Лутфулла Тўраев: «Чемпион бўлишдан кўра, уни сақлаб қолиш қийин…»

 Мамлакатимизнинг амалдаги чемпиони «Бунёдкор» гарчи барқарор ўйин намойиш этолмаган бўлса-да, мавсум экваторига пешқадам сифатида етиб келди.

Бундан ташқари, Миржалол Қосимов шогирдлари Осиё Чемпионлар Лигаси ва Ўзбекистон кубоги турнирларида ҳам қз иштирокларини давом эттиришмоқда. «Қалдирғочлар»нинг ушбу муваффақиятларида ярим ҳимоячи Лутфулла Тўраевнинг ҳам муносиб ҳиссаси бор. У пойтахтликлар таркибига шу мавсум қўшилган бўлса-да, қисқа вақт ичида етакчига айланиб, ўз голлари ва самарали тўп оширишлари билан жамоаси ютуқларига ўз улушини қўшяпти.

  – Лутфулла, жамоангизнинг жорий мавсумда намойиш этаётган ўйин-лари борасида нима дея оласиз?

– Мавсумлар оралиғидаги танаффусга пешқадам сифатида етиб келдикми, демак, натижани ижобий баҳолаш мумкин. Шунингдек, Осиё Чемпионлар Лигаси ва Ўзбекистон кубогида ҳам курашни давом эттиряпмиз. Демак, ҳозирча ҳаммаси жойида.

– Бироқ «Бунёдкор» миллий чемпионатимиз баҳсларини олдинги мавсумлардаги сингари бир текис ўтказолмаяпти. Масалан, 4-турдаёқ мағлубиятга учради («Навбаҳор», 1:2). Буни қандай изоҳлайсиз?

– Хабарингиз бор, жамоамиз ОЧЛнинг «Е» гуруҳида шарқий Осиё клубларига қарши кураш олиб борди. Рақибларимиз орасида ҳатто, Австралиянинг «Аделаида Юнайтед» клуби ҳам бор эди. Албатта, узоқ давом этган парвозлар, шунингдек, ҳар уч кунда майдонга тушиш баҳсларимизга ўз таъсирини ўтказмай қолмади. Натижада барқарор ўйин намойиш этолмадик. Бундан ташқари, бу йилги ички биринчилигимизда кутилмаган натижалар кўп қайд этилмоқда. Назаримда жорий мавсумда яққол аутсайдер клуб йўқдай. Шунингдек, маълумки, чемпион бўлишдан кўра, уни сақлаб қолиш қийин, деган гап бор. Шу сабабли, бошқа жамоалар клубимизга қарши ўзгача руҳда майдонга тушишади. Шу тарафларни ҳам ҳисобга олиш лозим, менимча. Бундан ташқари, жамоамизнинг чемпионлик йўлидаги асосий рақобатчилари бўлган «Насаф» ва «Пахтакор» клублари ҳам очко йўқотишяпти.

– 12-тур доирасидаги «пойтахт дербиси»да жамоангиз «Пахтакор»ни илк марта икки тўп фарқи билан мағлубиятга учратди (2:0). Бунга қандай эришдинглар?

– «Пахтакор»га қарши кечадиган принципиал баҳснинг аҳамиятини барчамиз яхши тушунамиз. Бундай ўйинларга алоҳида тайёргарлик кўриш шарт эмас. Бунгача «Машъал» ва «Насаф» клублари таркибида «воҳа дербиси»да иштирок этган ва бундай баҳсларнинг нечоғлик муҳим эканлигини яхши билардим. Шу сабабли, майдонга барчамиз кўзимиз ёнган ҳолда тушиб, «шерлар»ни мағлубиятга учратишга муваффақ бўлдик. Ўз навбатида таъкидлаш жоизки, «пахтакорчилар» ҳам бизга муносиб қаршилик кўрсатишди. Аммо ҳимояни мустаҳкам ушлаганимиз, шунингдек, дарвозабонимиз Игнатий Нестеровнинг фаол ҳаракатлари эвазига 2:0 ҳисобида ғалаба қозонишга муваффақ бўлдик.

 «Пойтахт дербиси» воҳаникидан нимаси билан фарққилади?

– Ҳар икки дерби баҳслари ҳам муросасиз ва томошабоплиги билан ажралиб туради. Қашқадарё клублари турнир жадвалида қайси поғонани эгаллаб туришганидан қатъий назар, дерби учрашувларига ўзгача руҳда майдонга тушишади. «Пойтахт дербиси» ўйинларида асосан чемпионлик учун кураш кечса, «воҳа дербиси»да жамоалар навбатдаги ғалабани қайд этишга ҳаракат қилишади.

