Хориждаги ўзбеклар ҳаётидан қисса. Собир Сайҳон: “Буғдой экиб, арпа ўрганлар…” II-қисм

 

Собир САЙҲОН

Буғдой экиб, арпа  ўрганлар

 Қисса   (давоми)

 II-қисм

 Ажаб савдолар…

 Қаерга боришимни билмай, бир чойхонага бориб қўндим. Бомдод азонини эшитгач, ўзимга келиб, масжид томон йўналдим. Тасодиф деган нарса шу ерда ҳам мени ёлғизлатиб қўймай, Сафар акага дучлаштирди. Воқеани батафсил тинглагач, афсусланиб мени уйига олиб кетди.

Бир ойча бўлди. Бомдод чиқиб кетиб, хуфтон қайтаман. Жума ва шанба кунлари хизматим боис гап эгаларининг меҳмони бўлиб, уларнинг даврасида ҳам қорин тўйдириб, ҳам маънавий файзланиб юраман.

Баъзан кундузлари мардикорчиликда, баъзан тўйларда кўмаклашиб, кечалари машрабхонлик билан ўзимни овутаман. Ҳамшаҳарлар орасида эътиборим жойида. Ана шу ҳурмат борлигида Сафар аканинг уйидан кетиб, ҳаётимни тўғрилаб олишим керак, деган фикр миямда айланарди.

Бугун жума. Тобим йўғлигидан гаштакка боролмаслигимни хабар бериб қўйдим. Сафар ака қаергадир кетган. Хонамни ичкаридан қулф-лаб қўйиб, иситмалаб ётибман. Бир пайт кимдир эшик қоқди. Терлаб ётибман, овоз бермадим. Эшик эса тўхтовсиз дук-дук қиларди. Охири майин аёл овози эшитилди:

— Онт ичаман, сизга зарарим тегмайди. Мастава олиб келдим. Сиз билан икки оғизгина гаплашиб олмоқчиман. Хўп демасангиз, ҳаётимга зомин бўласиз.

Роса у ёқ-бу ёғини ўйлаб, эшикни очдим-у, бурчакка биқиниб олдим.

Заифа кириб патнисни хонтахта устига қўйди-да, ўзи эшик олдига чекиниб, мени дастурхонга таклиф қилди.

“Раҳмат” дегандай бош ирғадим-да, маставага бутун нонни бўктириб, пок-покиза туширганимни ўзим ҳам билмадим. Иккаламиз ҳам жим. Бир-биримизнинг оғзимизни пойлардик. Ниҳоят у:“Кечиринг, Ориф ака” — деди-да, ҳўнграб йиғлаб юборди. Нима дейишни билмай, дудуғланиб қолдим. Жувон ярим соатча достонини сўзлади.“Сафар акангиз мени пул кучи билан никоҳлаб олганлар. Севганим худди сизга ўхшаган чиройли йигит эди. Тақдирга тан бериб, номусимни сақлаб келмоқдаман. Аммо, уят бўлса ҳам айтай, у киши (Сафар ака) эркакликдан маҳрум, хунаса. Билиб туриб, зулм билан олиб юрибди. Мен“Талоғимни беринг”, десам,“ўлганимда оласан”— дейди. Агар ўртага тушиб озод бўлишимга ёрдам берсангиз, бир умр хизматингизни қилардим. Бошқа ниятим йўқ. Агар ниятим бузуқ бўлганда эркак зоти Ҳиротдан келибдими”, — дея кўз ёши қилди.

Уни юпатиш ўрнида айтганим шу бўлди:

— Синглим, бу гапларни сиз айтмадингиз, мен эшитмадим. Чунки, сизлар шаръий эр-хотинсизлар. Сабр қилинг, бир йўли чиқиб қолар. Тез уйга кириб, ишингизни қилинг, Сафар ака келиб қолсалар, шубҳаланишлари мумкин. Менга ишонганингиз учун раҳмат.

Гапим тугамай, ташқаридан оёқ товуши эшитилди… Эшик ланг очилиб, Сафар ака пайдо бўлди. Хотинига кўзи тушдию заифанинг сочидан судраб, дўппослай кетди. Кайфим учиб,“ҳай-ҳай”лаб, ёнларига борган эдим, Сафар ака шартда ханжарини чиқариб, менга ўқталиб қолди:

— Йўқол, беномус! Қўйнимда илон сақлаган эканман. Қўлимда ажалинг етмай туриб йўқол, ифлос!

