2011 йилда Россиядан MДҲ мамлакатларига 16 миллиард доллар пул жўнатилган

2011 йилда Россиядан MДҲ мамлакатларига юборилган жисмоний шахсларнинг шахсий пул ўтказмалари ҳажми 16,744 миллиард долларни ташкил қилди. Бу ҳақда Россия Банки (Россия Федерациясининг марказий банки) материалларида келтирилган. Таққослайдиган бўлсак, 2010 йилда Россиядан MДҲга юборилган пуллар 13,525 миллиард долларни ташкил қилган эди.

Бу йил ҳам Ўзбекистон Россиядан пул ўтказмаларини қабул қилишда етакчи давлат сифатида сақланиб қолди. 2011 йилда Россиядан Ўзбекистонга юборилган пуллар миқдори 4,909 миллиард долларни ташкил қилди. Таққослайдиган бўлсак, 2010 йилда бу кўрсаткич 3,834 миллиард долларга тенг бўлган эди.

Кейинги ўринларда эса Тожикистон ва Mолдавия – мос равишда, 2,752 ва 1,647 миллиард доллар. Энг кам маблағ Туркманистонга юборилган – 22 миллион доллар.