22 майнинг беш хабари

Дунёда ҳар куни шу даражада кўп воқеалар содир бўладики, уларнинг қайси бирини ўқишниям, қайси бирига ишонишниям билмайсан киши. “Ватандош” — душанбадан жумагача — куннинг энг муҳим бешта ижтимоий-сиёсий, иқтисодий ҳамда маданий хабарларини бериб боради.

 


 

Барак Обама миннатдор

АҚШ президенти Барак Обама Марказий Осиё мамлакатлари ва Россияга Афғонистондаги ҳарбий ҳаракатларни олиб боришдаги ёрдами учун миннатдорлик билдирди. Чикагодаги НАТО саммитида нутқ сўзлаган АҚШ президенти “Мен Карзайнинг, шунингдек, Марказий Осиё мамлакатлари ва Россия расмий шахсларининг саммитдаги иштироки учун олқишлаган бўлар эдим”, деб таъкидлади. Саммит йиғилишидан сўнг НАТО бош котиби Андерс Фог Расмуссен Шимолий атлантика альянсига Қирғизистон, Ўзбекистон ва Қозоғистон кўрсатаётган ҳар томонлама кўмак ташаккур билдирди. Бу миннатдорлик сўзлари саммит декларациясидан ҳам ўрин олди. Шуни алоҳида қайд этиш керакки, ҳозирги кунда Афғонистонга ер орқали етказиб берилаётган юкларнинг 75 фоизи Шимолий таъминот тармоғи орқали ўтмоқда. Шимолий таъминот тармоғидан жами юкларнинг 40 фоизи, ҳаводан 31 фоизи, Покистондан 29 фоизи етказиб берилмоқда. НАТО саммити якунлари бўйича бир қатор ҳужжатлар қабул қилиниб, уларда Афғонистонни қайта тиклаш, ушбу мамлакатдан ҳарбийларни олиб чиқиш муддатлари, ҳарбий бошқарувни расмий Кобулга топшириш масалалари аниқлаштирилди.


 

 

Россия АҚШ ва Канадани инсон ҳуқуқларига риоя қилишга чақирмоқда

Россия ташқи ишлар вазирлигининг инсон ҳуқуқлари бўйича вакили Константин Долгов Американинг Чикаго ҳамда Канаданинг Монреал шаҳарларида бўлиб ўтган тинч намойишлар қатнашчилари полиция ходимлари томонидан ўта қаттиқ усулларда ҳибсга олинганини қоралаб чиққан.
Инсон ҳуқуқлари бўйича вакилнинг айтишича, сўнгги кунларда Чикагода “Чикагони босиб ол”, “Уол-стритни босиб ол” фаолларини ҳамда Монреалда талабалар оммавий ҳибсга олинган. “Сўнгги пайтларда Монреалда таълим нархлари ошишига қарши намойишга чиққан талабалар, шунингдек, Чикагода ҳукуматнинг ижтимоий-иқтисодий ва сиёсий фаолиятидан, чунончи, НАТОнинг Ливияда кўп сонли тинч аҳоли ўлимига сабаб бўлган фаолиятига қарши намойишга чиққанларни ҳибсга олиш тизимли равишда амалга оширилаётганидан ҳавотирдамиз. Тинч намойишчиларга қарши АҚШ ва Канада полицияси аёвсиз ва номутаносиб усулларда курашмоқда”, дейилади Константин Долгов баёнотида. Кузатувчилар бундай баёнот остида АҚШ ва Канада ҳукуматлари томонидан қўлланиладиган “икки томонлама стандарт”ларга жавоб ҳисобланади.