Начора! Қўни-қўшнининг эшитиб қолишидан қўрқиб, иситмада апил-тапил кийинарканман:“Илтимос, гапимни тингланг аввал”, — дея минғирладим. Аммо унинг гапимни эшитишга тоқати йўқ эди,“Йўқол, итвачча!” — дея қичқирди кўзлари қонга тўлиб. Бир амаллаб уйдан чиқдим-да, ярим кечада чойхонага бордим. Асли толесизлик пешонага ёзилгандан кейин қийин экан, яна буғдой экиб, арпа ўрдим. Эй Худо, бу не кўргулик!

* * *

Қайдасан Мазори Шариф…

Тузалиб қолгандай бўлсам ҳам, вужудим латтадай эзилган. Барибир Мозори Шарифда истиқомат қилиш ҳаваси кўнглимдан кетгани йўқ. Ҳамроҳ истаб, шаҳар чеккасидаги деҳқон бозор томон йўналдим.

Сарой дарвозаси олдида икки от қўшилган янгигина извош Қундуз шаҳрига жўнамоқчи бўлиб, яна битта йўловчи кутиб турган экан. Таваккал қилиб, беш афғний тўлаб, шунга чиқиб олдим. Мендан бошқа яна уч йўловчи, аравакаш билан беш киши эдик. Ичкарида биттаси Мозори Шариф тожикларидан бўлиб, номи Ғуломсаҳий экан.

Йўл анчагина бор. Суҳбатлашиб кетдик.

Ғуломсаҳийнинг кабобпазлик дўкони бор экан. Орзу қилсам“Иш тайёр”, — деди.

— Насиб, — дея жавоб бердим ичимдан суюниб. Олдин бу шаҳарга омон-эсон бориб олиш керак эди. Қабристонга ўхшаш вайрона қишлоқлардан ўтиб боряпмиз. Аҳоли ҳаддан ташқари ночор ва ибтидоий. Йирик тошли йўллардан извош силкина-силкина юради, барчамиз ичи тушган қовундек бўлдик ўзиям.

Қундузда бир кеча-кундуз дам олдик. Кўча-кўй айланиб, саройга қайтдим. Бир ерлик кишининг сўзига қараганда, шаҳар ободончилигига сабаб, янги кўчиб келаётган фарғоналик муҳожирлар экан. Аммо, мен йўлда ҳамюртларимга дуч келсам ҳам,  сўрашишга ботинолмай, гўё ҳаммалари сўнгги воқеадан хабарлари бордай ҳадиксираб, сўрашишга чўчирдим.“Киши хиёнат қилмай туриб шунчалик қийналса, хиёнат  қилганлар қандай бош кўтариб юраркин-а?!” — ўйлардим ўзимча.

Эртаси куни тахтадан ясалган ибтидоий солда Қундуз дарёсидан нариги томонга ўтиб олдик. Бу томон у ёқдан ҳам беш баттар экан. Атроф қуш учса қаноти, одам юрса оёғи куядиган биёбон. Номи ҳам “Исми жисмига монанд” дегандай:“Дашти Қободиённинг беш томони”. Аммо дарёнинг лаққа балиғидан еб, мазза қилдик.

Ғуломсахийнинг сўзига қараганда, бу чўлнинг шимоли Амударёга, Ғарби Майманага ва жануби Мозори Шариф шаҳрига бориб тақаларкан. Зотан биз шу чўлдан юриб ўтган эдик. Икки отли аравада уч киши кечаю кундуз йўл юриб, ниҳоят манзили мақсуд — Мозори Шарифга етиб келдик.

Дарҳақиқат, шаҳар Ғуломсахийнинг мақтаганича бор экан. Хусусан, Равза зиёратгоҳига гап йўқ. Болалигимда Ҳўқанд саройини кўрган эдим. Унинг ёнида Равзанинг меъморий шакли жудаям бошқача. Фахр-ланадиган томони шундаки, бу обида ҳам боболаримиз Ҳусайн Бойқаро ва Навоий ҳазратларидан қолган мерос. Аслида-ку, бу тупроқлар ҳам она-Туркистонга қарашли.

