Нью-Йоркда туркий халқлар паради ва фестивали

 

Шу йилнинг 19 май куни Турк куни паради ва фестивали бўлиб ўтди. Тадбир Турк-Америка уюшмалари федерацияси томонидан уюштирилди.

Йиллик Турк-Америка намойиши ва фестивали 56-кўча ва Мэдисон шоҳкўчаси туташган жойда бошланиб, туркий халқлар миллий куй-қўшиқлари жўрлигида давом эттирилди.

Мазкур фестиваль қатнашчилари федерация аъзолари бўлган турли маданият марказлари ҳузуридаги турк фольклор рақс  ансамллари, Америка миллий рақс дастаси ва бошқа халқлар миллий маданият марказлари чиқишлари, шунингдек, машҳур турк хонандалари куй-қўшиқларига гувоҳ бўлишди.

Турк-Америка  уюшмалари федерацияси Нью-Йоркда жойлашган бўлиб, 1956 йилда АҚШдаги турк жамоасини қўллаб-қувватлаш ва бирлаштириш мақсадида ташкил этилган. Бугунги кунда федерацияга 47 турли ҳудудларда ташкилотлар аъзо ҳисобланади.

Турк-Америка уюшмалари федерацияси томонидан ташкил этилган мазкур парад ва фестивалда нафақат туркияликлар, балки туркий халқлар, чунончи, Озари, Ўзбек, Қирғиз, Туркман халқларининг миллий маданият марказлари вакиллари иштирок этишди.

Турк-Америка уюшмалари федерацияси президенти Али Чинор парад ва фестиваль иштирокчиларини қутлаб, бундай тадбирлар Америка жамиятида туркий халқлар ҳақида кўпроқ ахборот бериш, миллий маданият ва қадриятларни тарғиб қилишни кўзда тутади.