Англия Банки ўзининг “миқдорий чегирма” дастурини тўхтатди

Англия Банкининг Пул-кредит сиёсати бўйича қўмитаси келажакда давлат облигацияларини янги пул чоп қилиш эвазига сотиб олиш дастурини тўхтатиш ҳақида қарор қабул қилди. Бундай дастур, одатда, иқтисодчилар орасида “миқдорий чегирма” (инглизча, quantitative easing, QE) деб номланади.

Бундан ташқари, мамлакатнинг марказий банки қайта молиялаштириш ставкасини жорий 0,5 фоиздан оширмаслик тўғрисида ҳам қарор қабул қилди.

Эслатиб ўтамиз, Британия марказий банки, яъни Англия Банки ўзининг “миқдорий чегирма” дастурини молиявий инқироз энг чўққисига чиққан 2009 йилда ишга туширган эди. Ўшанда, дастурнинг биринчи раундида банк жами 200 миллиард фунт стерлинг қийматидаги активларни янги чоп қилинган пуллар эвазига сотиб олган эди.

Кейинчалик, 2011 йилнинг октабрь ойида Англия Банки ушбу дастурни 275 миллиард дунт стерлинггача узайтирди; жорий йилнинг февраль ойида эса яна қўшимча 50 миллиард фунт стерлинг пул чоп қилиш тўғрисида қарор қилинди. Шундай қилиб, умумий ҳисобда Англия Банки “миқдорий чегирма” дастури доирасида жами 325 миллиард фунт стерлинг қийматидаги давлат облигацияларини фонд бозоридан қайта сотиб олди. Узоқ муддатли истиқболда банк ушбу дастурни эҳтиёжга қараб яна узайтириши мумкин.

Регуляторнинг янги пул чоп қилмаслик тўғрисидаги қарорини мамлакатда кузатилаётган инфляция хавфи билан изоҳлаш мумкин. Англия Банки учун мамлакатдаги инфляциянинг мақсадли кўрсаткичи йиллик 2 фоиз саналади. Бироқ, шу йилнинг март ойида истеъмол нархларининг ўсиши сўнгги беш ой ичидаги энг максимум даражага етди – 3,5 фоиз.

Сўнгги марта “миқдорий чегирма” дастури узайтирилганда бунга сабаб сифатида 2011 йилда Британия иқтисодиётининг ўсиш суръати паст эканлиги кўрсатилган эди. Бозорга янги пулларни чиқариш эвазига активлар нархини кўтариб, жумладан акциялар ва кўчмас мулк нархини сунъий равишда ошириб, иқтисодиётни рецессия ҳолатига тушиб қолишининг олдини олиш асосий мақсад бўлган.

2012 йилнинг биринчи чорагида Буюк Британиянинг ялпи ички маҳсулоти 0,2 фоизга камайди, 2011 йилнинг тўртинчи чорагида эса 0,3 фоизга пасайган эди. Шундай қилиб, Британия иқтисодиёти ҳозирда техник рецессия ҳолатини бошдан кечирмоқда. Бундай вазият уч йилда икки марта кузатилмоқда. Mамлакатдаги “қўш рецессия” сўнгги марта 70-йилларда кузатилган эди.

Британия иқтисодиётидаги асосий муаммолардан бири давлат қарзи саналади. 2008 йилгача мамлакатнинг қарздорлиги ялпи ички маҳсулотга нисбатан 45 фоиз атрофида бўлган – ўша пайтдаги Ғарбий Европадаги энг яхши кўрсаткичлардан бири. Ҳозирда бу кўрсаткич 66 фоизга етган.