11 апрелнинг беш хабари

Дунёда ҳар куни шу даражада кўп воқеалар содир бўладики, уларнинг қайси бирини ўқишниям, қайси бирига ишонишниям билмайсан киши. “Ватандош” — душанбадан жумагача — куннинг энг муҳим бешта ижтимоий-сиёсий, иқтисодий ҳамда маданий хабарларини бериб боради.

 


 

Рик Санторум пойгадан чиқди

Республикачилардан президентликка номзод кўрсатишда Митт Ромнининг асосий рақиби бўлган Пенсильвания штатилик собиқ сенатор Рик Санторум курашдан чиққанлигини маълум қилди. Шу пайтга қадар республикачилар праймеризида Санторум «иккинчи» шахс сифатида келаётган эди. У ўз сайлов кампанияси давомида 275 нафар делегат овозини қўлга киритган эди. Аммо бу 650 нафар делегат овозини йиғишга эришган Ромни натижалари олдида жуда кам эди.
Санторум ўзининг ўта консерватив қарашлари, айрим масалаларга радикал ёндашуви билан америкаликлар орасида обрў қозонган эди. У, жумладан, Митт Ромнидан кўра Обама президент бўлгани маъқул, деган эди сайлов кампанияси давомида.
.


 

 

Инвесторларга янги имтиёзлар

Ўзбекистонда тўғридан-тўғри инвестицияни рағбатлантириш бўйича янги тартиблар жорий этилди. Бу ҳақда Президент фармони эълон қилинди. Унга мувофиқ, хорижий инвесторнинг пул шаклидаги улуши 5 миллион АҚШ долларидан кам бўлмаган янгидан ташкил этилаётган хорижий инвестициялар иштирокидаги корхоналар давлат рўйхатидан ўтган санадан бошлаб 10 йил мобайнида солиқ қонунчилигида ўзгаришлар юз берган ҳолларда, юридик шахслардан олинадиган фойда солиғи, қўшилган қиймат солиғи (товарлар, ишлар, хизматларни реализация қилиш айланмаси), мол-мулк солиғи, ободонлаштириш ва ижтимоий инфратузилмани ривожлантириш солиғи, ягона ижтимоий тўлов, ягона солиқ тўлови, шунингдек, Республика йўл жамғармасига ҳамда Таълим ва тиббиёт муассасаларини реконструкция қилиш, мукаммал таъмирлаш ва жиҳозлаш жамғармасига мажбурий ажратмалар тўлашнинг мазкур корхоналар давлат рўйхатидан ўтиш санасида амал қилган меъёрлари ва қоидаларини қўллашга ҳақлидирлар. Шунингдек, қиймати 50 миллион АҚШ долларидан ошадиган ва хорижий инвесторнинг улуши камида 50 фоиз бўлган инвестиция лойиҳалари доирасида, ишлаб чиқариш майдонидан ташқаридаги зарур ташқи муҳандислик-коммуникация тармоқларини қуриш бюджет маблағлари ҳамда бошқа ички молиялаштириш манбалари ҳисобидан амалга оширилади.


 

 

Усома Бин Лоден ўрнида бошқа жиноятчи

АҚШ федерал тергов бюросининг энг жиддий қидирилаётган жиноятчилар рўйхатига болалар порнографиясини ишлаб чиқарганликда ва сақлаб келганликда айбланаётган ўқитувчи Эрик Жастин Тот киритилган. Илгари бу рўйхатни собиқ террорчи Усома бин Лоден бошқарар эди. Ҳозирча ушбу шахсни ҳисбга олишга ёрдам берганга 100 минг доллар ваъда қилинмоқда.
Эслатиб ўтамиз, 1950 йилдан бери жиноятчиларни топиш мақсадида қидирилаётган шахсларнинг ўнталик рўйхати чоп этиб келинади. Шу кунгача рўйхатга киритилган 494 нафар жиноятчининг 464 нафари топилган.


 

 

“Ҳамма ўйинга тушсин”

Туркманистонда барча вазирлик ва идоралар ўз ҳоккей жамоаларини тузишлари керак. Бу ҳақда Турманистон Президенти Қурбангули Бердимуҳамедов кўрсатма берган.
Иссиқ ўлка Туркманистонда ҳоккейни ривожлантиришга президентнинг ўзи бош-қош бўлиб келмоқда. Ёшлигидан спортнинг бу турига катта меҳр қўйган тиббиёт фанлари доктори Қурбангули Бердимуҳамедов айни пайтда мамлакатда ёшлар ўртасида ҳоккей чемпионатини ҳам ташкиллаштирган. Президент кубогида Туркманистон туризм ва спорт вазирлигининг «Бургут» жамоаси ғолиб бўлди.


 

 

ФИФА рейтингида пастладик

Халқаро футбол ташкилоти – ФИФА март ойи учун терма жамоалар рейтингини эълон қилди. Ўфф.ўз сайтининг ёзигича, Ўзбекистон миллий терма жамоаси икки ўрин пастлаб, умумий рўйхатнинг 69-поғонасидан жой оди. Хитой термаси эса бу ойда бизни қувиб ўтди ва 66-ўринни эгаллади. Ироқ терма жамоаси эса биздан бир поғона пастда кетмоқда.

Терма жамоамиз Осиёнинг олтинчи жамоаси бўлиб турибди. Австралия ҳамон биринчи, кейинги ўринларда Япония ва Жанубий Корея термалари ўрин олган.

Умумий рўйхатни эса ҳамон Испания термаси бошқариб бормоқда. Голландия термаси эса худди терма жамоамиз сингари икки поғона пастлаган. Иккинчи ва учинчи ўринларда Германия ва Уругвай термалари боришмоқда.

1 Испания 1442
2 Германия 1345
3 Уругвай 1309
4 Голландия 1207
5 Португалия 1190
6 Бразилия 1165
7 Англия 1132
8 Хорватия 1114
9 Дания 1069
10 Аргентина 1066
11 Россия 1049
12 Италия 1041
16 Франция 938
21 Австралия 862
30 Япония 753
31 Жанубий Корея 746
51 Эрон 578
66 Хитой 503
69 ЎЗБЕКИСТОН 493
70 Ироқ 488
81 Иордания 420
84 Қатар 384
86 Шимолий Корея 377
87 Қувайт 376
89 Саудия Арабистони 373