“Facebook” IT-компаниялар ичида энг йирик IPOни амалга оширди

Mана, ниҳоят узоқ кутилган воқеа содир бўлди – дунёдаги энг йирик ижтимоий тармоқ эгаси саналган “Facebook” компанияси ўз акцияларини биржага чиқарди. Энди у ҳам бошқа йирик компаниялар каби хусусий компания эмас, очиқ компанияга айланди.

“Facebook” фойдаланувчилари сони катта тезликда бир миллиардга қараб кетмоқда. Шимолий Америкдаги Интернет фойдаланувчиларининг қарийб 70 фоизи ушбу тармоқда рўйхатдан ўтган бўлиб, шундай бўлса-да у Хитой ва Россия каби аҳолиси кўп мамлакатларда унчалик ҳам катта муваффақиятга эга эмас. Биринчидан, Хитойда “Facebook” сайтидан фойдаланиб бўлмайди, ҳукумат уни ёпиб қўйган. Россияда эса, кўпроқ “Vkontakte” ва “Odnoklassniki” каби миллий ижтимоий тармоқларнинг ўрни катта.

“Facebook” фойдаланувчиларининг сони ниҳоятда кўп бўлишига қарамасдан, ҳар бир фойдаланувчига тўғри келадиган ўртача даромад атиги 4 долларни ташкил қилади. Энг сўнгги чиқарилган ҳисоботга кўра, “Facebook” ўз даромадининг 82 фоизини сайтга қўйилган рекламалардан, 13 фоизга яқинини эса – “Zynga” томонидан ишлаб чиқилган ижтимоий ўйин дастурларини сотишдан олади.

Шу ўринда бир-иккита нохуш хабарларни ҳам айтиб ўтиш жоиз. Хусусан, шу ҳафта бошларида “General Motors” автоконцерни “Facebook” билан тузилган 10 миллион долларлик реклама шартномасини бекор қилди. Автогигантнинг фикрича, ижтимоий тармоқдаги реклама унга ҳеч қандай ижобий таъсир қилаётгани йўқ. Бу хатти-ҳаракатдан сўнг бошқа реклама берувчилар ҳам ўзларининг шартномаларини қайта кўриб чиқишга киришиб кетишган.

“Facebook” учун яна бир хавф шундаки, мобил фойдаланувчилар сонининг ошиб кетиши сайтга рекламаларни жойлаштириш учун қийинчилик туғдиради.

Сўнгги пайтларда биржага чиққан кўпчилик ижтимои медиа компаниялари ўзларининг капиталлашув даражасини оширишга муваффақ бўлишгани йўқ. Хусусан, “FriendFinder” тармоғи ўз акцияларини очиқ савдога қўйганидан сўнг, компания ўзининг 80 фоиз қийматини йўқтди. Аксинча, “LinkedIn” ишбилармонлар тармоғи эса IPO ўтказганидан сўнг, унинг капиталлашув даражаси шу пайтгача 20 фоизга ошди.

Пайшанба куни кечқурун “Facebook” IPO ўтказиб, унда ижтимоий тармоқ ўзининг 421,2 миллион дона акциясини инвесторларга 38 доллардан сотди. Шундай қилиб, ўтказилган IPO натижасида “Facebook” жами 16 миллиард доллар маблағ жалб қилишга муваффақ бўлди. Қисқа вақтлар ичида у яна қўшимча акцияларини сотувга чиқариб, IPO суммасини 18,4 миллиард долларга етказиши ҳам мумкин.

18 май куни эрталаб Нью-Йорк вақти билан соат 09:30 да NASDAQ фонд биржасида “FB” рамзий белгиси остида “Facebook” акцияларини олди-сотди қилиш бошланди. Биржа савдолари бошланишидан олдин “Facebook” асосчиси ўз офисидан туриб, рамзий маъно сифатида махсус бонгни урди. “Facebook” савдо бошланишида ўзининг бир дона акцияси учун 38 доллар нарх белгилаган бўлса, орада бу нарх 45 долларгача кўтарилди. Аммо, биржа савдоларининг ёпилишида ижтимоий тармоқнинг акцияси 38,23 доллар нархда котировка қилинди.

NASDAQ биржасида ўтган биринчи кун савдоларидан сўнг “Facebook”нинг капиталлашув даражаси 105 миллиард долларга етди.

Эслатиб ўтамиз, 2004 йил 13 август куни “Google” интернет-гиганти NASDAQ фонд биржасида IPO ўтказиб, унда инвесторлардан жами 1,9 миллиард доллар маблағ жалб қилишга муваффақ бўлган эди. Ўшанда унинг капиталлашув даражаси 23 миллиард долларни ташкил қилган бўлса, бугунга келиб “Google” акциялари нархи 10 баробарга қимматлашиб, бутун компания эса 200 миллиард доллар атрофида баҳоланмоқда.

“Facebook” асосчиси ва унинг бош ижрочи директори 28 ёшли Mарк Цукербергнинг бойлиги IPOдан сўнг 19,3 миллиард долларни ташкил қилиб, энди у “Google” асосчилари – Сергей Брин ва Ларри Пейждан ҳам бадавлат ҳисобланади.

IPO қиймати бўйича “Facebook” жаҳонда IT-компаниялар ичида биринчи, Америка компаниялари орасида эса учинчи ўринни эгаллади. IPO суммаси бўйича 2008 йил март ойида биржага чиққан “Visa” (19,6 млрд. $) ва 2010 йил ноябрда ойида биржага чиққан “General Motors” (18,15 млрд. $) АҚШда етакчилик қилиб келмоқда.

“Facebook” 2012 йилнинг биринчи чорагида жами 1,058 миллиард доллар даромад олиб, бунда унинг соф фойдаси 205 миллион долларни ташкил қилди. 2012 йил март ойи ҳолатига ижтимоий тармоқнинг фойдаланувчилари сони 900 миллиондан ошиб кетган, шундан 526 миллиони сервисдан ҳар куни фойдаланади.