Солиқ декларациясини топшириш ёддан чиқмадими?

2012 йилнинг 17 апрель куни АҚШда фуқаролар томонидан даромад солиқлари бўйича декларация топшириш учун охирги муддат ҳисобланади. Гарчи бу ҳар бир фуқаро, айни пайтда АҚШ ҳудудида даромад топаётган ҳар бир шахс даромад солиғи бўйича декларация топширишга мажбур бўлса-да, уни ҳар доим чин юракдан амалга оширади, дейишдан йироқмиз.

Шунинг учун ҳам ҳар бир солиқ тўловчи давлат солиқ хизмати олдидаги ҳуқуқларини билиб қўйиши фойдалан холи бўлмайди. Чунки солиқ ҳужжатлари борасида одамлар жуда кўп хатоларга йўл қўяди. Шу боис бундай вазиятларда давлат солиқ хизмати вакили билан мулоқот қилишга тўғри келади. Табиийки, бунда ўз ҳуқуқларингизни билсангиз, ишларингиз бирмунча осон битиши мумкин.

Шуни алоҳида таъкидлаш керакки, ҳар бир шахсга, аввало, солиқ инспекцияси томонидан юмшоқ, адолатли ва проффесионал муносабат кўрсатилиши лозим Бунинг учун солиқ инспекцияси солиқ тўлоқчи ҳуқуқларини бузилмаслиги учун барча шарт-шароитларни яратиши керак бўлади. Ҳар бир шахс солиқ қонунчилиги ҳақида тўлиқ ахборот олиш ҳуқуқига эга.  Улар жумласига солиқ инспекцияси томонидан чоп этиладиган тегишли шакллар, уларни тўлдириш учун асосий йўриқномалар, солиқтўловчилар учун керакли бўлган юздан ортиқ рисолаларни бепул олиш киради.

Шуни ёдда тутиш керакки, давлат солиқ хизмати сўраган барча маълумотларни нима мақсадда ишлатилишини сўрашга ҳақлисиз. Агар бундай маълумотни беришни рад қилсангиз, нима бўлиши ҳақида ҳам билишингиз мумкин.

Шу ўринда солиқ тўловчи солиқ декларациясини тўлдиришда ҳам бир қатор ёрдамларни олиш ҳуқуқига эга эканлигини айтиш жоиз.

Аввало, сиз солиқ хизмати ходимларидан солиқ декларациясини тўлдиришда уларнинг офисида ҳам, телефон орқали ҳам ёрдам олиш мумкин. Махсус шаклни тўлдириб ва маълум миқдорда тўловни амалга ошириш орқали олдинги йиллардаги декларацияни ҳам талаб қилишингиз мумкин.

Агар солиқ декларацияси солиқ инспекцияси ходимлари  томонидан текшириладиган бўлса, солиқ тўловчи қандай ҳуқуқларга эга?

Қарийб барча солиқ декларациялари солиқ идораларида текширилмасдан қабул қилинади. Агар сизнинг декларациянгиз текшириш учун танлаб олинган бўлса ҳам, бу сиз қандайдир ахборотни яшираяпти, дегани эмас. Бу текшириш натижасида балки сиз кўп солиқ тўлаган бўлсангиз, уни қайтаришлари мумкин.  Одатда бундай текширувлар почта орқали амалга оширилади. Агар улар сиз билан юзма-юз учрашишни сўрашса, унда ўзингиз учун қулай вақт ва жойни айтишингиз мумкин. Айни пайтда бундай текширувлар пайтида сизнинг номингиздан учинчи шахс, яъни адвокат, солиқ маслаҳатчиси ёки бухгалтер  вакил бўлиши мумкин. Шу билан бир қаторда, сиз бундай текширувларни диктофонга ёзиб олиш ҳуқуқига эгасиз. Аммо бу ҳақда солиқ инспекцияси ходимини огоҳлантириб қўйиш керак.

Агар сизнинг солиқ декларациянгизда солиқ кам тўлангани аниқланса…

Сизга ўртадаги фарқни тўлаш таклиф қилинади. Албатта, бунда солиқ инспекцияси ходими тушунтириш бериши талаб қилинади. Агар сиз ҳақиқатда кам солиқ тўлаган бўлсангиз нафақат ўртадаги фарқни, балки пеня ҳам тўлашингиз керак бўлади.

Агар бу борада шубҳа туғилса, солиқ декларациянгизни текширган инспекторнинг бевосита раҳбари ушбу жараённи қайта кўриб чиқишини талаб қилиш ҳуқуқига эгасиз. Мабодо унинг ҳам фикрлари сизни ишонтира олмаса, солиқ инспекциясида апелляция бюросига мурожаат қилишингиз мумкин. Шунингдек, сиз ўртадаги тафовутни тўлаганингизга қараб учта судга, АҚШ солиқ судига, АҚШ федерал даъволар суди, Федерал туман судига мурожаат қилишингиз мумкин. Уларнинг барчаси солиқ инспекциясидан мустақил суд ҳисобланади.  Ушбу суд жараёнларида сизнинг манфаатингизни адвокат ҳимоя қилади.