Замонамиз қаҳрамони Ўзбегимнинг камтар Одили, Россия чемпионати 40- турининг рамзий терма жамоаси таркибига киритилди!

 

Бугун биз cайтимиз орқали мамлакатимизнинг кейинги йиллардаги энг яхши футболчиси, барчанинг севимли ўйинчиси ҳақида ҳикоя қиламиз. У «Пахтакор» тарихидаги жамоанинг энг ёш сардори бўла олган. Гап ким ҳақида кетаётганлигини англаган бўлсангиз керак.

Наманган вилоятида таваллуд топган Одил қисқа фурсат ичида «Пахтакор» ва Ўзбекистон миллий терма жамоасининг етакчи ўйинчисига айлана олди. 22 ёшга тўлиб улгурмаган Одил Аҳмедов 2009 йил 8 апрель куни Осиё чемпионлари лигасида «Саба Баттери» жамоасига қарши шерикларини сардор сифатида майдонга бошлаб тушди. Ким учундир узоқ, ким учундир қисқа фурсат ичида Одил Аҳмедов Россия «премьер лигаси»га йўл олди. Бундай муваффақиятларга эришиш унинг учун осон кечгани йўқ. Йиллар давомидаги машғулотлар, тинимсиз ўз устида ишлаш, етарлича қийинчилик билан ўтган кунлар қаҳрамонимизни Ўзбекистоннинг энг яхши ўйинчиларидан бири бўлиб етишишига замин яратди.

Одил ёшлигидан футболга жуда қизиқарди. Шу сабабли унинг ҳаёт йўли Наманганнинг бош жамоаси бўлган «Навбаҳор» клубига туташди. Раҳматли Набижон Ўайдаров унинг биринчи устози эди. 1987 йилда таваллуд топган футболчилар гуруҳи бўлмаганлиги учун Одил ўзидан 2-3 ёш катта футболчилардан иборат жамоа билан машғулот ўтказарди. Ўша йиллар у Аҳмаджон Холмураев ва Аббос Латифбоев каби мутахассислар қўл остида ҳам шуғулланган. Кунларнинг бирида Намангандаги Марказий стадионда «Навбаҳор» – «Пахтакор» учрашуви бўлиб ўтиши лозим эди. Шу муносабат билан жамоа мураббийи майдонда тўп олиб берувчи болаларни саралаш мақсадида ўз тарбияланувчиларини икки гуруҳга бўлган ҳолда ўйинга туширади. Одил Аҳмедов ўрин олган жамоа мағлубиятга учрайди ва учрашувни фақатгина томошабинлар қаторида кўриш ҳуқуқига эга бўлади. Кичик Одилга бу воқеа жуда қаттиқ таъсир қилади ва у кўз ёшларини тия олмайди. Ўшанда Аҳмедов 10 ёшда эди.

Ниҳоят 2000 йил Одил қатъий бир қарорга келади, яъни Тошкентга бориб футбол интернатида таҳсил олишни ўз олдига мақсад қилиб қўяди. Оилада беш нафар фарзанднинг ўртанчаси бўлган Одилдаги қизиқишни кўриб отаси Олимжон ака Тошкент сафарига қаршилик қила олмади. Шу тариқа у Республика Олимпия заҳиралари коллежига ўқишга кирди. Табиийки бу ерда ҳам унга осон бўлгани йўқ. Оиладан узоқда истиқомат қилаётган ёш болакайнинг фикру-хаёли битта эди. Футболчи бўлиб Ўзбекистон миллий терма жамоаси сафида тўп тепиш.

Баҳодир Каримов ва Григорий Колосовскийлар қўлида машғулот олиб бора бошлаган Аҳмедов РОЗКда ҳужумчи амплуасида тўп тепа бошлади. Бугунги кунда олий лигада ўз ўрнига эга бўлган Мирзакамол Камолов, Раҳматулло Бердимуродов, Муқимжон Тошматов, Баҳром Йўлдошев, Ғайрат Жўраев, Сардор Қобулжонов каби ёш футболчилар у билан бирга таҳсил олар эди.

«Болалик йилларим ўтган РОЗКдан кўп хотиралар қолган. Баъзан Чиғатой майдонида бўлиб ўтадиган шаҳар чемпионати ўйинларига пиёда борар эдик. Ўша кунлар ҳам ортда қолди. Гарчанд болалигимиз қийинчилик билан ўтган бўлса-да, дўстларимиз билан аҳил эдик. 2005 йил Мурод Алиев бошчилигида Чирчиқда бўлиб ўтган «Баркамол авлод» мусобақасида фахрли биринчи ўринни қўлга киритган эдик» – дейди Одил.

