Туркия ҳарбийлари урушга тайёрланаяптими?

Туркия ҳаво мудофаа кучлари ўз ракета ва артиллерия тизимларини Сурия билан чегарадош ҳудудларга жойлаштира бошлади. Ҳарбий техникалар колоннаси бугун ҳарбий базадан Искандарун ва Диёрбакир туманлари томонга йўлга чиқиб, шу йилнинг 22 июнь куни Сурия ҳаво кучлари томонидан Туркия қуролли кучларига тегишли F-4 “Фантом” қирувчи-ракетасини ўз ҳаво кенгликларида уриб туширилган ҳудудга яқин жойда жойлаштирилган.

Шуни алоҳида қайд этиш керакки, Сурия мудофаа кучлари ушбу ҳарбий учоқ қайси давлатга тегишли эканлигини билмаган ва ўз ҳаво кенгликларида уриб туширган. Бироқ расмий Анқара ушбу масала юзасидан ўз баёнотини бериб, қирувчи самолёт халқаро ҳуқуқ амал қиладиган ҳаво кенгликларида уриб туширилган, деб таъкидлаган.

Ушбу воқеадан сўнг Туркия бош вазири Ражап Эрдоғон мамлакатда юқори ҳарбий тайёргарлик ҳолати эълон қилинганини маълум қилди. Унинг фикрича, агар Сурия ҳарбийлари Туркия билан чегарада қандайдир хатти-ҳаракат амалга оширадиган бўлса, у ҳарбий таҳдид сифатида қаралишини айтиб ўтган эди.

 Ҳозирги кунда расмий Анқара ва Дамашқ ўртасидаги муносабатлар ўта таранглашган бўлиб, халқаро экспертлар ҳар қандай иғво урушга олиб келишидан огоҳлантиришмоқда.