Лондон Олимпиадасига оид қизиқарли фактлар

Яна саноқли кунлардан кейин Англия пойтахти Лондон шаҳрида ХХХ ёзги Олимпиада ўйинларига старт берилади. 27 июлдан 12 августга қадан давом этадиган тўрт йилликнинг нуфузли мусобақасига дунёнинг 203 давлатидан 16 минг спортчи ва делегация аъзолари ташриф буюради.

1. Лондон Олимпия ўйинлари тарихида уч марта мазкур мусобақалар ўтказилган ягона шаҳар сифатида тарихга кирмоқда. Ушбу шаҳарда бндан олдин 1908 ва 1948 йилларда ҳам ёзги Олимпиада ўйинлари бўлиб ўтган эди.

2. Лондон Олимпиадаси ташкилотчилари ушбу маросимни имкон қадар камчиқим қилиб ўтказишга интилишмоқда. Ўтган вақт мобайнида ярим миллионга яқин дарахт кўчатлари ўтқазилди, мусобақа учун атайлаб қурилган иншоотларнинг 75% фоизидан кейинчалик турар жой сифатида фойдаланилади, мусобақа иштирокчилари эса одатдагидай енгил машинада эмас, балки Лондон метросида ҳаракатланишади. Чиқиндиларнинг катта қисми қайта ишланади, утилизация қилинмайдиган материаллар эса электроэнергия ишлаб чиқаришга йўналтирилади.

3. Олимпия-2012 стадиони 80 000 минг кишига мўлжалланган бўлиб, Олимпиада ўйинлари тарихидаги энг енгил ўйингоҳга айланди. Уни қуришга 10 000 тонна атрофида пўлат ишлатилди. Бу эса мазкур ўйингоҳни Пекиндаги Олимпиада стадионидан 75%га енгилроқ бўлишини таъминлади.

4. Лондон Олимпиадасига McDonald’s ўзининг энг йирик ресторанини очди. Икки қаватли ушбу катта бинода бир вақтнинг ўзида 1500 нафар хўррандага хизмат кўрсатилади. Бунинг учун ресторанган 500 нафар ишчи жалб қилинган. Спорт ўйинлари чоғида McDonald’s нинг яна учта ресторани хизмат кўрсатади. 6 ҳафтадан кейин, яъни Олимпиада тугагач уларнинг бари бузиб ташланади. Лекин у ердаги мебел ва ускуналарнинг аксарияти бошқа ресторанларга фойдаланиш учун юборилади.

5. Олимпиада-2012 эмблемаси Wolff Olins компанияси томонидан ишланган бўлиб, унга 400 000 фунт стерлинг сарфланди. Бироқ ушбу эмблема кетма-кет танқидларга учрамоқда. Баъзи кишиларнинг фикрича логотип хочни эслатиб юбормоқда. Эрон эса ушбу эмблема «Zion» сўзига (Қуддус сўзининг синоними) ўхшаб қолгани учун мусобақага нисбатан бойкот эълон қилмоқчи ҳам бўлди.

6. Олимпиада туморлари аслида ёшларни спорт билан шуғулланишга чорлаши керак, лекин кўпчилик одамлар Лондон мусобақаси учун танлаб олинган туморлар болаларни чўчитиб юборишидан хавфсирамоқдалар. Ўйин туморлари сифатида бир кўзли – Венлок ва Мандевил исмли персонажлар танлаб олинган. Олимпиада ташкилотчилари таклиф этилган кўпчилик туморлардан воз кечиб айнан мана шу иккита “мавжудот”га келиб тўхташди. Ваҳоланки уларнинг ихтиёрида анимацион чойнак, момиқ шер болалари, Трафальгар майдони кабутарлари ва қўл-оёқли Биг Бен минораси каби бошқа вариантлар ҳам бор эди.

7. Лондон Олимпиадаси ва Паралимпия ўйинлари учун 4700 дона медал зарб қилинди. Ушбу медаллар Олимпиада тарихидаги энг оғир медал бўлиб тарихга киради. Ҳар бир медалнинг оғирлиги 400 граммгача етади.

8.Июн ойи охиригача 7 миллиондан орқтиқ, яъни 80 фоиз чипталар сотиб бўлинган. Очилиш маросимини энг қулай жойда ўтириб кузатиш учун 2000 фунт стерлингдан кўпроқ пул тўлашга тўғри келади. Энг арзон чиптанинг баҳоси 20 фунт стерлинг. Чипта сотиб ололмаган томошабинлар шоссе велоспорти, триатлон, югуриш марафони ва спортча юриш спорт турларини кузатиш имкониятига эга бўлишади.

 

Манба: darakchi.uz