Олий лигага чиқишни мақсад қилган Тошкентнинг «Локомотив» жамоаси 2003 йил интернатнинг бир қатор футболчиларини ўз сафига қўшиб олади. Улар қаторида Одил Аҳмедов ҳам бор эди. Биринчи лигадаги дебют мавсуми Одил учун омадли келди. «Локомотив» жамоаси биринчи лигада иккинчи поғонадан жой олган бўлса-да, «Сўғдиёна» билан бирга олий лига йўлланмасини қўлга киритади.

Аммо олий лига йўлланмасини қўлга киритган жамоа Аҳмедовни олиб қолишни хоҳламади. «Локомотив»нинг биринчи лигадаги сўнгги ўйинидан кейин темирйўлчилар мураббийларидан бири Тўра Шоймардонов Одилнинг хизматларидан бошқа фойдаланмоқчи эмаслигини бот-бот такрорлади. Тўғри, Равшан Муқимов бу йигит ҳали ўзини кўрсатиши мумкинлигини, фақат унга имконият бериш кераклигини тушунтиришга ҳаракат қилди. Аммо барибир, воқеалар ривожи Шоймардонов ўйлаганидек кечди. Аҳмедовга чиқиш эшиклари кўрсатилди…

«Локомотив»да омади юришмаган Аҳмедов кўрикдан ўтиш учун ўзи туғилиб ўсган Наманган вилоятининг бош жамоаси «Навбаҳор» машғулотларида қатнашди. Қизиғи, унга бу ерда ҳам эҳтиёж сезишмади. Бу ҳақда футболчининг отаси Олим ака Аҳмедов шундай хотирлайди:
– Ҳайрон бўлиб қолган эдим. Қанақасига бир неча йил давомида футбол мактабида ўқиган ўғлимни жамоада олиб қолишмаса. Шу куни Одил роса хафа бўлганди. Шундай кунларнинг бирида Тошкентдан қўнғироқ бўлди. Қўнғироқ «Пахтакор» раҳбариятидан эди.

Бундай имконият ҳаммага ҳам насиб қилавермаслигини англаган Одил иккиланиб ўтирмади. Ўзига ишонган ҳолда яна Тошкентга қайтди. Айтиш мумкинки, ана шу қайтиш унинг фаолиятида туб бурилиш ясади. Самвел Бабаян РОЗКда Одилнинг ўйинларини кўриб лол қолган эди. 2005 йил «Пахтакор»га келган футболчи бир ярим йил ўринбосарлар сафида тобланди.

Бу ҳақда футболчи шундай дейди:
– Дўстларимга «Пахтакор»га кетяпман, деганимда, улар аввалига менга ишонмадилар. Чунки бош жамоанинг асосий таркибидан жой олиш осон эмас эди. Лекин мен ўзимга ишонар эдим. Футболчининг муваффақиятида ишонч катта роль ўйнайди.

2006 йил “Пахтакор”га россиялик Валерий Непомняший устоз этиб тайинланди. Бу қаттиққўл мураббий учун кимнинг асосий таркибда майдонга тушиши аҳамиятсиз эди. Унга фақат ҳар томонлама тайёр ўйинчи керак эди. Мавсум бошида ўринбосарлар сафида машғулот ўтказган Одилнинг ҳатти-ҳаракатларини ўз вақтида пайқай олган мутахассис 28 май куни «Қизилқум» жамоасига қарши кечган учрашувдан сўнг ортга қайтиши керак бўлган ўринбосарлар таркибидан асосий таркибга бир нечта футболчиларни олиб қолишга қарор қилади. Улар орасида Одил Аҳмедов ҳам бор эди. Энг қизиғи, Валерий Непомняший 19 ёшли футболчининг исмини ҳам билмасди. Жамоа маъмурига «бугун ўринбосарлар сафида тўп тепган 25-рақамли футболчига айт, у биз билан қолсин», – деган, холос!

