21 ёшли дастурчига энг яхши “ВКонтакте” мессенжери учун 2,5 миллион рубль берилди

Санкт-Петербургда яшовчи 21 ёшли дастурчи Петр Яковлевга “ВКонтакте” ижтимоий тармоғи учун энг яхши мессенжер илова-дастурини ишлаб чиққанлиги учун 2,5 миллион рубль мукофот пули берилди.

Россиянинг энг йирик ижтимоий тармоқ сайти – “ВКонтакте” шу йилнинг март ойида “iPhone” смартфонлари учун энг яхши мессенжер яратиш бўйича танлов эълон қилган эди. Кеча ўша танловнинг якунлари чиқарилди.

Танловда жамид 200 дан ортиқ дастурчи ва жамоалар иштирок этиб, улардан 48 таси финалгача етиб келишди. “Бу Россия Интернетидаги илова-дастур ишлаб чиқиш бўйича энг йирик танлов бўлиб, унинг мукофот жамғармаси 5 миллион рубльга тенг”, – дейилади “ВКонтакте” блогида.

Шундай қилиб, танлов натижаларига кўра Петр Яковлев томонидан яратилган “VK Messages” илова-дастури биринчи ўринга лойиқ деб топилди. Маълум бўлишича, у айнан ушбу танловда иштирок этиш учун “Objective C” дастурлаш тилини ўрганган. Чунки, ушбу тил “iOS” учун илова-дастурлар ишлаб чиқишда қўлланилади.

“VK Messages”дан скриншот

“VK Messages”да фойдаланувчилар мазкур ижтимоий тармоқдаги дўстлари билан лаҳзали мулоқот қилишлари, гуруҳларда суҳбат қуриши, бир-бирларига расм юборишлари мумкин бўлиб, ҳатто ўзининг қаерда эканлигини билдирувчи геолокацион функция ҳам ўрнатилган. Ушбу илова-дастурни мана бу ердан бепул кўчириб олишингиз мумкин.

Танловда иккинчи ўринни Максим Однолетков (“Чат VK”), Николай Кудашов (“vkChat”) ва Михаил Ломтев (“Booklya”, модерация жараёнида) бўлишиб олишди. Уларнинг ҳар бирига 500 минг рубльдан пул мукофоти ва келажакда “ВКонтакте” билан ҳамкорлик қилиш имконияти тақдим этилди.

Учинчи ўринга ўн киши лойиқ деб топилиб, уларнинг ҳар бирига 100 минг рубльдан мукофот пули берилди.