– Жамоангиз ОЧЛда кучли гуруҳдан жой олганлигига қарамай, «плей – офф» йўлланмасини қўлга киритди. Бу муваффақиятнинг асосий омили нимада?

Қуръа натижалари эълон қилингандан кейиноқ кўпчилик бизни аутсайдерга чиқариб, гуруҳдан чиқишимизга ишонмаганди. Чунки гуруҳимиздан кучли жамоалар жой олишганди. Лекин тахминларга терс ўлароқ, баҳсларни ишончли тарзда ўтказиб, нимчорак финал иштирокчисига айландик. Эсингизда бўлса, ОЧЛнинг 2-турида Жанубий Кореяда «Поханг Стилерс»ни 2:0 ҳисобида мағлубиятга учратгандик. Шундан сўнг ўзимизга бўлган ишонч янада ортди ва кўп имкониятларга эга эканлигимизни тушуниб, кейинги ўйинларда ҳам майдонга ғалаба иштиёқида тушдик. 1|8 финалда Кореянинг яна бир жамоаси – «Сеонгнам Ильва Чунма» доғда қолдирилди.

– Нимчорак финалда яна жамоангизга гуруҳдаги эски таниш – «Аделаида Юнайтед» рақиб бўлади. Австралияликлар билан кечадиган навбатдаги тўқнашув борасида нима дея оласиз?

– Ҳар бир учрашувда ўз олдимизга юксак мақсадларни қўйиб, майдонга тушамиз. ОЧЛда ҳам ғолиб чиқиш учун бор имкониятимизни ишга соламиз. Дарҳақиқат, «Аделаида»нинг имкониятларини яхши биламиз. Гуруҳ баҳсларида австралияликларга қарши кечган ўз майдонимизда илк учрашувда мағлубиятга учрагандик (1-тур, 1:2). Ўшанда ҳали бизда миллий чемпионат баҳслари старт олмаганди. Аделаидада эса дуранг қайд этгандик (0:0). Бу сафар австралияликлар худди шундай ҳолатга тушишади, яъни чорак финал баҳслари бошланганида, «яшил қитъа»да ички биринчилик энди старт олган, бизда эса қизғин паллага кирган бўлади. Бундан ташқари, нуфузли турнирда финалгача етиб борсак, ҳал қилувчи баҳсни ўз майдонимизда ўтказамиз. Бу ҳам кучимизга – куч қўшади.

– Миллий терма жамоамизга номзод футболчи сифатида, бош жамоамизнинг ЖЧ-2014 йўлланмасини қўлга киритиш имкониятларини қандай баҳолайсиз?

– Тўғри, ЖЧ-2014 саралаш турнирининг ҳал қилувчи босқичидаги дастлабки иккита баҳсда бор-йўғи бир очко олдик, холос. Аммо олдинда яна олтита ўйин бор ва уларда иложи борича максимал натижаларга эришишга ҳаракат қиламиз.

– Терма жамоамиз бош мураббийи Миржалол Қосимов сизнинг қандай ўйин намойиш этишингизни яхши билади. Шу боис жамоамиз таркибидан жой олиш имкониятингиз бошқаларга қараганда яхшироқ. Шундайми?

– Бундай деб ўйламайман. Тўғри, «Бунёдкор»да тўп сурганлигим боис, Миржалол Қўшоқович имкониятларимни яхши билади. Бироқ бу терма таркибидан доимо ўрин олишимга кафолат бўлолмайди. Бош жамоада мамлакатнинг энг яхши футболчилари ўйнашлари керак. Шундан келиб чиқадиган бўлсам, кимнинг жисмоний ҳолати яхши бўлса, ўша терма жамоадан чақирув олиши мумкин.

Маълумот учун
Лутфулла Тўраев
Туғилган санаси: 1988 йил 30 март, Сирдарё вилояти, Ховос тумани
Футбол билан 10 ёшидан шуғулланишни бошлаган
Биринчи мураббийи: А. Диливрон
Янгиердаги футбол мактаби ва «Машъал» академиясида таҳсил олган
Амплуаси: ярим ҳимоячи
Ўйнаган жамоалари: «Машъал» (Муборак) – 2004-2008; «Насаф» (Қарши) – 2009-2011; 2012 йилдан «Бунёдкор»да.

Манба: “ИнтерФУТБОЛ” газетаси.