“Microsoft” корпорацияси Россияда ўзининг илмий тадқиқот марказини ишга туширмоқда

“Microsoft” корпорацияси Россиянинг “Сколково” инновацион маркази ҳудудида ўзининг илмий тадқиқот марказини очмоқда. Бугун 21 май куни “Сколково” жамғармаси президенти Виктор Вексельберг ва “Microsoft” вице-президенти Кирилл Татаринов бу ҳақдаги шартномага имзо қўйишди.

Ушбу марказ амалий изланишлар олиб бориш ҳамда “Microsoft Dynamics” бизнес-тизимини ишлаб чиқишда иштирок этади. 2015 йилгача унга юздан ортиқ мутахассисларни жалб қилиш режалаштирилмоқда. Стив Баллмернинг компанияси мазкур лойиҳага бир неча ўн миллион доллар маблағ ажратган.

“Microsoft”нинг илмий тадқиқот маркази “Сколково” очиқ университети ҳамда “Сколково” фан ва технологиялар институти билан ҳамкорликда иш олиб боради.

“Microsoft” корпорацияси Россияда янги ташкил қилинган “Сколково” инновацион марказининг йирик ҳамкорларидан бири саналади. Компания 2010 йилнинг ноябрь ойидаёқ “Сколково” жамғармаси билан ҳамкорлик қилиш тўғрисида келишув имзолаган. “Microsoft”дан ташқари, “Cisco”, “Ericsson”, “Intel”, “Nokia” ва бошқа компаниялар ҳам “Сколково” билан ҳамкорлик қилмоқда.

“Сколково” инновацион маркази худди шу номли қишлоққа яқин жойда, Подмосковье шаҳрида жойлашган. Уни ташкил қилишдан мақсад Россияда “Силикон водийси”нинг (АҚШ) аналогини яратиш бўлган. Бироқ, “Сколково”да нафақт компьютер технологиялари, балки бошқа турдаги илмталаб технологиялар бўйича ҳам изланишлар олиб борилади. “Сколково”да ҳамкор компаниялар билан энг камида 16 та илмий тадқиқот маркази очиш режалаштирилган.

Шу пайтгача “Microsoft” ва “Сколково” ҳамкорликда Россияда “Cloud Numerics” дастурий маҳсулотини ишлаб чиқишган.