаорол туманида сел, сув тошқини натижасида уй-жойларга етказилган зарарни қоплаш учун 2 миллиард 90 миллион сўм ажаратишга қарор қилган. Kun.uz сайтининг ёзишича, мамлакат Молия вазирлиги 234 та уй-жой эгасига имтиёзли нархларда қурилиш материаллари харид қилиш учун ушбу маблағларни йўналтиради. Шу билан бир қаторда, табиий офатдан зарар кўрган умумфойдаланишдаги автомобиль йўллари, бир қатор қишлоқларга элтувчи маҳаллий йўллар, шунингдек, кўприклар ҳам таъмирланади. Шу билан бирга, газ, электр таъминотида ҳам худди шундай таъмирлаш ишлари олиб борилади.

.


 

 

Facebookдан янги харид

 

“Фейcбук” ижтимоий тармоғи “Инстаграм” фотохизмат кўрсатувчи компаниясини сотиб олади. Бу ҳақда facebook асосчиси Марк Цукерберг маълум қилган. Хориж оммавий ахборот воситалари маълумотларига қараганда, ҳозирча ушбу келишув 1 миллиард доллар атрофида баҳоланиб, ушбу сумма нақд пул ва қимматли қоғозлар кўринишида тўланиши маълум қилинмоқда.

“Инстаграм” фотохизматларни кўрсатадиган илова бўлиб, у бугунги кунда жадал ривожланиб бормоқда. Марк Цукербергнинг ёзишича, “Инстаграм” жамоаси facebookдан алоҳида фаолият юритади.


 

 

Тошкент кўчаларида Mercedes-Benzлар кўпаяди

 

Шу йилнинг 1 сентябрига қадар Тошкентга 50 та янги Mercedes-Benz автобуси олиб келинади. Автобусларнинг иккинчи қисми октябрда келтирилади. Шуни алоҳида қайд этиш керакки, “Тошшаҳартрансхизмат” уюшмаси ва Германиянинг “ЭвоБус Гмбх” фирмаси умумий қиймати 14 млн. евролик автобуслар партиясининг олди-сотти шартномасини тузишди, шунингдек, ҳамкорликда уларни етказиб бериш жадвалини ишлаб чиқиб, тасдиқлашди. Шартноманинг тўлиқ қийматини молиялаштириш ишлари Ўзбекистон тикланиш ва тараққийт жамғармаси томонидан 15 йил муддатга, шу жумладан, уч йиллик имтиёзли давр билан, тақдим этиладиган кредит ҳисобига амалга оширилади.


 

 

Конституцияни ишлаб чиқишда радикал мусулмонлар қатнашмайди

 

Миср конституциявий суди парламентнинг янги конституцияни ишлаб чиқиш бўйича комиссияни тузиш тўғрисидаги қарорини тўхтатиб қўйди. Шундай қилиб, асосан радикал қарашлари билан парламентда кўпчилик ўринни олган мусулмонлар партиялари вақтинча конституцияни ишлаб чиқиш жараёнида қатнашмайди.

Конституциявий суднинг бундай қарорга келишига дунёвий жамият қуриш тарафдори бўлган фаоллар ва либералистлар томонидан ёзилган хат сабаб бўлган. Чунки улар парламент комиссиясида қарийб ўрин олишмаган эди.


 

 

Футболчиларимиз ўрнига Равшан Эрматов Лондонга боради

 

ФИФА рефериси Равшан Эрматов Лондон ўтказиладиган 2012 йилги Олимпиада ўйинларида хизмат қилади. Бу ҳақда Ўзбекистон футбол федерациясининг расмий сайти хабар қилади.

Ўзбекистон футбол федерациясига ФИФАдан келган расмий хатга кўра, ушбу ташкилотнинг Ҳакамлар қўмитаси Олимпиада ўйинларида хизмат қиладиган ҳакамлар рўйхатини тасдиқлаган ва улар орасида Равшан Эрматов ҳам бор. Олимпиада ўйинларида Эрматовга Абдуҳамидулло Расулов ва Баҳодир Қўчқоров (Қирғизистон) ёрдам беради. ФИФА турли конфедерациялардан жами 16 нафар бош ҳакам ва 32 нафар қанот ҳакамларини танлаб олган.

Эслатиб ўтамиз, ЖАРда бўлиб ўтган жаҳон чемпионатида Равшан Эрматов бешта учрашувда ҳакамлик қилиб, бу ўша мусобақанинг рекорд натижаси бўлган эди.