Хитой, Жанубий Корея ва Япония ўртасида эркин савдо зонаси ташкил қилиш бўйича музокаралар бошланмоқда

Хитой Халқ Республикаси, Жанубий Корея ва Япония ўртасида эркин савдо сонасини ташкил қилиш тўғрисидаги музокаралар шу йилнинг ўзидаёқ бошланади. Бу ҳақда кеча 13 май куни Пекинда учала давлат вакиллари ўртасида бўлиб ўтган мажлисида ХХР бош вазири Вэнь Цзябао  таъкидлаган. Ушбу саммитда Япония номидан мамлакатнинг бош вазири Ёсихико Нода, Жанубий Кореядан – президент Ли Мён Бак иштирок этди.

Саммит якунида бўлиб ўтган матбуот конференциясида Вэнь Цзябао шундай дейди: “Томонлар учала давлат ўртасидаги инвестицияларни кучайтириш ва ҳимоя қилиш бўйича келишув имзолаган бўлиб, бу ўз навбатида уч томонлама иқтисодий алоқаларнинг мустаҳкамланишига олиб келади”.

Бундан ташқари, томонлар ўзаро инвестицияларни кенгайтириш учун барқарор, адолатли ва шаффоф шарт-шароитларни яратиб бериш ҳамда иқтисодий интеграцияни янада кучайтириш тўғрисида ҳам шартнома имзолаган.

Шундай қилиб, ҳозирда тузилган инвестицион ҳамкорлик тўғрисидаги ҳужжат келажакда учала давлат ўртасида эркин савдо зонасини ташкил қилишда асос вазифасини ўтайди.

Сўнгги йилларда мазкур учта давлат ўртасида эркин савдо зонасини ташкил қилиш бўйича масала фаол муҳокама қилинмоқда. Хитой ОАВларининг ёзишича, эркин савдо зонасининг тузилиши барча томонларга ҳам бирдек манфаат келтиради.

Расмий маълумотларга кўра, 1999-2011 йиллар давомида уч томонлама савдо ҳажми 130 миллиард доллардан 690 миллиардгача ошган. Бунда, Хитой сўнгги пайтларда Япония ва Жанубий Кореянинг энг йирик ташқи савдо ҳамкори бўлиб қолмоқда.

Ҳозирги вақтда Хитой давлати Покистон, Жануби-Шарқий Осиё давлатлари ассоциацияси (АСЕАН), Исландия, Чили, Перу, Коста-Рика ва Янги Зеландия билан эркин савдо тўғрисидаги битимни имзолаган. Бундан ташқари, у бу масалада Mонголия ва Австралия билан ҳам музокаралар олиб бормоқда.