Алишер Усмоновга тегишли “Металлоинвест” компанияси 2011 йилда 1,5 миллиард доллар фойда олди

“Forbes” ва “Bloomberg” версияларига кўра Россиянинг 2012 йилдаги энг бадавлат кишиси – Алишер Усмоновга тегишли “Металлоинвест” холдинг компанияси 2011 йилда жами 1,43 миллиард доллар фойда олди. Бу бир йил олдинги кўрсаткичга қараганда 19,4 фоизга кўп демакдир. Эслатиб ўтамиз, компаниянинг фойдасини ҳисоблашда молиявий ҳисоботнинг халқаро стандартидан фойдаланилган.

“РосБизнесКонсалтинг”нашрининг ёзишича, “Металлоинвест”нинг 2011 йилдаги даромади 9,9 миллиард долларни ташкил қилиб, бунда йиллик ўсиш 38,7 фоизга тенг бўлган.

Компания чиқарган расмий хабарномада таъкидланишича, “Металлоинвест” келаси 5-10 йил ичида ўзининг тоғ-кон қазилма саноати йўналишини ривоэлантиришга асосий эътиборини қаратади. Бунда, у пўлат ишлаб чиқариш ҳажмини ошириш учун металлургия соҳасидаги бошқа компанияларни сотиб олишни кўзда тутмаган. Бироқ, у ишлаб чиқариш қувватини ошириш учун бир нечта янги лойиҳаларни ишга туширишни режалаштирмоқда.

“МЕТАЛЛОИНВЕСТ” – темир-руда хомашёси ва брикетланган иссиқ темир ишлаб чиқарувчи жаҳондаги энг йирик компаниялардан бири. Компания дунёдаги энг йирик темир-руда конларига эгалик қилади ҳамда темир-руда хомашёсини ишлаб чиқаришда энг кам таннархга эга саналади. “Металлоинвест”нинг энг йирик акциядори миллиардер Алишер Усмоновга тегишли “Gallagher Holdings” (50% акцияси) саналади. Унинг бошқа акциядорлари – Владимир Скочга тегишли “Seropaem Holdings” (30%) ва “ВТБ” банки (20%).