Спорт сиёсийлашганда ёхуд Баҳрайн гран-присида “Формула 1” кўргуликлари

Кеча Баҳрайнда автопойга ишқибозлари учун муҳим воқеа бўлиб ўтди. “Баҳрайн Гран-приси” деб ном олган мазкур “Формула 1” мусобақасида дунёнинг кўзга кўринган мотопойгачилари, йирик компаниялари иштирок этишди.
Баҳрайннинг “Сахир” трассасида бўлиб ўтган мазкур турнир, мана икки йилдирки, сиёсий ғавғолар туфайли турли қийинчиликларга дуч келмоқда. Аввало, ўтган йили Баҳрайнда юз берган тартибсизликлар туфайли ушбу мамлакатда “Формула 1” мусобақалари хавфсизлик нуқтаи назаридан бекор қилинган эди.

Жорий йилда ҳам ушбу турнир арафасида қироллик ҳудудида сиёсий ислоҳотларни ўтказишни талаб қилиб мухолифат вакиллари турли норозилик намойишларини ўтказа бошлади. Эътиборли жиҳати, ушбу норозилик тадбирлари айни Гран-при ўтказилаётган бир даврга тўғри келган эди.


Шу ўринда халқаро ҳамжамият (АҚШ ва Ғарбий Европа мамлакатлари) Баҳрайндаги тартибсизликларга бошқа араб давлатларига нисбатан мутлақо бошқача позицияда турибди. Хусусан, АҚШ оммавий ахборот воситаларида чоп этилаётган мақолаларда Баҳрайнда ҳукуматга қарши норозилик чиқишлари қайд этилса-да, уларда мухолифат вакиллари кўпроқ зўравонликка мойиллиги таъкидланмоқда. АҚШ маъмурияти Баҳрайн раҳбариятидан намойишчилар ҳуқуқларини таъминлашга сўраётган бўлса-да, ўзининг азалий шеригини айблашга уринмаяпти, балки уни турли йўллар билан қўллаб-қувватлаб келмоқда. Масалан, ўтган йилги тўполонларни Саудия қўшинлари киритилиши билан тинчитган эди.
Боз устига мухолифат вакиллари ҳам Баҳрайн гран-присини ўтказишга тўсқинлик қилишни ўз фаолиятининг муҳим қисмларидан бири сифатида эътироф этмоқда. Хусусан, улар пойгачиларга қарата турли йўллар билан “Сиз азобланаётганлар қонида пойга уюштиряпсиз” деб бонг уришмоқда.

Маълумки, спорт азалдан тинчлик, бағрикенглик сингари умуминсоний қадриятлар тимсоли бўлиб ўтган. Қадимда ҳам Олимпиада ўйинлари ўтказилаётган пайтда барча урушлар тўхтатиб турилган. Аммо бугун спорт мусобақалари борган сари сиёсийлашиб, уни ўтказишнинг моҳияти тубдан ўзгариб бормоқда.

Баҳрайн гран-приси ҳам мана шундай таҳдидга дуч келган спорт воқеаларидан бири бўлди. Ушбу турнир анча машҳур бўлиб, 2010 йилда 100 мингдан ортиқ томошабин ташриф буюрган эди. Мазкур мусобақани амалга ошириш 0,5 миллиард доллардан ортиқ маблағ сарфланганди. Бу мусобақа бор-йўғи бир миллион нафардан ортиқ аҳолиси бўлган орол-мамлакат учун яхшигина реклама ҳам эди.

Афсуски, “демократия тарғиботчилари” бу мусобақани ўтказмасликка, уни бойкот қилишга ундашди. Хусусан, Буюк Британия Бош вазири Девид Кэмерон ушбу мусобақани ўтказиш ёки ўтказмаслик “Формула 1” ташкилотчиларига ҳавола эканлигини қайд этиб, иложи бўлса, ушбу тадбирни ташкил қилмасликка чақирган. Буюк Британия мухолифати раҳбари Эд Милибанд эса спорт ва сиёсат умуман бир-биридан узоқ тушунчалар бўлишини тан олган ҳолда, Баҳрайндаги вазият учун истисно қилишга даъват қилган.

Ўз навбатида, “Формула 1” ташкилотчилари турнирни қолдиришга ёки бекор қилишга асос йўқлигини айтишиб, бунинг учун “кучли табиат офатларигина” сабаб бўлишини уқтириб ўтган. Бу спорт ва бизнес: сиёсий жараёнлардан ташқарида, деб таъкидлашган.

Нима бўлган тақдирда ҳам Баҳрайн гран-приси бўлиб ўтди. Лекин ушбу тадбир ўтказиш жараёнида спортнинг сиёсатдан холини бўлишини таъминлаш ниҳоятда муҳим эканлиги аниқ бўлди. Зеро, айрим гегемон давлатлар бундай спорт тадбирларини ўтказишда сиёсий мақсадларини илгари қўйиши мумкинлиги яққол намоён бўлди. Баҳрайн Ғарб давлатларининг яқин шериги бўлгани учун ҳам ушбу мусобақа бўлиб ўтди, агар у мутлақо бошқа бир ҳудуд бўлганида “икки ёқлама стандарт”нинг нишонасини кўриш мумкин эди.

Баҳрайн трассасида бўлиб ўтган мусобақада кўпчилик кутмаган автопойгачилар ғолиб бўлди. Хусусан, турнирнинг тўртинчи босқичида “Редбал” вакили Себастьян Феттель энг яхши натижа кўрсатиб, шоҳсупадан жой олди. Турнирнинг навбатдаги босқичи Испания трассаларида бўлиб ўтади.