“Twitter”, Иккинчи Жаҳон уруши ва махфий маълумотларнинг фош қилиниши

Сўнгги бир неча йиллар ичида “Twitter”нинг шошилинч хабарларни, айниқса расмий манбалар чиқармайдиган хабарларни беришда бошқа ресурсларга қараганда анча олдинда эканлигига гувоҳ бўлганмиз. Шу ҳафта яна шундай воқеаларнинг бири рўй берди. Обама маъмурияти унинг Афғонистонга қилган ташрифини махфий сақлашга қанчалик уринмасин, “Twitter” бу хабарни бутун дунёга тарқатди. Афғон веб-сайтларининг бирида чиққан ушбу махфий хабарни кимдир “Twitter”га ёзган, натижада у фойдаланувчиларнинг бир-биридан ўтиб, бутун дунёга ёйилди.

CNN ва “The Huffington Post” нашрларининг тасвирлашича, Обаманинг Афғонистонга қилган сафарини махфий сақлашдан мақсад унинг хавфсизлигини таъминлаш бўлган.

Обама воқеасининг “Twitter”да тарқалиб кетиши аслида бундай кечган: “TOLONews” деган афғон янгиликлари веб-сайти “Twitter”да Обаманинг Ҳомид Қарзой билан учрашув ўтказиши ҳақида хабар қолдирган. Орадан ҳеч қанча вақт ўтмай, мазкур твит АҚШ Давлат департаментининг талабига биноан ўчирилган. Бироқ, ўша “ҳеч қанча вақт” ичида ушбу хабарни кўпчилик кўриб, уни “ретвит” қилишга улгурган эди. Шундан сўнг, “Twitter”да Обама айни вақтда Вашингтондами ёки Қобулдами, деган саволлар ёғила бошлади.

Ўтган йили “WikiLeaks” воқеаси туфайли одамлар бир неча йиллардан бери АҚШ ва бошқа давлатлар ҳукуматлари томонидан сир сақланиб келинаётган маълумотларни билишга муваффақ бўлишди.

Яқинда “Associated Press” (АП) агентлиги бундан 60 йил аввал ишдан бўшатган мухбиридан кечирим сўради. Едвард Кеннеди исмли АП мухбири Иккинчи Жаҳон уриши кетаётган пайтда Германия бу урушни тўхтатиш ҳақида қарор қилгани ҳақидаги хабарни АҚШ ҳукуматидан “рухсат” олмай эълон қилиб юборгани учун ишдан ҳайдалган эди.

Тасаввур қилиб кўринг, Иккинчи Жаҳон уруши пайтида ҳам “Facebook” ёки “Twitter”га ўхшаган ижтимоий тармоқлар ҳамда мобил телефонлар бўлганида, уруш қандай тус олган бўларди?! Хўш, ижтимоий медиа шу кетишда давом этадиган бўлса, бир кун келиб АҚШ ҳукумати “Facebook” ва “Twitter”ни ҳам сензура остига олиши мумкинми?