АҚШда қанча ўзбекистонлик тадбиркор бор?

Сўнгги йилларда иммигрантлар ушбу мамлакатнинг иқтисодиётида ҳаракатлантирувчи кучдан бирига айланиб бормоқда. Иммигрантлар нафақат иш кучи, турли ташаббус ва ғоялар муаллифлари, балки бизнес тараққиётида ҳам катта ўрин эгаллашмоқда.

АҚШдаги Fiscal Policy Institute (FPI) ҳузуридаги иммиграция тадқиқот маркази директории Дэвид Каллик «аксарият америкаликлар Қўшма Штатлар иқтисодий ҳаётида, айниқса, кичик бизнесни ривожлантиришда иммигрантларнинг ролини тасаввур ҳам қилиша олмайди», деб қайд этгани бежизга эмас. Чунки мазкур тадқиқот маркази олиб борган изланишлар шуни кўрсатадики, иммигрантлар АҚШда кичик бизнесни ривожлантиришнинг асосий омилларидан ҳисобланади. Аниқланишича, АҚШда ўз бизнесини йўлга қўйиш истаги америкаликлардан кўра иммигрантларда анча кучли экан.

Тадқиқот маркази маълумотларига қараганда, 2010 йилда ҳар олти кичик бизнес эгасининг биттаси иммигрант бўлиб, АҚШ ҳудудидан ташқарида туғилган. Бу кичик бизнес вакилларининг 18 фоизини иммигрантлар ташкил қилади. Нью-Йоркда эса 48 фоизи иммигрантлардир. Бунда, ўз навбатида, АҚШ аҳолисининг қарийб 13 фоизини иммигрантлар ташкил қилишини унутмаслик лозим. Бундан йигирма йил бурун иммигрантлар сони мамлакатда бор-йўғи 8 фоизни ташкил қиларди. Ўшанда ҳам кичик тадбиркорларнинг 12 фоизи иммигрантлар эди.

Тадқиқот марказининг баҳолари айни чоғда тадбиркорлар фаолияти тадқиқ қилиб борувчи Kauffman Index of Entrepreneurial Activity ташкилоти баҳоларига ҳам мос келади. Унга кўра, 2010 йилда ҳар ойда 100 минг нафар иммигрантнинг 620 нафари ёки ўртача 0,6 фоизи ўз бизнесини йўлга қўйган бўлса, бу америкаликлар орасида ҳар 100 минг кишига 280 кишини ёки 0,3 фоизни ташкил қилган.

Агар 2009—2010 йилларда иммигрантлар орасида кичик бизнесни очганлар кўпайган бўлса, АҚШ фуқаролари орасида тадбиркорлик даражаси анча пасайган. Гарчи Yahoo, Google сингари йирик корпорациялар пайдо бўлишида ҳам иммигрантлар анча фаоллик кўрсатишган бўлса-да, барибир кичик бизнес иммигрантлар бирмунча фаол ва ташаббускордир. Улар йирик супермаркетлар ва онлай-савдо қилувчи компаниячлар томонидан кучли рақобатга қарамасдан фойда кўришда давом этишмоқда. 2007 йилда бу кўрсаткич 776 миллиард долларни ташкил этгани ҳам фикримизни тасдиқлайди. Бугунги кунда иммигрантлар очган тадбиркорлик субъектларида 5 миллион нафардан ортиқ киши ишламоқда.

АҚШда иммигрантлар кесимида қуйидаги миллатлар кичик бизнес юритишда фаоллик кўрсатишади:

Мексика — 105247 нафар кичик бизнес эгаси

Корея — 65073

Ҳиндистон — 62529

Куба — 35769

Хитой — 34181

Вьетнам — 31283

Канада — 27648

Эрон — 25289

Филиппин — 19788

Польша — 17448

МДҲ мамлакатлари, шу жумладан, Ўзбекистонлик тадбиркорлар ҳам АҚШда йил сайин кўпаяётган бўлса-да, уларни етарли даражада ошиб бормоқда, деб бўлмайди. Уларнинг аксарияти савдо-сотиқ ва хизмати кўрсатиш тармоқларида бўлиб, ҳамюртларга ва бошқаларга хизмат кўрсатиб келмоқда. Умид қиламизки, ўзбекистонлик тадбиркорлар АҚШда янада кўпаяди.