Греция саккиз ҳафтадан сўнг еврозонадан чиқиши мумкин

Греция саккиз ҳафтадан сўнг евро зонасини тарк этиши мумкин. Бундай огоҳлантириш билан 13 май куни Лондоннинг “Sunday Times” газетаси чиққан.

“Грецияда кучайиб бораётган сиёсий инқироз еврозона томонидан ушбу мамлакатга молиявий ёрдам кўрсатиш бўйича ишлаб чиқилган дастурни амалга оширишда хаосни келтириб чиқариши мумкин, дея ёзади газета. – Грек партияларининг ҳукуматни шакллантириш бўйича қилган бир нечта муваффақиайтсиз уринишлари июнда бўлиб ўтадиган янги сайловларни ўтказиш учун ҳам хавф туғдирмоқда. Бироқ, июнь охирига келиб, инқирозга қарши дастурга мувофиқ, Греция ҳукумати давлат харажатларини 11 миллиард еврога қисқартиришга мўлжалланган режани маъқуллаши лозим. Шундан сўнг Афина июль ойи бошида Европа Иттифоқи ва Халқаро валюта фонди томонидан тақдим қилинаётган кредитнинг навбатдаги траншини олиши мумкин бўлади”.

Кузатувчиларнинг фиркича, Грецияда июнь ойи охиригача янги ҳукуматнинг шаклланишига кўпчилик шубҳа билдирмоқда. Агарда шундай бўлиб чиқса, Греция Европа Иттифоқи ва Халқаро валюта фондидан навбатдаги кредит траншини қабул қила олмайди. Бу эса, ўз навбатида, Грециянинг ўз мажбуриятларини бажара олмай, дефолть ҳолатига тушишини ва еврозонадан чиқишга мажбур бўлишини билдиради, дея ёзади “Sunday Times”

Газетанинг ёзишича, Буюк Британия банклари Грециянинг евро зонасидан чиқишини 50-50 дея баҳоламоқда. Банклар Грециянинг ўз миллий валютасига қайтиши бўйича аллақачон тайёргарлик ишларини бошлаб юборишган.