2006 йилги мавсумда, Олий лиганинг 11-турида Одил Аҳмедов профессионал футболчи сифатидаги дебют ўйинини ўтказди. 46-дақиқада Садриддин Абдуллаев ўрнига майдонга тушган Элдор Магдеев 84-дақиқада жароҳат олади. Непомняший унинг ўрнига Одил Аҳмедовни майдонга туширади. 29 июнь куни эса у ёшлигидан ўйнашни орзу қилган жамоаси «Навбаҳор»га қарши тўп тепади. Шу тариқа мавсум давомида 12 та ўйинда «Пахтакор» шарафини ҳимоя қилган Одил, дебют мавсумидаёқ Ўзбекистон чемпиони ва кубоги соҳиби бўлади.

Навбатдаги 2007 йил мавсуми Аҳмедов учун кутилганидан ҳам омадли келди. Январь ойида Россияда бўлиб ўтган анъанавий МДҲ ва Болтиқбўйи мамлакатларининг чемпионлари ўртасида бўлиб ўтган мусобақада олтин медалларни қўлга киритди. Ўзбекистон чемпионати ва Кубогида зафар қучган «Пахтакор» таркибида 23 та ўйинда майдонга тушди. Октябрь ойида эса Рауф Инилеев томонидан Ўзбекистон миллий терма жамоаси машғулотларига жалб қилинди. Футболчи учун бундан ортиқ бахт йўқдек эди, гўё. Бу ҳақда унинг ўзи шундай дейди:
«2006 йилги мавсум якунига етганидан кейин ўзимга бўлган ишонч янада ортди. Нима учун мен асосий таркибнинг асосий футболчиси бўлмаслигим керак, дедим ўзимга. Шундан сўнг машғулотларда тиним билмай ишладим. Бу ўзимга ҳам ёқарди. Мураббийларимиз иштиёқимни назардан четда қолдирмадилар ва мени мунтазам асосий таркибда майдонга тушира бошладилар. Мен эса янада кўпроқ ўйнагим келарди. Терма жамоа бош мураббийи томонидан Хитой Тайпейи терма жамоасига қарши ўйинга жалб қилинганлигимни эшитганимда, шунчаки мендан бахтли инсон йўқ эди».

2008-2010 йиллар оралиғида кечган мавсумлар унинг жамоаси учун жуда ҳам омадли келди, деб айта олмаймиз. Зеро «Пахтакор» уч йил давомида “Ўзбекистон чемпиони” деган унвонни «Бунёдкор»га бериб қўйди. Аммо бу ҳолат Одил Аҳмедовнинг ўсишига заррача ҳам таъсир қилгани йўқ. Гарчанд, жамоаси чемпионатда муваффақият қозона олмаётган бўлса-да, Аҳмедов ўзининг ажойиб ўйинлари билан Республика бўйлаб мухлислар олиқишига сазовор бўлиб бораверди.

2011 йилнинг январь ойида бўлиб ўтган Осиё чемпионати Одил Аҳмедовнинг фаолиятида ўчмас из қолдирди. Мусобақанинг очилиш учрашувида Қатар терма жамоаси дарвозасини чамаси 25 метлардан ишғол қилган қаҳрамонимиз, чемпионат давомида яна битта гол урди. Шандан кейин унга кўплаб ҳорижий жамоалар қизиқа бошлашди. Энг жиддий таклифлар «Ал Шабаб» ва Доғистоннинг «Анжи» жамоаларидан тушди. «Пахтакор» раҳбарлари футболчининг Eвропага кетишини маъқул кўрдилар ва Аҳмедов бир йил муддатга «Анжи» сафига ижарага берилди.

Ўз олдига юксак мақсадларни қўйган махачқалъаликлар таркибни кучайтиришга жиддий эътибор қаратишган эди. Дастлаб Роберто Карлос, кейинчалик Юрий Жирков, Самуэл Это’О каби дунё юлдузларини ўз таркибига қўшган «Анжи» 2011 йилнинг энг шов-шувли клубларидан бирига айланди. Бизнинг қаҳрамонимиз эса ана шундай юлдузлар орасида кўринмай кетмади. Аксинча, жамоанинг барча учрашувларида асосий таркибда майдонга тушиб, клубнинг ажралмас бир бўлагига айланди. «Анжи» қандай натижа кўрсатишидан қатъий назар, клуб расмий сайтида мухлислар томонидан овоз бериш натижалари бўйича Одил Аҳмедов кучли учликдан пастга тушмади. Ва ҳақли равишда Россия премьер лигасининг энг яхши легионерларидан бирига айланди.

Энди махачқалъаликлар жамоа таркибидан муқим жой эгаллаган футболчининг трансферини «Пахтакор»дан сотиб олиш ҳаракатига тушишди ва июль ойида футболчи билан 5 йилга мўлжалланган янги шартнома имзоланди.

