16 апрелнинг беш хабари

Дунёда ҳар куни шу даражада кўп воқеалар содир бўладики, уларнинг қайси бирини ўқишниям, қайси бирига ишонишниям билмайсан киши. “Ватандош” — душанбадан жумагача — куннинг энг муҳим бешта ижтимоий-сиёсий, иқтисодий ҳамда маданий хабарларини бериб боради.

 


 

Солиқ декларациялари текширилади

 

АҚШ давлат солиқ хизмати фуқаролар томонидан топширилган 2 миллиондан ортиқ декларацияни фирибгарлик ҳолатларига барҳам бериш мақсадида текшириш чиқишини маълум қилди. Ўтган йили худди шундай мақсадда 2,1 миллион декларация текширилиб, 260 мингдан ортиқ фирибгарлик ҳолатлари аниқланган. Натижада, давлат бюджетига 1,4 миллиард доллар келиб тушган.


 

 

Президентни уялтиришди

 

АҚШ президентининг Колумбияда Америка саммитида иштирок этишига тайёргарлик кўриш учун муқаддам келган АҚШ махфий хизматининг 11 нафар ходими Қўшма Штатларга чақириб олинган. Бунга уларнинг хизмат интизомини бузганлиги сабаб бўлган. Тасдиқланмаган маълумотларга қараганда, хавфсизлик хизмати ходимлари маҳаллий фоҳишалар хизматидан фойдаланган бўлиши мумкин. Уларнинг беш нафари аллақачон ҳарбий казармада сақланмоқда.
Президент ва унинг оиласи хавфсизлиги учун масъул бўлган Махфий хизмат ходимларининг бундай ахлоқи Америка жамоатчилиги томонидан кенг муҳокама қилинмоқда. Чунончи, Барак Обама ҳам ушбу масала юзасидан ўз фикрини билдириб, агар бу нарса рост бўлиб чиқадиган бўлса, ғазабланиши айтиб ўтган. Аммо шу билан бир қаторда, у Махфий хизмат фаолиятига юқори баҳо берган.


 

 

Ўзбекистон Тожикистонга газ беришни қайта тиклади

“Ўзбекнефтгаз” давлат компанияси матбуот хизмати тарқатган хабарга кўра, Ўзбекистон ва Тожикистон томонлари шу йил 11 апрелдаги имзолаган шартномага мувофиқ, Тожикистонга 16 апрель кунидан бошлаб газ етказиб беришни бошлаган.
Эслатиб ўтамиз, Ўзбекистон шу йилнинг биринчи апрелидан Тожикистонга етказиб берилаётган газ бўйича мажбуриятлари бажарилганлигини билдириб, газ узатишни тўхтатган эди.


 

 

Мева-чевага тақиқ қўйилди

Россия Федерациясига Озарбойжон, Тожикистон ва Ўзбекистондан йўловчилар багажларида ўсимлик маҳсулотларини олиб киришга вақтинчалик тақиқ қўйилди. Унга кўра, Россия ҳудудига ушбу мамлакатлардан олиб келинадиган карантин остида маҳсулотлар Россия ва халқаро фитосанитар талаблари асосида олиб кирилиши керак. Ушбу мамлакатлардан йўловчилар томонидан олиб кирилаётган турли ўсимлик маҳсулотларида зараркунандаларнинг борлиги мазкур қарор қабул қилинишига сабаб бўлган. Эслатиб ўтамиз, март ойида Россия қишлоқ хўжалигини назорат қилиш инспекцияси бу борада огоҳлантириш берган эди.


 

 

Сэр Алекснинг собиқ ёрдамчиси Тошкентга келади

 

Ўзбекистон футбол федерацияси матбуот хизматининг ёзишича, Эрон миллий терма жамоаси бош мураббийи Карлуш Кейруш ва унинг жамоадаги ёрдамчиси Умид Намозизода чемпионат ўйинларида тўп сурадиган футболчиларни кузатиш учун Тошкентга ташриф буюради. Бу ҳақда Эрон футбол федерацияси Ўзбекистон футбол федерацияси вице-президенти Сардор Раҳматуллаевга мактуб йўллади.
22 май санасига режалаштирилган ташриф давомида Кейруш терма жамоага аъзо футболчилар тўп сурувчи клублар иштирокидаги ўйинларни кузатади. Эрон футбол федерацияси икки нафар мутахассис ташрифи давомида Ўзбекистон футбол федерациясидан амалий кўмак сўраб мурожаат қилган.