Хитойнинг “Alibaba” интернет-ритейлери “Yahoo!”дан ўз акцияларини қайта сотиб олмоқда

Хитойнинг энг йирик интернет-ритейлери – “Alibaba” компанияси “Yahoo!”дан ўзига тегишли 20 фоиз акциясини қайтариб сотиб олмоқда. Келишувга мувофиқ, “Yahoo!” камида 7,1 миллиард доллар маблағ олади.

Компаниялар томонидан чиқарилган қўшма баёнотга кўра, “Alibaba” интернет-ритейлери “Yahoo!”га 6,3 миллиард доллар миқдоридаги нақд пул ҳамда 800 миллион долларлик ўзининг имтиёзли акцияларини тақдим қилади.

Эслатиб ўтамиз, “Yahoo!” 2005 йилда бир миллиард доллар эвазига “Alibaba”нинг 43 фоиз акциясини сотиб олган эди. “Yahoo!” 2011 йилнинг иккинчи ярмидан бошлаб ўзининг Осиёдаги активларини сотиши ҳақидаги хабарлар тарқалган эди. Ҳатто, “Alibaba” ва Россиянинг “Mail.Ru Group” холдинги биргаликда “Yahoo!”ни сотиб олиши мумкин, деган мишмишлар ҳам чиққан.

“Alibaba Group” компанияси 2015 йилгача ўз акцияларини очиқ биржа савдоларига қўйишни, яъни IPO (initial public offering – акцияларнинг бирламчи таклифи) ўтказишни режалаштирмоқда.

“Yahoo!” харажатларни қисқартириш мақсадида 2012 йилнинг апрель ойида 2 000 кишини ишдан бўшатиши ҳақида хабар чиқарди.

“Yahoo!” компанияси 1994 йилда ташкил қилинган бўлиб, у ўзининг интернет-қидирувига эгалик қилади ҳамда истеъмолчиларга кенг кўламдаги интернет-сервисларни тақдим қилиб келади. “Yahoo!”нинг хизматларидан умумий ҳисобда 500 миллионга яқин одам фойдаланади. Ҳозирги кунда “Yahoo!”нинг капиталлашув даражаси 19 миллиард долларга баҳоланмоқда. У 2012 йилнинг биринчи чорагида 286 миллион доллар миқдорида соф фойда олди.

Хитойнинг “Alibaba” компанияси асосан интернет-савдо соҳасига ихтисослашган бўлиб, ҳозирда унинг фойдаланувчилари сони 80 миллион атрофида.