24 майнинг беш хабари

Дунёда ҳар куни шу даражада кўп воқеалар содир бўладики, уларнинг қайси бирини ўқишниям, қайси бирига ишонишниям билмайсан киши. “Ватандош” — душанбадан жумагача — куннинг энг муҳим бешта ижтимоий-сиёсий, иқтисодий ҳамда маданий хабарларини бериб боради.

 


 

“Нексия” ва “Матиз” ишлаб чиқарилаверади

“Ўзавтосаноат” акциядорлик компаниясига кўра, Ўзбекистонда “Matiz” ва “Nexia” моделларидаги автомобиллар олдинги миқдорда ишлаб чиқарилаверади. Эслатиб ўтамиз, “Chevrolet Spark” автомобилини ишлаб чиқариш бошланганидан буён бозорда янги моделни илгари суриш мақсадида Matiz ва Nexia моделлари ишлаб чиқаришдан олинади, деган миш-мишлар юрганди. Бу гап-сўзлар “Chevrolet Malibu” тақдимотидан кейин яна кучайди, дейилади “олам.ўз” портали тарқатган хабарда. “Ўзавтосаноат” ишлаб чиқариш қувватларини оширишни режалаштиряпти, бу янги моделни эски моделлар ишлаб чиқаришига зарар етказмаган ҳолда ишлаб чиқариш имконини беради, дейди компания матбуот хизмати.


 

 

Обама судга чақириладими?

2001 йил 11 сентябрь воқеаларида айбланиб, ҳибсга олинган ва шу кунларда ҳарбий суд олдида жавоб бераётган беш нафар айбланувчининг уч нафари адвокатлари АҚШ президенти Барак Обама, собиқ президент Жорж Буш, вице-президент Жон Байден, бош прокурор Эрик Холдер, сенатор Линдсли Грэмни суд олдида кўрсатма беришни талаб қилган. Айбланувчилар адвокатларига кўра, АҚШ расмий шахслари ўз чиқишларида жуда кўплаб баёнотлар берганки, бу чиқишлар судда ҳакамлар ҳайъатига таъсир кўрсатиши мумкин. Адвокатларнинг қайд этишича, ушбу шахслар айбланувчиларни оммавий равишда “каллакесарлар”, “қотиллар”, “террористлар” деб аташган. Ваҳоланки, уларнинг айби ҳали судда исботланмаган. BBC Newsнинг ёзишича, судьялар бундай талабни қаноатлантирмаслиги эҳтимоли юқори. Мабодо, суд шундай санкция берган тақдирда ҳам президентлар судга келиб кўрсатма бермайди.


 


Евро Грециядан ажраб қолиши мумкин

Евроҳудудда инқироз борган сари чуқурлашиб бормоқда. Грецияда бўлиб ўтган навбатдан ташқари парламент сайловлари натижалари янги ҳукуматни шакллантиришга қодир бўлмагач, июнда яна парламент сайловлари ўтказиладиган бўлди. Юнонларнинг ижтимоий кайфияти ўта тушкун бир шароитда экспертлар мамлакатнинг евроҳудуддан чиқиш эҳтимолини башорат қилишмоқда. Европа Кенгаши президенти Ҳерман Ван Ромпуй кеча Брюсселда бошланган Европа Иттифоқининг норасмий саммитида қилган чиқишида Греция евроҳудудда қолиши кераклигини айтиб, лекин юнонларнинг ҳар қандай қарорини ҳурмат қилишини таъкидлади. Грециядаги сиёсий вазиятнинг ҳали-ҳануз қоронғу бўлиб қолаётгани евронинг қадрсизланиши ҳамда кўҳна қитъадаги биржалар кўрсаткичларнинг кескин пасайишида намоён бўлмоқда. Хусусан, кеча Европа биржалари 2 фоизга пастлаган.


 

 

Инсон ҳуқуқлари бўйича ҳисобот эълон қилинди

“Amnesty International” халқаро ҳуқуқни муҳофаза қилиш ташкилоти янги ҳисоботини эълон қилди. Унга кўра, 2011 йилда дунёнинг 155 мамлакатида инсон ҳуқуқларини бузиш ҳолати қайд этилган. Ташкилот ҳисоботида, шунингдек, Суриядаги вазиятга ҳам баҳо берилади. Унда Сурия ҳукумати томонидан “зўравонликлар қўлланилиши” танқид остига олинган. Бундай танқид БМТ Хавфсизлик кенгашига нисбатан ҳам айтилган. “Amnesty International” бош котиби Салил Шеттининг сўзларига қараганда, 2011 йилда дунёнинг кўплаб мамлакатларида, араб мамлакатларида аҳолининг оммавий намойишлари бўлиб ўтди. “Кўплаб араб мамлакатларида диктаторлар қулаган бўлса-да, диктатура сақланиб қолди”, дейди у. “Amnesty International”, шунингдек, намойишлар Буюк Британия, Греция, Россия, Япония, АҚШда кенг қулоч ёйганини ва бундай ижтимоий-сиёсий фаоллик анчадан бери қайд этилмаганини ёзади.


 

 

“Facebook” компанияси Сенат терговида

“Facebook” компаниясининг АҚШда биржага акцияларини бирламчи жойлаштириши (IPO) можароларга сабаб бўлмоқда. АҚШ Сенатининг Банк қўмитаси ҳамда Молиявий хизматлар қўмитаси ўз суриштирувларини ўтказишини маълум қилган. Қўмиталар “Facebook” компаниясининг йиллик даромади прогнозлари пасайиши ҳақидаги маълумотлар баъзи инвесторларга тақдим этилиб, бошқаларига берилмаганлигини текшириб кўрмоқчи. Сенаторлар суриштирув давомида “Facebook” компанияси вакиллари, молиявий тартибга солувчи институтлар, шунингдек, IPOни ташкил этувчилар билан учрашмоқчи. Гарчи “Facebook” компанияси акциялари биринчи куни мислсиз даражада қимматлашиб, биржа бозорида ваҳифа уйғотган бўлса, кейинчалик аста-секин кескин тушиб кетган.