…Тўғри Ғуломсахийнинг ҳовлисига бориб қўндик. Бир кун дам олгач, бозорга тушиб, харажат қилиб қайтдим. Уй эгасининг рухсати билан боплаб олти кишилик ош дамладим.

Уй эгалари кунига олти афғонийга иш таклиф қилишди. Бир ҳафта кейин иш бошлашга келишдик.

Пайшанба куни эди. Бозор тушдим. Бозорда мўл-кўлчилик,  ҳар растада камида йигирма-ўттиз муҳожир ҳамюрт савдогар бор. Туб аҳолининг аксариси — покизагина кийинган тожик, туркман кишилар. Агар яккам-дуккам даға бўлмаса, гўё Наманган бозорими дейсиз. Қонга ўхшаш, бурмали иштон кийган дағаларнинг ифлослиги кўнгилни оздиради.

Тепароқдаги дўконда ўтирган қора соқолли нуроний киши барваста қоматини кўтариб, мени чорлагандай бўлди. “Менми?” — дея бармоғимни кўкрагимга бигиз қилдим. “Ҳа”, — деган маънода бош ликиллатди у. Салом бериб, яқинлашдим. Новчалигига қарамай, чаққон сакраб дўкондан пастга тушди. Маҳкам қучиб сўраша кетди:

— Водийданмисиз? Янги келдингизми? Исмингиз нима? — деган  саволлар билан юқорига бошлади. Дуои фотиҳадан сўнг бирпасда апоқ-чапоқ бўлиб кетдик. Қондошлик мўъжизаси шу бўлса керак, деб ўйлаб, юрагим орзиқиб кетди.

Янги танишим         ҳунаримни сўраб қолди. Ошпазман, дедим.

— Менинг исмим Жавлон. Андижоннинг Дардак қишлоғиданман. Дўкон ўзимники. Ҳовли, боғим бор. Бу кеча меҳмон бўласиз,— деди у.

— Омон бўлинг, ташаккур, бошқа жойга бораман деб қўйган эдим. Исмим Ориф, янги келдим. Худо хоҳласа, ҳали кўп кўришамиз.

— Аттанг. Менда толе бўлса, Ватандан ажраб қолармидим, — дея сўлиш олди дўкондон.

“Ватан” сўзини эшитиб, аъзои баданим титраб тушди. Ундан узоқлашганим сайин муҳожирларга шунча кўп дуч келмоқда эдим.

“Азон яқин” дея турмоқчи бўлдим. Аммо самоварчи бир чойнак чой, мева-чева тўла патнисни Жавлон акага узатди.

— Ҳали вақт бор, жияним.

У икки-уч исмни айтиб чақирган эди,  зум ўтмай торгина дўконча одамга лиқ тўлди, қўйди.

Бир-бир кўришдик. Барчалари ҳам Ватандан хабар кутгандай менга мўлтайиб қараб турар, савол устига савол берар эдилар. Шунда ичларидан биттаси:

— Биродарлар, ҳаммага бирданига жавоб қайтариш қийин. Яхшиси, меҳмонни гапимизга таклиф қилайлик, ўшанда гап оламиз жиянимиздан, — деди кўзлари ёшга тўлиб.

Шу тўхтамга келиб, хайрлашдик.

* * *

 Ватандошлар билан дийдор кўришувлар…

Кейинги ҳафта учрашуви учун хўжайиндан рухсат сўраганимда у бажону дил хўп деб, қўлимга анчагина қоғоз пул ҳам тутқазди ва қўшиб қўйди:

— Якшанбага рухсат, бемалол.

Эрталаб ювиниб-тарандим-да, йўлга тушдим. Равза узоқлардан кўзга ташланиб турарди. Мозори Шариф шаҳрининг фахри бўлган феруза гумбази неча асрлардан бери бешикаст, савлат тўкиб турибди. Бино ичидаги даврахоналарда сийрак қабрлар бор. Саҳна ўртасида гўё ҳазрати Алининг мозори. Ваҳоланки, ҳазрати Али бу томонларга келгани ҳам йўқ. Аммо ривоятга кўра, турли тарафлардан келган муридлар ҳазрат Алининг маййитини ўз юртларига олиб кетиш учун еттита тобут олиб келишган эмиш. Тобутлардан:“мен қайси тобутда кўринсам, ўшаларникиман”, — деган овоз келармиш. Еттита тобутда ҳам у киши намоён бўладилар, бинобарин тобут эгаларининг ҳар бири ҳазрат Алини ўзлари билан олиб кетганига ишонар эди. Шунга ўхшаб, Фарғонадаги Шоҳимардон қишлоғи аҳли ҳам шундай эътиқодга эга эдилар.

