АҚШ элчиси Ядро физикаси институтига автомобиль тақдимоти маросимида қатнашди

АҚШ элчиси Жорж Крол (ўртада) Ядро физикаси институтига автомобиль тақдимоти маросимида қатнашди.

2012 йил 11 июль куни АҚШ элчиси Жорж Крол Ўзбекистон Ядро физикаси институтига қилинган иккита “Мицубиcи Л 200” автомобили тақдимотида иштирок этди. Бу автомобиллар Экспортни назорат қилиш ва чегара хавфсизлиги дастури доирасида сотиб олинган бўлиб, Ядро физикаси институтига АҚШ Мудофаа вазирлиги томонидан илгари берилган автомобиллар ўрнини эгаллайди. Улар Ўзбекистоннинг 33 та миллий чегара пунктларида ўрнатилган нурланувчи портал мониторларни иш ҳолатида сақлашга масъул Ядро физикаси институтидаги техникавий гуруҳларнинг осон ҳаракатланишини таъминлаш мақсадида сотиб олинган.

“Автомобиллар нурланувчи портал мониторларни назорат қилиб туришга имкон яратади, чунки биз таъмирлаш ва тузатиш ишларини олиб боришимиз учун чегараларга тез‑тез боришимизга тўғри келади, баъзан асбоб-ускуналарни олиб кетишимиз мумкин ёки фавқулодда ҳолатлар рўй бериб қолади, шундай пайтларда бу автомобиллар муҳим вазифани бажаришда жуда қўл келади”, деди Ўзбекистон Республикаси Фанлар Академияси Ядро физикаси институти директори Умар Солиҳбаев.  Тақдимот маросимида элчи Крол Ядро физикаси институти ва у олиб бораётган фаолиятни олқишлаб, шундай деди: “АҚШ ва Ўзбекистон трансмиллий таҳдидлар, жумладан, халқаро терроризм ва оммавий қирғин қуроллари тарқалишига қарши курашда ҳамкордирлар. Қурол-яроқ тарқалиши ва ноқонуний материаллар савдоси нафақат икки мамлакатларимиз, балки бутун дунё олдида турган муаммо саналади. Шу маънода Ўзбекистон Ядро физикаси институти амалга ошираётган ишлар биз яшаб турган дунёни хавфсизроқ жойга айлантиришда муҳим аҳамиятга эгадир”.

АҚШ Давлат Департаменти томонидан бошқариладиган Экспортни назорат қилиш ва чегара хавфсизлиги дастури оммавий қирғин қуроллари, уларни етказиб бериш тизимлари ҳамда шунга боғлиқ технологиялар ва бошқа қуроллар тарқалишини тўхтатишга ёрдам бериш мақсадида тузилган. Ўзбекистондаги дастур ядро қуролини тарқатмасликка қаратилган кенг кўламли экспорт назорати бўйича кўмакни, лицензиялаштириш, ҳуқуқий/норматив техник семинарлар ўтказиш, жиҳозлар билан таъминлаш, чегара назорати ва ҳуқуқ‑тартибот идоралари ходимларига тренингни ўз ичига олади.

2000 йилнинг апрелида йўлга қўйилганидан буён, Экспортни назорат қилиш ва чегара хавфсизлиги дастури Ўзбекистон ҳукуматини 20 миллион долларлик асбоб-ускуна ва тренинг, шу жумладан, алоқа воситалари, кузатув ва детектор мосаламалари ҳамда транспорт воситалари билан таъминлади.

Tashkent, Press Center.