 


Ўзбекистон афғон темирйўлчилари хавфсизлиги ҳақида қайғуради

“Ўзбекистон темир йўллари” темир йўл компанияси қиймати 3,672 млн. доллардан ошувчи “Ҳайратон – Мозори — Шариф” темирйўл линияси ходимлари ва мулкининг хавфсизлигини таъминлаш бўйича қўшимча объектлар ва иншоотлар қуради. Бу борада Вазирлар Маҳкамасининг махсус қарорини қабул қилинди.
Ҳужжатда қайд этилишича, 2011 йилнинг 7 декабрида Афғонистон Ислом Республикаси Жамоатчилик ишлари вазирлиги ва “Ўзбекистон темир йўллари” ДАТК ўртасида “Ҳайратон – Мозори — Шариф” линияси ходимлари ва темирйўл инфратузилмасининг хавфсизлигини таъминлаш бўйича иншоотлар қуриш тўғрисидаги 2009 йил 27 ноябрдаги шартномасига қўшимча битим имзоланган. Станциялар, юкхоналар ва разъездлар периметри бўйлаб тўсиқлар ўрнатиш, станциялар ва разъездларнинг периметрал тўсиқларини хавфсизлик асбоблари билан жиҳозлаш, қўшимча битимга мувофиқ трасса ҳамда станциялар, юкхоналар ва разъездлар бўйлаб кузатув минораларини барпо этиш бўйича ишларнинг умумий қиймати 3672310,75 долларни ташкил этади.
2010 йил охирида “Ўзбекистон темир йўллари” Афғонистонда қиймати 129 млн. доллар бўлган Ҳайратон-Мозори-Шариф темирйўл магистрали қурган эди.
Лойиҳа доирасида ўзбек мутахассислари томонидан 75 км келадиган темирйўл, бир нечта бекат қурилиб, Ҳайратон станцияси реконструкция қилинди.
Лойиҳани молиялаштириш ишлари Осиё тараққиёт банкининг $165 млн. миқдоридаги гранти ва Афғонистон ҳукуматининг $5 млн. миқдоридаги ўз маблағлари ҳисобидан амалга оширилди.


 

 

2000 кишини адашиб қамаб юборишган

Америкада сўнгги 23 йил давомида хато билан қамалган 2000дан ортиқ маҳбуслар озод этилган. Мичиган университети ва Шимолий-ғарбий университет олимлари олиб борган тадқиқот натижалари шуни кўрсатди. Эътиборли жиҳати, озод қилинган шахслар 873 ҳолатда 10 йилдан ортиқ муддат давомида қамоқхонада сақланишган. Ушбу маҳбусларнинг 93 фоизи эркаклар, 50 фоизи афроамерикаликлар бўлган. Маҳбусларнинг 37 фоизи ДНК текширувларидан сўнг озод қилинган. Кейинчалик озодликка чиқарилган маҳбусларнинг 101 нафари ўлим жазосига ҳукм қилинган бўлган. Тадқиқотчилар фикрича, АҚШ жиноятчилик кўрсаткичи бўйича юқори ўринларда туради. Ҳар йили ўртача бир миллиондан ортиқ оғир жиноятлар бўйича ҳукмлар чиқарилади.


 

 

АҚШ адлия вазирлиги сайтига хакерлар ҳужум қилди

“Франс-пресс” ахборот агентлигининг хабар беришича, “Anonymous” гуруҳи хакерлари АҚШ адлия вазирлиги сайтини ишдан чиқаришган. Вазирлик вакиллари ушбу ҳолатни тасдиқлашиб, хакерлик ҳужумлари асосан статистик маълумотлар қисмида юз берганлигини қайд этишган. Вазирлик айни пайтда қандай маълумотлар ўғирланган ёки уларнинг миқдори ҳақида ҳеч нарса деб қайд этмаган.
Ўз навбатида, “Anonymous” гуруҳи 1,7 гигибайтлик маълумотлар қўлга олингани, уларнинг орасида вазирлик ходимлари ёзишмалари ҳам борлигини таъкидлаган. Уларнинг фикрича, бу маълумотлар ҳокимият органларидаги порахўрликни фош этишда қўл келади.