20 куннинг беш хабари

Дунёда ҳар куни шу даражада кўп воқеалар содир бўладики, уларнинг қайси бирини ўқишниям, қайси бирига ишонишниям билмайсан киши. “Ватандош” — душанбадан жумагача — куннинг энг муҳим бешта ижтимоий-сиёсий, иқтисодий ҳамда маданий хабарларини бериб боради.

 


 

Сайловга паспорт билан келсин!

“FoxNews” олиб борган сўровларга кўра, АҚШ фуқароларининг 70 фоизи сайловларда қатнашишга гувоҳнома орқали рухсат беришни кўзда тутувчи қонун тарафдори экан. Уларнинг фикрича, бу сайловларда фирибгарликларнинг олдини олишга ёрдам беради. Респондентларнинг 26 фоизи бунга тескари жавоб берган. Бу қонунга итоаткор фуқароларга ҳалақит беради, дейишмоқда улар. Шу кунларда АҚШда сайловчилардан шахсни тасдиқловчи ҳужжатларни талаб қилиш ёки қилмаслик масаласи жиддий муҳокама қилинмоқда. Март ойида Техасда шундай тартиб ўрнатишни кўзда тутувчи қонун қабул қилинишини АҚШ адлия вазирлиги тўхтатиб қўйган эди.
Экспертлар эса мазкур ташаббусларнинг таг-замирида республикачиларнинг ғаразли мақсади ётибди, дея таъкидлашмоқда. Уларнинг фикрича, этник камчиликни ташкил қилувчилар ва кам таъминланган оилалар демократлар партиясининг асосий электорати ҳисобланади. Республикачилар ушбу қонун лойиҳасини қабул қилиш орқали демократларни етарлича овоздан маҳрум қилишни кўзламоқда.


 

 

Николя Саркози қайта сайланмаслиги мумкин

Бугун Францияда сайловолди ташвиқотининг охирги куни бўлиб, президентлик учун номзодлар ўзларининг якуний ташвиқотларини ўтказишмоқда. Якшанба куни ўтказиладиган сайловда асосий кураш амалдаги президент Николя Саркози ва социалистлар етакчиси Франсуа Олланд ўртасида кечмоқда. Франция сайлов қонунчилигига кўра, сайловдан бир кун олдин сайлов кампаниясини ўтказиш тақиқнланади.
Эътиборли жиҳати шундаки, иккала номзод ҳам сайловчилар орасида бир хил қўллаб-қувватланмоқда. Аммо экспертлар иккинчи турда Франсуа Олланднинг ғалаба қилишини қайд этишмоқда. Сайлов кампанияси давомида номзодлар асосий эътиборни иқтисодий масалаларга қаратишди. Гарчи Николя Саркози иқтисодий барқарорлик ҳақида гапираётган бўлса-да, мамлакатда ишсизлик 10 фоизга етди.


 

 

БМТ Марказий Осиё халқлари тўғри овқатланиши керак демоқда.

Бирлашган Миллат Ташкилоти Марказий Осиё ва Кавказ аҳолиси тўйиб овқат емаслик ва семиришга дуч келиши мумкинлигидан огоҳлантирмоқда. Нуфузли ташкилот вакилларига кўра, ушбу ҳолатларга сабаб мазкур минтақалар аҳолисининг нотўғри овқатланиши сабабдир. Семириш юрак касаллигига солиб келиши мумкин. Овқатланиш рационининг мунтазам ўзгариб туриши, айниқса, буғдой маҳсулотлари истеъмолининг камайиши, гўшт ва сут маҳсулотлари истеъмолининг ортиши айрим минтақаларда юқумсиз хасталикларнинг кўпайишига олиб келиши мумкин. Нотўғри овқатланишдан ташқари, турмуш тарзи, камбағаллик, тиббий хизмат сифатининг ёмонлиги ҳам мазкур минтақаларда турли касалликлар ва ўлим даражасининг кўпайишига хизмат қилади. БМТнинг озиқ-овқат дастурлари таҳлилчилари, шунингдек, мазкур минтақаларда сувдан ҳам унумли фойдаланиш зарурлигини қайд этишмоқда.


 

 

Тошкент “Ерда бир кун” фильми намойишига қўшилади

23 апрель куни Тошкентда “Ерда бир кун” кинофильмининг намойиши ўтказилади. Олам.ўзнинг ёзишича, мазкур фильм бир пайтнинг ўзида дунёнинг 160 та мамлакатида намойиш этилади.

“Ерда бир кун” фильми – бадиий фильм бўлиб, у дунёнинг турли бурчакларида бир кунда собир бўлган воқеалар намойишига бағишланган. Лойиҳа 2008 йили жаҳон диний мусиқа фестивалида ҳамкорлик қилган дунёнинг турли ҳудудларидаги мусиқачиларни кузатиш таассуроти остида яратилган.


 

 

Сардор Раҳимхондан янги клип

 

Ўзбекистонда хизмат кўрсатган артист, ёшларнинг севимли хонандаси Сардор Раҳимхон янги қўшиққа клип олди. Шов-шув.ўз сайтининг ёзишича, клип янги услубда кўпчиликда катта қизиқиш уйғотган «Эйфория» қўшиғининг давоми ҳисобланади.
«Соғинди юрагим» таронасига ишланган мазкур клипда ҳам янгича ёндашувдан самарали фойдаланган. Элдор Қаюмов ва Малик Қодировлар ёзган ушбу таронага Жасур Шаметов клип олган.