Сиз интернетга ишонасизми?

Бугунги кунда интернет ҳаётимизнинг барча жабҳаларини қамраб, усиз турмушимизни  тасаввур қила олмаймиз. Гарчи одамлар орасида интернетмания тобора кенгайиб, ижтимоий тармоқлар таъсири кучайиб бораётган бўлса-да, интернетга шубҳа билан қараётганлар кўпчиликни ташкил қилар экан.

Mashable  сайтининг Harris Interactive тадқиқотларига таяниб ёзишича, америкаликларнинг аксарияти интеренетдаги ахборотларга кўп ҳам ишонавермас экан.

Тадқиқотда 1900 нафар киши иштирок этиб, уларнинг 98 фоизи интернетдаги ахборотлар шубҳа билан қарайди. Респондентларнинг 94 фоизи интернетдаги нотўғри фойдаланиш ёмон оқибатларга олиб келишидан ҳавотирланишини қайд этган.

Америкаликларнинг интернетга ишончсиз қарашига қуйидаги омиллар сабаб бўлмоқда:

  • 59 фоиз респондентлар рекламаларнинг жуда кўплигидан нолишган;
  • 56 фоиз респондентлар интернетда аксарият ахборотларнинг эскилигидан ёзғиришган;
  • Ахборотлар ўзини тарғибот қилишдан иборат (53 фоиз)
  • Нотаниш форумлар (45 фоиз)

67 фоиз респондентлар эса интернетда вақти беҳуда  кетишини қайд этишган бўлса, қолганлар (63 фоиз) компьютерига вирус тушишидан хавфсирар экан. 51 фоизи пулини йўқотишидан, яна шунчаси фирибгарлик қурбони бўлиб қолишдан қўрқар экан.

Ўзбекистонда ҳам интернет маданияти аста-секин шаклланиб бораётган бўлса-да, буни юқори даражада деб бўлмайди. Бошқа оммавий ахборот воситалари медиа-маконда суст ҳаракат қилиши ўзбекистонликлар орасида интернетга бўлган ишончнинг юқоришини таъминламоқда.

Лекин давлат муассасаларида интернет, шу жумладан, ижтимоий тармоқлар ёшлар онгига салбий таъсир кўрсатиши жиддий муҳокама қилинаётир. Чунончи, яқинда Тошкентда глобаллашув жараёнлари ва ёшларнинг ижтимоий тармоқлардан фойдаланиш маданиятига бағишланган давра суҳбатида ҳам ушбу масалалар муҳокама қилинди.

Ўзбекистон алоқа ва ахборотлаштириш агентлиги мутахассислари, олий ўқув юртлари профессор-ўқитувчилари ва тадқиқотчилар, экспертлар ҳамда журналистлар иштирок этган тадбирда глобаллашув жараёни чуқурлашаётган, инсон онгини эгаллашга интилиш тобора кучаяётган ҳозирги шароитда ёш авлодни ижтимоий тармоқлардаги салбий ахборотлардан асраш муҳим вазифа эканлиги қайд этилади.

Чунончи, Фуқаролик жамияти шаклланишини мониторинг қилиш мустақил институти ёшлар ўртасида ушбу масалаларга оид махсус социологик тадқиқот ўтказди. Унда йигирмага яқин олий ўқув юрти талабалари иштирок этди. Ушбу тадқиқотга кўра, ҳозирги ёшлар глобал ахборот тармоғидан асосан маълумот олиш мақсадида фойдаланадилар. Экспертларнинг фикрича, ёшларнинг кўп ахборотга эга бўлиши уларнинг билим ва дунёқарашини юксалтиради. Бироқ айрим ёшлар хорижий сайтларга мурожаат қилаётгани маълум бўлди. Бу миллий сайтларимизни ривожлантириш ва интернетда ёшларимизнинг қизиқишига мос маълумотларни кўпайтиришни тақозо этади.

Албатта, биз хоҳлаймизми-йўқми, интернет ҳаётимизнинг бир қисмига айланиб улгурди. Ундан самарали фойдаланиш, албатта, ҳар бир шахснинг қобилиятига боғлиқ. Жамият эса миллий медиа-маконни яратмоғи, уларнинг контентини бойитиши керак бўлади. Бу анча мақбул ва тўғри йўлдир.