Ҳиллари Клинтон: иқтисодий интеграция биринчи ўринга чиқмоғи керак

Афғонистонда тинчликни қарор топтириш, урушдан кейинги барқарорликни ва тикланиш ишларини жадаллаштириш, умуман, афғон жамиятида тараққиёт уруғини қадаш масаласи кўплаб халқаро анжуманларнинг, юқори даражадаги учрашувларнинг мавзуси бўлмоқда. Турли ташаббуслар илгари сурилмоқда, ечимлар ўртага ташланмоқда. Ана шундай ечимлардан бири янги Буюк Ипак йўлини тиклаш ғоясидир. Ушбу ғояни амалиётга татбиқ этиш масаласи АҚШ ташқи ишлар маҳкамаси фаолиятининг ҳам асосий йўналишларидан бирига айланган.

Яқинда CNN орқали чиқиш қилган АҚШ давлат котиби Ҳиллари Клинтон хоним Американинг ушбу ғояси истиқболлари ҳақида яна бир бор сўзлаб ўтди. АҚШ ғояси туб моҳиятида Ҳиндистон ва Покистон давлатларини Афғонистон орқали Марказий Осиё билан боғлаш мақсади мужассам. “Агар одамлар бир-бири билан савдо-сотиқ қилса, улар бир-бирининг мамлакатига сармоя киритса, барча тижорат ишлари билан шуғулланишса, ўша ерда ўзаро алоқалар ривожланади, афсуски, бунинг учун хавфсизлик таъминланган бўлиши керак”, деди Клинтон хоним, жумладан.

“Албатта, биз ҳозирги кунда хавфсизликни таъминлаш бўйича жиддий иш олиб бораяпмиз, лекин ҳақиқатда ваъда қилинаётган нарса шуки, ҳудудни иқтисодий интеграция жараёнларига янада чуқурроқ жалб қилишдир”, деди Ҳиллари Клинтон.

Афсуски, минтақа мамлакатлари ўртасида иқтисодий интеграция жараёнлари хавфсизлик масаласи олдида иккинчи ўринга тушиб қолмоқда. Ўзаро савдо ва иқтисодий алоқаларни ривожлантириш мақсадида чегараларни очиш ўрнига, борган сари чегаралар ёпилмоқда. Давлат котибининг фикрича, хавфсизлик масаласи жиддий аҳамият касб этса-да, Покистон, Ҳиндистон ва Афғонистон ўртасида савдо-иқтисодий алоқалар бирмунча яхшиланганини эътироф этади.

Шу кунларда Турманистон газини Афғонистон орқали Покистон ва Ҳиндистонга етказиш учун қувур ётқизиш ғояси ўрганиб чиқилмоқда. АҚШ, агар лойиҳани амалга оширувчи давлатлар ушбу лойиҳани амалга оширишга аҳд қилишса, қўллаб-қувватлашини таъкидлаб ўтди. Қолаверса, Клинтон хоним Қозоғистондан бошланиб, Ўзбекистон, Туркманистон ва Эрон орқали денгиз портларига чиқадиган йўл қуриш лойиҳаси борлигини таъкидлаб ўтди.

“Тўғри, — дейди Клинтон хоним, минтақада экстремизм ва терроризм хавфи жуда катта. Айрим давлатлар шулардан ҳимояланиш мақсадида чегараларда баланд-баланд тўсиқларни қуришмоқда, улар четдан келадиган экстремизмдан хавфсираб қолишган. Аммо бу 21-аср учун тасаввур қилиб ва амалга ошириб бўлмайдиган вазифа. Қўшнилар билан савдо-сотиқни ривожлантириш ва шу орқали ёшлар бандлигини таъминлаш мақсадга мувофиқдир. Бу экстремизга қарши энг самарали кураш воситасидир”.

Ҳиллари Клинтон хоним, шунингдек, Ўзбекистонга жалб қилинган АҚШ инвестицияси, чунончи, “GM-Uzbekistan” қўшма корхонаси ҳақида сўз юритиб, АҚШ минтақа учун барча имкониятларни сафарбар этишини қайд этди.

Умуман, АҚШ давлат департаменти раҳбари Марказий, Шарқий ва Жануби-Шарқий Осиё бугун ривожланиб бораётган йирик истеъмол ва ишлаб чиқариш минтақасини қайд этиб, минтақадаги аксарият муаммоларни ҳал этишнинг ягона йўли иқтисодий интеграция эканлигини таъкидлади. “Албатта, биз хавфсизликни биринчи ўринга қўямиз. Қўшма Штатлар минтақадаги ҳар бир давлатга хавфсизлик борасида яқиндан ёрдам бериб келяпти. Лекин хавфсизликка эришишдан мақсад нима? Бу одамларнинг турмуш даражасини яхшилашга шароит яратишдир. Бунга эса бизнес, инвестиция ва савдо орқали ҳам эришиш мумкин”, деб қайд этди у.

АҚШ ташқи ишлар маҳкамаси раҳбари ҳақлиги шундаки, минтақа мамлакатлари аҳолиси асосан ёшлардан иборат бўлиб, улар орасидаги ишсизлик, турли салбий йўлларга кириб кетишининг олдини олиш кўп жиҳатдан иқтисодий аҳволни яхшилаш билан бевосита боғлиқдир. Бунинг учун мавжуд салоҳиятдан самарали фойдаланиш, ўзаро ҳамкорликни кучайтириш, қадимда цивилизация йўли бўлган Ипак йўли анъаналарини давом эттиришдир.