“Анжи” марафонни ғалаба билан бошлади.
Европа лигаси саралаш босқвичи доирасидаги “Анжи” ва “Гонвед” жамоалари ўртасидаги учрашув якунланди. Унда махачқалъаликлар минимал ҳисобда ғалаба қозонишди. Учрашувдаги ягона гол Жусилей ҳисобига ёзилди. У Аҳмедов томон узатилган тўпга зарба берди ва тўп йўл-йўлакай ҳимоячига тегиб, ўз йўналишини ўзгартирди ва дарвоза тўридан жой олди. Бутун учрашув давомида Одил ўта фаол ҳаракат қилди ва жамоасининг ғалабасига муносиб ҳисса қўшди. У вазиятда тўпни Траорега ўта қулай тарзда етказиб берган эди, бироқ ҳужумчи уч-тўрт метр масофадан дарвозани ишғол эта олмади. Шу тариқа, “Анжи” дастлабки учрашувни ғалаба билан якунлади. Барчаси жавоб ўйинида ҳал бўлади.
Одил Аҳмедов энди 6-рақамда ўйнайди.
Хабарингиз бор, Одил Аҳмедов “Анжи” сафида 25-рақамли футболкада ҳаракат қилаётганди (у “Пахтакор”да ҳам айнан шу рақам остида ўйнаган). Янги мавсум (2012/2013)да эса ҳамюртимиз 6-рақамда тўп сурадиган бўлди. Кеча бўлиб ўтган “Анжи” – “Гонвед” ўйинида Аҳмедов айнан олтинчи рақамли футболкада ҳаракат қилди (юқоридаги суратга қаранг). Ўтган йили 6-рақамли футболка Муборак Буссуфага тегишли бўлганди (у энди 20-рақамни танлади).
Шунингдек, “Анжи” – “Гонвед” ўйини пайтида Махачқалъадаги стадионда Одил Аҳмедовни қўллаб-қувватлаб турувчи баннер мухлислар томонидан кўтарилди. Унда қуйидаги ёзувлар бор: “Бутун Ўзбекистон “Анжи”га, Аҳмедовга мухлислик қилади” (“Весь Узбекистан за Анжи! За Ахмедова!”).
Манба: www.stadion.uz.