АҚШ бюджети 2008 йилдан бери илк марта профицитга чиқди

АҚШ федерал бюджети 2012 йилнинг апрель ойида 59,1 миллиард долларлик профицит билан бажарилди, дея хабар беради мамлакатнинг молия вазирлиги. Шундай қилиб, АҚШ бюджети 2008 йилнинг сентабрь ойидан (46 миллиард доллар) бери илк марта ойлик профицит билан чиқмоқда.

Эслатиб ўтамиз, ўтган йилнинг апрель ойида Американинг давлат бюджети 40,4 миллиард долларлик дефицит билан бажарилган эди.

Давлат бюджетининг даромадлар ва харажатлар оқимига тўхталадиган бўлсак, апрель ойида кирим 318,8 миллиард долларни, чиқим эса 259,7 миллиард долларни ташкил қилган.

Бироқ, АҚШ бюджети 2012 молиявий йилнинг (октабрь ойида бошланган) дастлабки 7 ойи мобайнида 720 миллиард долларлик дефицитга эга. Конгресс қошидаги Бюджет бошқармасининг прогнозларига кўра, жорий молиявий йил якунларига кўра АҚШ бюджети дефицити 1 триллион доллардан ошади. Шундай бўлса-да, бу кўрсаткич ўтган молиявий йилдаги 1,23 триллион долларлик дефицитдан камроқ бўлади.