Равза ҳовлисининг шимолий томонида чорбоғ ва ҳазрати Аббос зиёратгоҳлари, кун чиқарда Болойиҳазор ясама тепаси, кун ботар томонида аҳоли ҳовлилари ва бир туп чилонжийда ва бир арча дарахти қаламдай ҳавога тиралиб ўсган. Халқ орасида Сабр дарахти номи билан машҳур. Унинг ёнида жудаям чиройли чиннилар билан безанган хароба бир обида. Тўғрироғи, у Равзадан алоҳида. Аммо йўл билан бир-бирига уланганидан Равзага қарашлига ўхшарди. Афғон раҳбарлари бу бинони бузиб, турк изларини йўқотиш ҳаракатида эмишлар.

Равзанинг жанубий томонидаги катта кўчанинг ўнг томонида ҳазрати Баҳовуддин Балогардоннинг зиёратгоҳи бор. Равзанинг яна бир хонасида эски подшолардан Шералихоннинг қабри ястанган. Равзанинг кенг ҳовли саҳни кўк-сариқ тўртбурчак, қизғиш пишиқ ғиштлар билан фаршланган. Мингларча оқ каптарлар ғужғон. Бу каптарлар аждоди асли Самарқанддан олиб келинган экан, ораларида бирорта қораси йўқ.

Равзанинг жанубий дарвозасида пахмоқ соқол, салласи катта, дуо-гўй эшонлар ўтиришарди. Аслини сўрасангиз, улар ковуш пойлаган текинхўрлардан бошқа нарса эмас. Тижорати ривожланган Мозори Шариф савдогарларининг кўпчилиги туркий халқлар бўлиб, нисбатан зиёли кишилардир. Даға афғонлар ҳокимият ғурури билан ўзларини осмонда тутишади, бу яхшимас, албатта, аммо ўз эли орасида биродарона ҳамжиҳатлик кўзга ташланиб туради.

Жума намозидан кейин Жавлон ака билан бирга Абдурашид Самарқандий исмли бир юртдошнинг боғига қараб жўнадик. Сув танқислигига қарамай, маҳалла жуда покиза. Сердарахт. Хусусан, ҳожатхона масаласи Хонободдагиларга қараганда анча дуруст. Бу шаҳарнинг ҳавоси қишда жуда совуқ, ёзда жуда иссиқ бўлиб, айниқса гармселини жаҳаннамдан нишона дейишади.

Ана шундай “жаҳаннамий” ҳавода тўсатдан салқин жойга кириб тиниқ сув тўла балиқлар ўйнаб турган чинор остидаги ҳовуз бўйида чўғдай, туркман гиламлари устига тўшалган атлас кўрпачаларда дам олиб, меҳмон бўлиш қанақанги ҳузур бағишлашини ўзингиз билаверинг.

Бизларни дарвозахонадан боғ эгаси Абдурашид Самарқандий қаршилаб, меҳрибонлик кўрсатди. Дарвоза пешонасига арабча имлода жудаям чиройли ва жуда йирик ёзув билан“Абдурашид Самарқандий” деб ёзилган. Меҳмонлар салом беришиб, бирин-кетин кела бошлашди. Кўзим қип-қизил туркман гилами устидаги атлас кўрпача ва оқ парқуларда. Гўё Ватанимдаги бир боққа кириб қолгандайман.

