“МТС—Ўзбекистон” яна уч ой ишламайди

Шу йилнинг 30 июлида Тошкент шаҳар хўжалик суди “МТС-Ўзбекистон” мобиль алоқа операторининг лицензиясини тўхтатиб туриш муддатини яна 3 ойга чўзиш тўғрисида қарор қабул қилди.

 Хўжалик судининг мазкур қарори “Фаолиятнинг айрим турларини лицензиялаш тўғрисида”ги Ўзбекистон Республикаси Қонунининг 22-моддасига биноан, шунингдек Вазирлар Маҳкамасининг 2000 йил 22 ноябрдаги қарори билан тасдиқланган Телекоммуникациялар соҳасидаги фаолиятни лицензиялаштириш тўғрисидаги низомга мувофиқ, аниқланган қонунбузарликларни бартараф этиш бўйича лицензия берувчи органнинг қарорларини лицензиат томонидан бажармаганлик учун қабул қилинди.

 Шуни алоҳида қайд этиш керакки, “O‘ZDUNROBITA” МЧЖ ХК лицензияси Ўзбекистон Алоқа ва ахборотлаштириш агентлигининг 2012 йил 17 июлдаги буйруғи билан лицензияси 10 иш кунига тўхтатилганди.

 Ўз навбатида, “Ўздунробита” ХК  шу йилнинг йилнинг 18 ва 24 июлида Ўзбекистон Алоқа ва ахборотлаштириш агентлиги буйруғида кўрсатилган қонунбузарликлар бартараф этилгани ҳақида ёзма шаклда хабардор қилиб, тармоқ фаолиятини тиклаш мақсадида лицензия фаолиятини тиклаш тўғрисида қарор қабул қилишни сўраб, мурожаат қилган.

 Тегишли идоралар мутахассислари томонидан олиб борилган мониторинг жараёнида компания томонидан Буйрукда кўрсатилган Тошкент шаҳри ва Тошкент вилоятидаги учта радиореле линияси оралиғининг ноқонуний фаолияти деярли тўхтатилмаганлиги аниқланган. Ушбу аниқланган фактлар компания томонидан Давлат алоқа инспекцияси кўрсатмалари ва Ўзбекистон Алоқа ва ахборотлаштириш агентлиги буйруғини писанд қилмаслигидан далолат беради, дейилади Агентлик расмий сайтида жойлаштирилган баёнотда.

 Бу ҳолат, амалдаги қонунчиликка кўра, лицензиат томонидан лицензия фаолиятини тўхтатишга олиб келган ҳаракатларнинг бартараф этилмаслиги сифатида квалификация қилинади.

 Шу муносабат билан Тошкент шаҳар хўжалик суди мазкур лицензия фаолиятини тўхтатиш муддатини 3 ойга чўзишга қарор қилди.