18 майнинг беш хабари

Дунёда ҳар куни шу даражада кўп воқеалар содир бўладики, уларнинг қайси бирини ўқишниям, қайси бирига ишонишниям билмайсан киши. “Ватандош” — душанбадан жумагача — куннинг энг муҳим бешта ижтимоий-сиёсий, иқтисодий ҳамда маданий хабарларини бериб боради.

 


 

Ташқи ишлар вазирлигида қабул

АҚШнинг Ўзбекистондаги Фавқулодда ва Мухтор элчиси Жорж Крол Ўзбекистон Ташқи ишлар вазирлигида мулоқотлар ўтказди. “Жаҳон” ахборот агентлиги тарқатган икки энлик хабарда келтирилишича, икки томонлама ҳамкорликнинг амалий жиҳатлари, турли даражадаги алоқалар масалалари муҳокама этилди. Кузатувчилар бу учрашувда НАТОнинг шу йил 20-21 май кунлари бўлиб ўтадиган саммити билан боғлиқ масалалари муҳокама қилинганлигини қайд этишмоқда.


 

 

Фонд биржаларида ваҳима бошландими?

Греция ва Испания қарзлари билан боғлиқ Осиё биржаларининг минусда ёпилишига сабаб бўлди. Хусусан, бугун Токио фонд биржаси 3 фоизгача пастлади.
Маълумки, яқинда халқаро Moody’s рейтинг агентлиги 16 та испан банкининг рейтинг кўрсаткичларини пасайтирган эди. Бунга Испания ҳукуматининг кредитларни қайтариш лаёқати тушиб кетаётганлиги ҳамда узоқ муддатдан бери давом этаётган турғунлик сабаб бўлган эди. Боз устига, мамлакатдаги сиёсий инқироз боис ваҳимага тушиб қолган юнонлар банклардаги 700 миллион евродан ортиқ маблағини ечиб олган. Аммо Греция президенти мамлакатда банк ваҳимаси бошланмаганлигини қайд этмоқда.


 

 

Ўзбек урани Россияда йўқ қилинади

Ўзбекистон ядровий тадқиқот реакторларида нурланган ёқилғи Россия Федерациясининг ядровий тадқиқот реакторларида зарарсизлантирилади. Бу ҳақда Ўзбекистон ва Россия ҳукумати ўртасида махсус битим имзоланган. Унга кўра, Ўзбекистон реакторларида фойдаланишга яроқсиз бўлиб қолган зарарли ёқилғилар Россия реакторларида утилизация қилинади ҳамда кам даражада тўйинтирилган ядровий ёқилғи Ўзбекистонга олиб келинади. “РИА Новости”нинг ёзишича, ушбу битим “Росатом” давлат корпорацияси бош директори ўринбосари Николай Спасский ва Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамаси ҳузуридаги давлат инспекцияси раҳбари Бахтиёр Ғуломов томонидан имзоланган.


 

 

Хитойга 4 миллиард метр куб газ эспорт қилиниши мумкин

Ўзбекистон йил охиригача Хитойга 4 миллиард куб метр газ етказиб бериш мумкин. “Reuters” ахборот агентлигининг “Ўзтрансгаз” компанияси раҳбари Тўлаган Жўраевга таяниб хабар беришича, компания йил охирига қадар Туркманистон — Ўзбекистон — Қозоғистон — Хитой газ қувурлари орқали 4 миллиард метр куб газ экспорт қилиши мумкин. “Биз ҳозирданоқ газ экспортини бошлашимиз мумкин, аммо бир қатор ҳал этиилиши лозим бўлган ҳуқуқий масалалар бор. Биз жорий йилда Хитойга 2 миллиарддан 4 миллиард куб метргача газ етказиб беришимиз мумкин”, деб қайд этган Тўлаган Жўраев. Шуни алоҳида қайд этиш керакки, Ўзбекистон ҳукумати жорий йилда газ экспортини 12 миллиард метр кубдан 15 миллиардга етказишни режалаштирмоқда.


 

 

Webster университети билан ҳамкорлик ўрнатилди

Тошкент ахборот технологиялари университети ҳамда Webster университети (Миссури штати) ўртасида англашув меморандуми имзоланган. Унга биноан, икки университет таълим ва фан соҳасида ҳамкорлик қилиш, шу жумладан, талабалар учун турли академик дастурларини жорий этиш, Webster университети халқаро кампуслари орқали талабалар ва аспирантлар алмашинувини йўлга қўйишни, илмий материаллар, мақолалар ва ахборотлар алмашиш, шунингдек, ҳамкорликда илмий тадқиқотлар олиб боришни кўзда тутади. Қарийб бир асрлик тарихга эга Webster университети Лондон, Вена, Амстердам, Лейден, Шанхай, Шеньчжен, Ченгду шаҳарларида ўз кампусларига эга.