Меҳмонлар жойлашгач:“Илоё келаси мажлисимизни Ватанда ўтказиш насиб этсин”, — дея юзларига фотиҳа тортишди. Бир лаҳза овозлар товланиб, кўзлар ёшланди. Сўрашиш асносида Жавлон ака мени“пазанда укамиз, Орифжон”, — дея таништирди. Бош эгиб, икки қўлим кўксимда, таъзим қилдим. Кейин даврада ўтирганлар ўз номларини ва қаерлик эканликларини бир-бир айтиб, роҳатбахш совуқ сувда қўл чайишди, миллий таому неъматлардан тановул қилишди. Таомдан кейин бир-икки оят тиловат қилишиб, яна Ватан озодлиги, тинчлик-омонлик учун дуо ўқишди. Чойдан кейин уй эгаси менга қараб:“Орамизга хуш келдингиз, Ватан ҳидини олиб келдингиз” дея яна бир бор илтифот кўрсатишди.

Абдурашид ака новча, барваста кишига:

— Қани, қори Сойиб, марҳамат, — дея мурожаат этди.

Ул зотнинг лақаби шоир Увий, номлари Қори Муҳаммадшариф экан. У киши ҳам кўз ёшини артиб туриб, ўн-ўн икки мисрали бир шеърини ўқиб, даврадагилардан олқиш олди. Ундан сўнг Мирзаҳаким номли ҳўқандлик ҳазилкашга сўз берилди. Ундан сўнг бир кўплари Ҳуррият, Ватан ва муҳожирлик ҳақида ўз улушларини баён қилиб, юртдошлар орасида жуда қадрли бўлган Шоилҳом Тошкандий орзусига биноан“Ҳижрон турур жафосидан жон бўлди беқарор”, — деган ҳазин ашулани бошлади. Жамоат пиқиллаб йиғлашиб олдик. Кейин ҳамма менга қараб, Ватан ҳақида маълумот истади.

Қишлоқдан чиқишдан бошлаб, шу мажлисгача ўз ҳикоямни сўзлаб, ҳурмат кўрсатдим. Вақт анча кеч бўлгач, фотиҳага қўл очиб, яна бир бор Ватан озодлиги учун дуо қилинди…

* * *

Даға афғонларнинг асл башараси…

Мозори Шариф аҳолисининг ҳусни-хулқи, Ватанимизга қўшнилиги, нон, қаймоқ ва меваларининг мўллиги Ватанни эслатганигами, унга боғланиб, олти йилча қолиб кетдим. Аҳён-аҳёнда Тошқўрғон шаҳарчасига бориб келаман. Тарихий Балх, оталар ёдгорликлари, хусусан, Аҳмад жангчининг мозорига зиёратлар, тарихий воқеалар ҳақида ҳайратомуз ҳикоялар мени аждодлар тупроғига боғлаб қўйди.

Яна Оқнай, Сарикўл, Маймана, Андхўй деган бир кўп шаҳарларни айланиб чиқдим. Барчаси ҳам тарихийлиги билан маълум ва машҳур.

Мозори Шарифдаги муҳожир юртдошларнинг гапу гаштаклари мазмунидан Ватанга интилишини кўриб қойил қоламан. Ҳар суҳбатда Оврупо ва Туркияда миллий курашчи ватанпарварлар томонидан нашр қилинган китоблар, журналлар ва газеталардаги чиқишлар мени маҳлиё этарди.

Ибн Сино, Алишер Навоий, Бобур, Нажмиддин Кубро, Хўжа-обид, Абдураҳмон Жомий, Муқимий, Абдулла Қодирий, Чўлпон, Садриддин Айний, Махтумқули, Абай, хуллас, аксари мумтоз ёзувчилар ва уларнинг асарлар устида бўладиган суҳбатларда мен аслимни танигандай бўламан. Бундай йиғинларда беғараз хизмат қилар ва бундан ўзим кўпроқ ҳузурланардим.

Айрим харажатлар, хусусан, моддий томондан қийналиб қолганлар учун пул тўпланганда мен ҳам баҳоли қудрат ҳиссамни қўшаман. Иш жойимда хўжайин хурсанд. Ҳаққимни бегидир адо этиб туради.

Жонимни қийнаган бир нарса — гиламчи туркман аёлларининг аҳволи жуда чатоқлиги эди.

Бизда шўролар бўлса, бу ерда дағалар оддий халқ бошига битган бало эди. Шўрлик халқ ўз молини Афғонистон иқтисодиётига қўшган ҳисса деб билган ҳолда меҳнатига яраша ҳақ ололмасди. Ўзбеклигим учун шундан айниқса изтироб чекардим.

Шу орада бир воқеа бўлиб ўтди.