Одил Аҳмедов 2011 йил якунларига кўра иккинчи маротаба Ўзбекистоннинг энг яхши футболчиси сифатида тан олинди. У бундай унвонга 2009 йил ҳам эришганди. Ўшанда Одил энг яқин таъқибчиси бўлган Ривалдони катта фарқ билан ортда қолдирган эди.
2011 йилги мавсумда Одил Аҳмедов Осиё кубогидан ташқари жаҳон чемпионати саралаш учрашувларида ҳам миллий терма жамоа таркибида жуда яхши ўйин кўрсатди. Япония, Шимолий Корея каби жамоаларга қарши ҳимояда ўйнаган бўлса, сўнгги ўйинларда Вадим Арбамов уни яна марказга жойлаштирди.

– Аҳмедов учун қаерда ўйнашнинг фарқи йўқ. У ҳамма жойда энг яхши ўйинчи бўла олади, балки, дарвозада ҳамдир, – деганди миллий терма жамоа устози ўз шогирди ҳақида.
Айни пайтда Одил Аҳмедов Ўзбекистон миллий терма жамоаси шарафини 44 учрашувда ҳимоя қилиб улгурди. Бундай кўрсаткичга у тўрт йил давомида эришди. Таъкидлаш лозимки, Қатарда бўлиб ўтган Осиё Кубогида Аҳмедов ўзи учун бутунлай янги бўлган ҳимоя чизиғида ҳаракат қилди. Одатда миллий чемпионат ўйинларида ҳужумкор ярим ҳимоячи сифатида тўпурарлар қаторидан ўрин олиб келган футболчининг ҳимоядаги ҳаракатларига кўпчилик шубҳа билан қараган эди. Бироқ у мураббийлар ишончини оқлади. Шу билан бирга гол уришдан ҳам тўхтамади. Унинг очилиш ўйинида Қатар дарвозасига йўллаган тўпи Осиё Кубогининг энг чиройли голи сифатида эътироф этилди. ФИФА расмий сайтида Осиё Кубогининг энг фойдали ўйинчисини аниқлаш бўйича ўтказилган сўровда эса Одил Аҳмедов барчани ортда қолдириб биринчи ўринни эгаллади.

Ўзбекистоннинг энг яхши ўйинчиси бўлган Одил Аҳмедов, «Анжи» мухлислари томонидан ўтказилган сўров якунларига кўра Россия жамоасининг ҳам “2011 йилдаги энг яхши футболчиси” деб топилди. 2012 йил ҳам Одил учун омадли бошланди. 2009 йил оила қурган қаҳрамонимиз яқинда иккинчи марта ўғил фарзанд кўрди. Бу пайтга келиб «Анжи» мураббийлар штабида ҳам ўзгариш рўй берди. Машҳур Гуус Хиддинк маҳачқалъаликларнинг бош мураббийи этиб тайинланди. Голландиялик мутахассис Одилнинг терма жамоадаги ўйинларини кўрган шекилли, уни яна аввалги ўрни, ҳужум ортига қўя бошлади. Ўз навбатида Одил ҳам устозини уялтириб қўйгани йўқ. «Кубан»га қарши кечган баҳсда унинг ижросидаги битта гол ва самарали тўп узатиш «Анжи»га қимматли уч очкони олиб келди.

«Олдинги чизиқда тўп тепиш жону-дилим. Мен доимо ҳужумкор футболни хуш кўрганман. Лекин мураббийларнинг ҳам қарорини ҳурмат қиламан. Гуус Хиддинк эса мени яна аввалги амплуамга қайтарди. Қайси нуқтада ҳаракат қилишим муҳим эмас. Асосийси миллий терма жамоа ҳам, клубим ҳам Қалаба қозонса бўлгани» – дейди Аҳмедов.

Бугунги кунда Одил Аҳмедовнинг ишқибозлари кўпчиликни ташкил этади. Ўз навбатида Одил ҳам доимо уларнинг ҳурматини жойига қўйишга ҳаракат қилади. Энг аввало чиройли ўйинлари билан, албатта. Ишончимиз комилки, Одил учун «Анжи» сўнгги бекат эмас. Одилни албатта “кучли бешлик”дан бирида кўрамиз.

    Нодир Йўлдошев.

Тахририятдан:  Замонамиз қаҳрамони Ўзбегимнинг камтар Одили, Россия чемпионати 40- турининг рамзий терма жамоаси таркибига киритилди!