Оркестр катта концертга тайёрми?

Оркестр катта концертга тайёрми?

 Абрамов оркестри ижросидаги бу сафарги концерт қандай бўларкин…

Майдон чеккасида дирижёр Вадим Абрамов фрак кийиб олган. Дирижёр фикри бўйича яхши созланган, мухлислар фикри бўйича эса у даражада яхши машқ қилмаган ансамбль уни имосини кутиб туради. У озгина консерватив бўлгани учун кўпроқ классик йўналишдаги куйларни хуш кўради.  Лекин ундан вақти-вақти билан классик асарлар орасига замонавий оҳанглар билан импровизация қилишини ҳам кутиш мумкин.Яқиндагина ОТЖ билан қўйган “тугалланмаган прелюдия”си яхши чиқмаганлигини у дилдан ҳис этиб турибди.  Бу хатолар ё созандаларни куйларни яхши ишламаганлиги ё дирижёрни иккита оркестрда тенг иш юритганлигиданми, натижа бермади.Тўғриси, мусиқа тили билан айтганда ансамбль тугатиш яъни “кода”ни яхши ишламаганлиги кўриниб қолди. Бундан ташқари, созандалари ҳали ёш, саҳна кўрмаганлик қилган бўлишлари ҳам мумкин.

 Кўпчилик Абрамов асар танлашда испанча оҳангларга кўпроқ эътибор беради дейишади. Менимча, бу нотўғри. Чунки испан куйларини чалиш учун ҳали бизни йигитларда етарлича тажриба кам.Бизникиларга ўзимизни мусиқа “мэтр”лари Мухтор Ашрафий ёки Манас Левиев асарлари ё халқона оҳанглардан тузилган “попури”лар мос келади. Энди… жаҳон саҳнасида ҳаммани ўзгача оҳанги бўлгани маъқул.

Лекин бу сафарги концерт олдингиларидан анча фарқ қилади. Оркестрь йил охиригача ўзимизда ва Осиё мамлакатларида олтита чиқиш қилиши керак. Дейлик ҳақиқий “турне”. Кўнглимиз озгина хотиржам. Чунки бу сафарги созандалар анчагина кўзга кўринганлардан.

Урма асбоблар, контрабасларда Нестеров, Исмоилов, Иномов каби катта саҳна кўрган мусиқачилар. Скрипкачилар гуруҳи ҳам кўзга кўринганлардан Сервер, Тимур, Санжар, Азизлар бошқа давлатларда ҳам мухлисларни “ўзимизни куйимиз”га ўйнатишяпти. Асосий скрипкада аниқ Одил Аҳмедов бўлади. Менимча “соло”ларни Гейнрих чалади. Асосий партиялар барибир “тажрибали” созандаларга берилиши кўзда тутилган.

 Яна мухлислар дастур давомида Бикмаев ва Тўраевлардан алоҳида номерларни ҳам кутишяпти. Балки Жасур ўасанов билан Карпенко доира усулларидан иборат чиқишлари билан репертуарни ранг-баранглигини таъминлар.

Ҳа, айтгандек, 3 июнь куни биз билан биргаликда саҳнада “Форс”ча оҳанглар билан Эрон ансамбли ҳам қатнашади. Айтишларича улар орасида Европа консерваторияларида таълим олган мусиқачилар бормиш…

Биз мухлислар эса концерт якунида Абрамов оркестридан “бис”, “браво” деган олқишлар билан саҳнага қайта чиқиб, “Дилхирож”ни чалинишини кутиб қоламиз.
Э-э, чалинг “Андижон полькасига”…..

Элмурод ЭРМАТОВ  ( www.uff.uz ).