Хўжайиним Ғуломсахийнинг бир қайинсинглиси бор эди. Бир-икки бор дарвозахонада сочи узун даға йигит билан адабсиз вазиятда кўрган эдим. Иккаласи қўрқиб, сирларини фош қилмаслигим учун роса ёлворишди. “Менга нима”,— деб қўя қолдим. Бир ойча кейин хўжайин, хонани тозалаб, кир-пиримни ювиб берсин деб ўша қизни юборди. Рад қилдим. Аммо хўжайин ўзи келиб ундагандан кейин иложсиз калитни бериб, чиқиб кетдим. Хуфтондан сўнг қайтиб, не кўз билан кўрайки, даға йигит билан қиз ювуқсиз ҳолда ётишарди. Йигит тезда кийиниб чиқиб кетди. Унинг дўппайган чўнтагига кўзим тушиб, юрагим шув этди, ёстиқлар орасини титкиладим. Йиллар меҳнат қилиб, емай-ичмай, Ватанга қайтиш учун тўплаган ақчамни “ер ютган” эди. Вақтни ўтказмай хўжайинга югуриб, пул воқеасини баён қилдим-у, қиз ҳақида индамай қўя қолдим.

Ғуломсахий ҳайрон бўлиб, бугунгача берган пулини ичида ҳисоблагандай деди:

— Жуда катта пул-ку.

— Ҳа. Жуда катта пул.

Ғуломсахий қизни чақириб, сўраб кўрди. Аммо натижа йўқ. Қўлимни бурнимга тиқиб қолавердим. Миршабга берай десам, даға миршаблар ҳужжат сўраб, бошимга бало орттиришдан қўрқдим. Ҳатто ҳамшаҳарлар орасидаги бирорта дўстларимга масалани очмай, эски ишимда давом этдим. Ўша-ўша даға йигит ҳам, қиз ҳам кўринмай кетди.

Орадан олти ойча ўтди. Миш-мишларга қараганда, қизнинг ҳомиладорлиги ошкор бўлиб, Ғуломсахий уни калтаклабди. Ҳаромининг отасини сўрашганда, жувон ўлгур менга юклаб қўя қолибди…

Хўжайин ҳам оғзи қулоғида, ҳиринглайди:

— Хотиржам бўлинг, ёпиқлиқ қозон ёпиқлигича қолади, дарҳол тўйни бошлаймиз.

— Нима, тўй?! — дедим, жоним чиқиб.

— Бошга тушганни кўз кўради, дейдилар каллахом ўзбак.

Чапараста жаҳлим чиққанини сезди, шекилли, сал мулойимлик билан гапиришга ўтди.

— Ёлғон!!! – дедим жавобан, титраб.

— Аввал ўйлаб иш қилсайдинг, аҳмоқ? — дея ўшқирди Ғуломсахий.

Ҳечдан кўра кеч, дея ўша воқеани батафсил сўзлаб берган эдим, аммо у ишониш ўрнига:

— Тўйдан кейин хинони… — деди, — қизнинг отаси даға, мен ҳам қўрқаман, шўро жосуси дея қаматиб юбориши мумкин.

— Бир дағани хотин қилиб яшагандан зиндонда чириганим маъқул!!! – қичқирдим мен.

Шовқинга бутун уй аҳли ёппасига югуриб чиқди. Хусусан, Ғуломсахийнинг мен ҳанузгача кўрмаган алвасти келбат хотини супургиси билан ҳужумга ўтди:

— Каллахом ўзбак, жосус, қочоқ, чапандоро!.

Калтакдан аъзои баданим шилиниб, тўғри Жавлон аканинг олдига бордим. Воқеани эшитгач, ишонишни ҳам, ишонмасликни ҳам билмай, ҳайрон бўлиб қолди. Ювинтириб-кийинтириб, бир кеча меҳмон қилди. Эрталаб бир от аравакаш бирлан келишиб, мени Тошқўрғонга кузатиб қўйди.

Азиз юртдошларим билан хайр-маъзурни насия қилиб қочганим учун ҳали-ҳануз ўзимни кечиролмайман. Яна бир бор буғдой экиб, арпа ўрганим қолди…

Мавлон Шукурзода нашрга тайёрлади

Давоми бор.