“Apple” ва “Samsung” раҳбарлари юзма-юз учрашишади

Бугун 21 май куни Сан-Франциско шаҳрида “Apple” ва “Samsung” компаниялари раҳбарлари юзма-юз учрашишиб, 2011 йилнинг апрель ойидан бери давом этиб келаётган патентлар баҳси борасида яккама-якка музокара ўтказишади. Бироқ, кузатувчиларнинг фикрича, иккала томон ҳам ушбу баҳсни тинчлик йўли билан ҳал қилишининг эҳтимоли жудаям кам.

“Apple” номидан учрашувда унинг бош директори Тим Кук ва компаниянинг бош юридик маслаҳатчиси Брюс Сьюэлл иштирок этади. “Samsung” делегациясида эса компания раҳбари Чой Ги Санг ва ҳуқуқий масалалар бўйича директор Ким Хен Чон бор. Эслатиб ўтамиз, Ким Хен Чон бунгача Жанубий Кореянинг савдо вазири, БMТдаги элчиси вазифаларида ишлаган.

Ҳар иккала компания раҳбарлари ҳам учрашувдан олдин газеталарга интервью беришдан бош тортишган.

Тим Кук ва Чой Ги Санг бир-бирлари билан ўз хоҳишларига кўра учрашишаётгани йўқ. Бунга уларни Калифорния штатидаги Сан-Хосе федерал суди мажбур қилган.

Икки компания ўртасидаги патентлар жангини “Apple” бошлаб берган. Унинг фикрича, кореяликлар “Apple”нинг “iPad” ва “iPhone” маҳсулотлари дизайни ҳамда унда қўлланилган технологияларни ноқонуний равишда ўғирламоқда. Ўз навбатида, “Samsung”нинг таъкидлашича, унинг симсиз алоқа технологиялари борасидаги патентларини “Apple” бузмоқда.

Шу пайтгача патентлар баҳсида “Apple” бир-икки марта “Samsung” устидан ғалаба қозонди: баъзи мамлакатларда “Samsung” қурилмаларини сотиш таъқиқланди. Шундай бўлса-да, “Samsung” ўз маҳсулотининг конструкциясига ўзгартириш киритиб, вазиятдан “силлиқ” чиқиб кета олди.

Икки компания ўртасидаги баҳс бутун дунё учун жуда қизиқ: “Samsung” даромади бўйича дунёдаги энг йирик IT-компания бўлса, “Apple” эса соф фойдаси бўйича жаҳонда IT-компаниялар ичида етакчи. Яна қизиқ томони шундаки, икки томон ўз маҳсулотларини ишлаб чиқаришда бир-бири билан ҳамкорлик қилади: “Apple” қурилмалари учун флеш-хотира ва дисплейларни “Samsung” етказиб беради.