9 майнинг беш хабари

Дунёда ҳар куни шу даражада кўп воқеалар содир бўладики, уларнинг қайси бирини ўқишниям, қайси бирига ишонишниям билмайсан киши. “Ватандош” — душанбадан жумагача — куннинг энг муҳим бешта ижтимоий-сиёсий, иқтисодий ҳамда маданий хабарларини бериб боради.

 


 

Афғон кампаниясининг обрўси тушиб бормоқда

AP-GfK ҳамкорликда ўтказган ижтимоий сўров натижалари АҚШда Афғонистон кампаниясини қўллаб-қувватловчилар сони кескин камайиб бормоқда. Кеча эълон қилинган сўров натижаларига кўра, респондентларнинг 66 фоизи Афғонистонда АҚШ ҳарбийлари бўлишига қарши эканлигини айтишган. Уларнинг 44 фоизи “кучли қарши” эканлигини қайд этган. 27 фоис сўров иштирокчилари эса Афғонистонда олиб борилаётган саъй-ҳаракатларни маъқуллашини айтган. Қарши бўлганларнинг фикрича, Афғонистонда Америка қўшинининг бўлиши вазиятдан ўнглашдан кўра, зиён келтирмоқда. Сўровда қатнашганларнинг 27 фоизи Усома бин Лоденнинг ўлдирилиши АҚШга қарши терроризм хавфини кучайтирган деб ҳисобласа, 31 фоизи аксинча террор хавфи анча тушди, деб эътироф этган. 38 фоизи эса унинг ўлдирилиши ҳеч қанақа самара бермади, деб ҳисоблайди.


 

 

Собиқ президент бош вазир бўлди

Россиянинг собиқ президенти Дмитрий Медведев мамлакат ҳукумати раиси этиб тайинланди. Бу ҳақдаги Фармонни Владимир Путин куни кеча имзолаган. Дмитрий Медведев номзоди бундан сал олдинроқ мамлакат парламенти кўриб чиқилиб, 299 нафар депутатнинг қўллаб-қувватловига эга бўлди. Унга қарши 144 нафар депутат овоз берди. Медведев номзоди учун «Ягона Россия» ва Россия Либерал-демократик партияси овоз берди. Россия коммунистик партияси ҳамда «Адолатли Россия» партияси Медведев номзодини қўллаб-қувватлашдан бош тортди. Бош вазирлик курсисига ўтирган Дмитрий Медведев барча сиёсий кучлар билан мулоқотни давом эттириш, кичик бизнес ва хусусий тадбиркорликни қўллаб-қувватлашини қайд этди.


 

 

Исроил элчиси Тошкентни тарк этмайди

 

Исроилнинг Тошкентдаги Фавқулодда ва Мухтор элчиси Хилел Ньюман режалаштирилган муддатидан ҳам кўпроқ вақтга, яъни 2013 йилгача ўз лавозимида қолишга мажбур. Бу ҳақда “IzRus” портали Исроил дипломатик идорасига асосланиб хабар беради. Маълум бўлишича, шу йилнинг ёзида унинг ўрнига келиши лозим бўлган Дан Став “шахсий сабаблар” боис ушбу лавозимдан воз кечган. Асли Жанубий Африкалик бўлган Ньюман 2008 йил сентябридан бери Тошкентда Исроил ваколатхонасини бошқариб келади. У айни пайтда Исроилнинг Тожикистондаги “элчи-норезиденти” ҳам ҳисобланади. Аммо у бу вазифасини бор-йўғи ўтган йили бир марта Тожикистонга сафар уюштириш орқали амалга оширган.


 

 

Қонунда ташбеҳларга йўл қўйилмайди

Ўзбекистонда ҳуқуқий ҳужжатларда оғзаки нутқ шакллари; давлат тилида муқобил сўзлар ва тушунчалар мавжуд бўла туриб, хориж тиллари терминларини; эскирган ва кўп маъноли сўзлар ҳамда иборалар, образли ўхшатмалар, эпитетлар, метафораларни қўллашга йўл қўйилмайди. Бу ҳақда мамлакат Адлия вазирлиги қарор чиқарган. Қонунлар, фармонлар, қарорлар лойиҳаларидаги гаплар умум қабул қилинган грамматик, орфографик ва пунктуация қоидаларига мувофиқ расмий тил услуби ва юридик терминологиядан фойдаланган ҳолда қурилади.


 

 

Тошкент метроси вагонлари янгиланади

Тошкент шаҳар метрополитени раҳбарияти Россиянинг “Метровагонмаш” компанияси билан катта миқдорда вагонлар етказиб бериш бўйича музокаралар олиб бормоқда, деб хабар беради “Регнум” сайти. Унга кўра, 2016 йилга қадар 40 дан ортиқ вагонлар хариди кўзда тутилмоқда. 1977 йилдан бери тошкентликлар ва меҳмонларга хизмат кўрсатиб келаётган Тошкент метроси вагонлари охирги марта 2001 йилда янгиланган. Ўшанда Россия метро вагонлари ишлаб чиқаришга ихтисослаштирилган компанияси 10,7 миллион долларлик вагон ва эҳтиёт қисмлар етказиб берган. 47,5 километрлик линияга Тошкент метроси жорий йил ўзининг 35 йиллигини нишонлайди.