Москвада меҳмонларга палов етмай қолди

Россиянинг “TV-MIX” халқаро интернет телеканалида “Александра Македонская билан саёҳат. Ўзбек палови” махсус репортажи намойиш этилди. Москванинг қадимий архитектура ёдгорлиги “Гостиный двор”да ўтказилган 12-Халқаро саёҳат ярмаркаси доирасида ўзбек паловини тайёрлаш бўйича маҳорат дарси мазкур репортажнинг марказий мавзусига айланди. Шуни алоҳида таъкидлаш керакки, маҳорат дарси Ўзбекистон Республикасининг Москвадаги элчихонаси ва Россиянинг “В мире фантазий” сайёҳлик компанияси билан ҳамкорликда ўтказилди.

“TV-MIX” телеканали мухбири А.Македонская ошпаз Саидкарим Аминов томонидан ўтказилган ушбу қизиқарли ошпазлик шоусида бўлиб, кўрганлари уни лол қолдирган.

«Жаҳон» ахборот агентлигининг ёзишича, оммабоплиги бўйича ўзбек таомлари Москвада етакчи ўринлардан бирини эгаллайди. Шу сабабли бундай тақдимотлар, маҳорат дарслари ва палов ярмаркалари ҳар доим оддий москваликлар, ҳам профессионал ошпазлар томонидан катта қизиқиш билан кутиб олинади.

Бироқ бошловчининг фикрича, ҳақиқий паловни фақат ўзбек ошпазигина тайёрлай олиши мумкин, у тайёрлаган палов майинроқ ва ҳар қандай тансиқ таомдан ҳам мазалироқ чиқади. Шу боис Москвада ўзбек ошпазлари иштирокида шундай тадбирлар ўтказилганида, бу ерга келувчилар ва паловдан татиб кўришни истовчилар учун одатда жой қолмайди, деб ёзади ca-news.org сайти.

Лавҳада палов одамларни бир дастурхон атрофида йиғадиган, оилани мустаҳкамловчи, яхши кайфият ва кўнгил хотиржамлигини бағишловчи таом экани таъкидланади.