Нью-Йоркда полиция ҳибсга олиш жараёнида Некталовлар оиласини дўппослаган

Нью-Йоркнинг Квинс шаҳрида асли ўзбекистонлик бўлган Некталовлар оиласи маҳаллий полициячилар томонидан дўппосланган. Маҳаллий “NY1” телеканалининг хабар беришича, Лефрак шаҳри полициячилари асли ўзбекистонлик Уриел Некталовни резина дубинка билан урган. Ҳуқуқ-тартибот вакилларига кўра, у ва унинг 17 яшар укаси полиция ходимлари томонидан ҳибсга олишга қаршилик кўрсатишган.

Некталовлар оиласига кўра, ака-ука ўртасидаги даҳанаки тортишувга полиция ходимлари аралашмоқчи бўлган, ўз навбатида, уларнинг онаси полициячиларга аралашмасликни айтган.

“Полициячиларга онамга нега тегиндинглар деб айтганимдан сўнг улардан бири ҳеч қанақа сабабсиз кўзимга мушт билан туширди ва кейинчалик мени ётқизиб олиб, дўппослай бошлашди”, деди Даниел Некталов.

Йигитларнинг онаси Галина Некталованинг айтишича, улар ҳибсга олиш жараёнида қўпол муомала қилиш билан бир қаторда, ўғилларига қаттиқ тан жароҳати етказишган. Чунончи, Даниел Некталовнинг бурни ва яноқ суяклари синган. Уриелнинг эса оёғига жиддий шикаст етказилган. Икки кундан бери қаттиқ оғриқ унга азоб бераяпти, дейди жабрланганлар оила-аъзолари.

Полиция ходимлари, шунингдек, иккала ўғил онаси Галина Некталовага тан жароҳати етказишган. Хусусан, шифохона қайдларига қараганда, Галина бош ва кўкрак қисмидан жароҳати олган. Унинг айтишича, полициячилар унинг кўкрагига мушт билан уришган ва икки марта деворга итариб юборган.

Иккала ака-ука ҳам полиция ходимига куч ишлатганлик ва ҳибсга олишга қарши кўрсатганликда айбланмоқда.

Маҳаллий полиция идораси ҳозирча ушбу масала бўйича аниқ изоҳ бергани йўқ. Уларнинг воизига кўра, “Биз ҳозирги кунда ушбу ҳолатни суриштиряпмиз. Фақатгина нима содир бўлганлигини аниқ тушунганимиздан кейингина изоҳ беришимиз мумкин”.

Некталовлар оиласи адвокати Тед Касаписга кўра, полиция ҳибсга олиш жараёнини ўзларича талқин қилишмоқда.