Обама қандай яхши бошлаган эди-я!?

Обама бундан тўрт йил муқаддам ўз президентлик лавозимига киришиб, Американинг дунё миқёсидаги обрўсини янада кучайтиришга ваъда берган эди. Бу йўлда у, аввало, мусулмон дунёсида Америка имижини мутлақо яхшилашни ният қилиб, Қоҳира университетида маъруза қилди. Мазкур маъруза қарийб барча оммавий ахборот воситаларида кенг муҳокама қилиниб, Обама тимсолида янги АҚШни кўра бошлаган эди.

Хўш, орадан тўрт йил ўтиб, вазият қайси томонга ўзгарди? Яқинда “Pew” социал тадқиқотлар маркази томонидан ўтказилган сўровлар натижасини шуни кўрсатдики, вазият яхши тарафга ўзгаргани йўқ. Ушбу сўровда дунёнинг 21 мамлакатидан 26 минг киши иштирок этди.

Сўров натижаларига қараганда, АҚШнинг азалий ҳамкорлари бўлган Европа ва Японияда Буш даврида шаклланган одамлар муносабатида бироз ўзгариш кузатилади. Айни пайтда социал тадқиқот натижалари Обама олиб бораётган сиёсат унга салбий таъсир кўрсатаётганини ҳам аниқлади.

Биргина учувчисиз ҳарбий самолётларнинг ишлатилишини олиб қарайлик. 21 та мамлакатдан 17 таси бундай ҳарбий техникаларнинг Покистон, Яман ва Сомалида террорчиларни йўқ қилишда фойдаланилишини маъқулламаслигини билдирган. Ваҳоланки, АҚШ аҳолисининг 62 фоизи бундай чорани қўллаб-қувватлайди.

“Президент Барак Обама олиб бораётган сиёсатнинг глобал қўллаб-қувватланиши сўнгги йилларда сезиларли даражада пасайди ва бу АҚШнинг имижига ҳам таъсир кўрсатмасдан қолмади”, деб ёзади тадқиқот маркази.

Шундай бўлса-да, Европа ва Японияда АҚШга ҳақида ижобий таассуротга эга ва бу кўрсаткич бирмунча ўсган. Масалан, 2008 йилда, яъни Буш даврида 32 фоиз немислар АҚШга хайрихоҳ бўлса, 2012 йилда бу 52 фоизни ташкил қилди. Японияда бу 50 фоиздан 72 фоизга кўтарилди.

Аммо мусулмон мамлакатларда бу кўрсаткич пасайишда давом этмоқда. Чунончи, 2008 йилда 19 фоиз покистонликлар Америка ҳақида яхши фикрда бўлган бўлса, ҳозирда бу 12 фоизга тушиб қолди. Мисрда эса бу кўрсаткич 22 фоиздан 19 фоизга қадар пастлади. Бундай пасайишга АҚШнинг бошқа давлатлар манфаатлари билан ҳисоблашмаслиги сабаб бўлган. Шундай бўлса-да, Обаманинг қайта сайланишини Европа ва Лотин Америкаси мамлакатлари маъқул, деб ҳисоблашмоқда. Дейлик, Францияда 92 фоиз респондентлар Обама иккинчи муддатга сайланиши керак, деб фикр билдирган. Бу Германияда 89 фоиз, Бразилияда 72 фоизни ташкил этган.

“Агар бу рақамлар АҚШда бўлганида Обаманинг “иши юз” бўларди”, деб ҳазил қилади экспертлар. Лекин 76 фоиз мисрликлар, 73 фоиз иорданияликлар Обаманинг қайта сайланишига хоҳиш билдиришмаган.

Бундан кўриниб турибдики, Обама томонидан олиб борилган “икки томонлама стандартлар”, қолаверса, берилган ваъдаларнинг амалда рўёбга чиқарилмаслиги АҚШнинг барибир “ғараз”ли мамлакат сифатида қолишига сабаб бўлмоқда.