18 июннинг беш хабари

Дунёда ҳар куни шу даражада кўп воқеалар содир бўладики, уларнинг қайси бирини ўқишниям, қайси бирига ишонишниям билмайсан киши. “Ватандош” — душанбадан жумагача — куннинг энг муҳим бешта ижтимоий-сиёсий, иқтисодий ҳамда маданий хабарларини бериб боради.

 


 

Медведев ягона валюта ҳақида ўйлашни таклиф қилди

Россия Федерацияси бош вазири Дмитрий Медведев Россиянинг собиқ пойтахти Санкт-Петербургда бўлиб ўтган бизнес-форумда Евроосиё иқтисодий иттифоқи тузилганидан сўнг ягона валюта тизимини жорий этишни ўйлаб кўриш керак, деб айтди. «Истиқбол ҳақида, Евроосиё иқтисодий иттифоқи доирасида фикрлаш, ўйлаш керак. Албатта, ушбу масала бугунги куннинг долзарб масаласи эмас, лекин у ҳақда бош қотиришни бошлаш лозим», деб қайд этди Россия ҳукумати раҳбари. Унинг фикрича, SDR, ягона ҳисоб-китоб бирлигини жорий этиш масалаларини назарда тутиш керак. Негаки, бу истиқболда ягона валютага олиб келиши мумкин.


 

 

НАТО қуролларининг бир қисми Марказий Осиёда қолдирилиши мумкин

АҚШ ва НАТО Афғонистонда ишлатилаётган ҳарбий техникаларнинг маълум қисмини фойдаланиш ва шартли равишда сақлаш учун Марказий Осиё мамлакатлари учун қолдириши мумкин. Бу ҳақда «КоммерсантЪ» газетаси хабар тарқатди. Маълумотларга қарганда, Пентагон шу кунларда ушбу масала юзасидан музокара олиб бормоқда. Унга кўра, қурол-яроғнинг бир қисми беғараз, яна бир қисми сақлаш учун берилади. Бунда, асосан, ҳарбий-кўмак техникаларини бериш кўзда тутилмоқда. Қирғизистон мудофаа вазирлиги ушбу масалада музокара олиб борилаётганлигини тасдиқлади. Шу билан бир қаторда, Афғонистон ҳукумати ҳам аксарият қурол-яроғни Афғонистон қуролли кучлари ва ҳуқуқ-тартибот идоралари учун олиб қолиш борасида музокаралар олиб бормоқда.


 

 

Саудия тахт вориси қазо қилди

 

Маккада Саудия Арабистони валиаҳ шаҳзодаси Наиф бин Абдулазиз Сауднинг дафн маросими бўлиб ўтди. Ушбу маросимни шаҳзоданинг акаси — қирол Абулла бошқарди. Шаҳзода Абдулазиз қирол Абдулладан кейин тахтга ўтириши лозим бўлиб, у оғир хасталик туфайли Швейцарияда даволанаётган эди. У 78 ёшда бўлган. Сўнгги маълумотларга қараганда, тахт вориси сифатида кейинги шахс — шаҳзода Солмон тайинланиши мумкин. У 2011 йилда мамлакат мудофаа этиб тайинланган эди.


 

 

Юнонлар яна сайловга боришди

Грецияда мамлакат парламентига қайта сайловлар бўлиб ўтди. Дастлабки ҳисоб-китобларга қараганда, кўпчилик овозни ўнг-марказий «Янги демократия» партияси қўлга киритиб, сайловда етакчилик қилмоқда. Ушбу партия вакиллари 29,7 фоиз (129 ўрин), ўта сўл коалиция «СИРИЗА» партияси вакиллари 26,9 фоиз (71 ўрин) ҳамда «Умумюнон социалистик ҳаракати» вакиллари эса 12,9 фоиз билан учинчи ўринда бормоқда. Шуни алоҳида айтиш керакк, бу сайловлардан ўтказилган парламент сайловлари натижаси бўйича сиёсий партиялар ҳукумат тузишнинг уддасидан чиқа олмаган эди. «Янги демократия» вакиллари Грециянинг Европа Иттифоқида қолиши, Европа Иттифоқи ва Халқаро валюта жамғармаси билан кредит шартномасини тузиш ниятини билдирган бўлса, «СИРИЗА» вакиллари бундай шартномага қарши.


 

 

Ўзбекистон автотранспорт соҳасига GPS қилинади

Ўзбекистон автомобиль ва дарё транспорти агентлиги мутахассислари GPS тизими дастурий маҳсулотлари ва техникаларини Ўзбекистон шароитида синовдан ўтказишди. Тест тариқасида шаҳарлараро ва шаҳаратрофи йўналишларида фаолият кўрсатаётган автобусларда синовдан ўтказилди. Иш жараёнида эса маҳаллий шарт-шароит ва кўзланган мақсадлардан келиб чиққан ҳолда маҳсулот эгалари билан биргаликда GPS тизими дастурларига бир қатор ўзгартиришлар ҳам киритилди. Бунда айниқса хавфсизлик борасидаги кўрсаткичларга алоҳида эътибор қаратилди. Келажакда ушбу тизимни вилоятлардаги автобусларда ўрнатиш режалаштирилмоқда.