Америка миясиз қолмоқда

АҚШда президент сайловига кам муддат қолган сари номзодлар ўртасидаги баҳслар тобора қизғин тус ола бошлайди. Улардан бири, шак-шубҳасиз, иммиграция масаласидир. Машҳур журналист-эксперт, “CNN” телеканали, “Time” журнали, “The Washington Post” газетасида ўз блогига эга Фареед Закария ҳам яқинда АҚШдаги иммиграция масалаларини чуқур таҳлил этади.

АҚШ иммиграция сиёсатини таҳлил қилар экан муаллиф бошқа ривожланган мамлакатларда иммиграция масаласига жиддий эътибор қаратилаётганини таъкидлаб ўтади. Хусусан, Канаданинг бу борадаги ишларини алоҳида эътироф қилади. “Канада иммиграция сиёсати ҳозирги кунда мамлакат эҳтиёжларига жавоб берадиган иқтидорли кадрларга йўналтирилган. Бундай иқтидор эгалари ишлаш учун рухсат берадиган визани олишга шахсан ўзлари ариза топшириши мумкин. Канада ҳукумати таълим, фан, техника ва иш тажрибасига эга кадрларга виза беришга алоҳида урғу бермоқда”, деб ёзади эксперт.

Закария келтирган мисолларга қараганда, Ванкувердаги Майкрософт офисида ишлайдиган ходимларнинг қарийб барчаси хорижлик мутахассислардир. Эътиборли жиҳати, уларнинг аксарияти АҚШда олий маълумотга эга бўлган эса-да, виза олишдаги тўсиқлар боис Канадага кетишга мажбур бўлган.

Канадаги иммигрантларнинг 62 фоизи айнан юқори малакага эга бўлгани учун ҳам мамлакатда ишлаш ҳуқуқини олган. Қолган қисми эса айнан оилавий муносабатлар, яъни қариндошлик туфайли виза олишга муваффақ бўлган. АҚШда эса аксинча. Иммигрантларнинг учдан икки қисми қариндошлик туфайли виза олишга муваффақ бўлган бўлса, 13 фоизи ўз иқтидори, малакаси ва тажрибасига кўра грин-карта олган.

“Ёки Америка компанияларига иқтидорли ишчилар керак эмасми?”, дея савол беради Фареед Закария. “Афсуски, 3,7 миллиондан ортиқ иш жойларини очган Америка компаниялари малакали кадр тополмай ҳалак. Уларнинг аксарияти илм-фан билан боғлиқ соҳалардир. Ушбу йўналишда илмий иш қилган хорижларнинг қарийб ярми “ҳимоя”дан кейин ўз ватанига қайтишга мажбур бўлишмоқда”, дея ўзи жавоб беради эксперт.

Нью-Йорк шаҳар мэри Майкл Блумбергнинг айтишича, Америка иммиграция сиёсати мамлакат иқтисодиёти дуч келган энг жиддий муаммолардан бири бўлиб, бундай ёндашувни “миллий ҳудҳушлик” деб атайди.

Фареед Закариянинг ёзишича, бугунги кунда нафақат Канада, балки Австралия, Буюк Британия, Сингапур, Хитой ва Ҳиндистон ҳам “мия иммиграцияси”ни қўллаб-қувватлаш ва уларга шароит яратиш бўйича АҚШга дарс бериши мумкин. Афсуски, иммиграция сиёсати партиялар ўртасида (демократлар ва республикачилар) муҳокама қилинаётганда иқтидорли ва малакали кадрларни жалб қилиш ҳамда уларга виза олишда ёрдам бериш масаласи эмас, балки иммигрантларни депортация қилиш, чегараларга тўсиқ ўрнатишдек мантиқсиз ғоялар устуворлик қилмоқда.

Фареед Закария истиқболдаги вазифалар ҳақида гапирар экан, мамлакатда анчадан бери ишлаётган иммигрантларга АҚШда қолиш, шунингдек, жиноят содир этган ноқонуний иммигрантларни депортация қилишни кўзда тутадиган қонун қабул қилиш керак, деб айтади. АҚШ қариндошлик бўйича иммигрантлар сонини кескин қисқартириши ва ўз навбатида, иқтидорли ва малакали иммигрантларни кўпайтириши керак, дея қайд этади муаллиф.

“АҚШ дунё учун ягона модель. У умумий миллат яратилган глобал жойдир. Биз иммиграцияни бошқалардан кўра яхшироқ қилолмаслигимиз мумкин, лекин ундан яхшироқ фойдаланишимиз мумкин”, дея хулоса қилади Фареед Закария.